Ҳудудлардаги илк инновацион кўргазма Андижон вилоятида ўтказилмоқда

0
151

Жорий йилнинг 25 февраль куни Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалигида инновациялар йўналишида Андижон инновацион ғоялар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирнинг расмий очилиш маросимида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Ҳиндистоннинг Гужарат штати вакиллари иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси, шу жумладан Гужарат штати ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирда “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ бош директори бошчилигида илмий ходимлар жамоаси ҳам иштирок этишди ҳамда соҳага оид илмий янгиликлар билан яқиндан танишиб уруғлик чигит цехлари учун зарур бўлган ишланмалар бўйича фикр алмашинишди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов республикада илк ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмаси айнан Андижонда ўтказилиш сабаби ҳақида гапирар экан, Президентимиз мева-сабзавотчилик кластерларини тузиш бўйича берган топшириқларини ўрганиш давомида жуда кўп ғоялар, инновациялар халқимиз, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар қўлида эканига гувоҳ бўлиб, уларнинг намойишини ташкил этиш ғояси чиққанини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқиб Андижон вилоятининг Марҳамат туманида Андижон тажриба-кўргазма майдони ташкил этилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилганини гапириб ўтди.

– Ўзбекистонда илк бор республиканинг ҳудудий инновацион ғоялар ярмаркаси Андижонда ташкил этилаётгани вилоятимизнинг илмий ва амалий салоҳиятига алоҳида эътибор деб биламан, – деб айтди Ш.Абдураҳмонов.

Шундан сўнг меҳмонлар инновацион кўргазмага тақдим этилган лойиҳа ва ишланмалар билан яқиндан танишиб, мутахассислар билан суҳбат қилдилар.

0

Publication author

offline 2 months

admin

0
Comments: 0Publics: 1039Registration: 14-08-2014