Илмий марказ тарихи

      “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг  ташкил этилиши Ўзбекистон учун энг қадимги ва анъанавий бўлган пахтани дастлабки ишлаш соҳасининг тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда   Республикамиз Президенти ва Ҳукуматимизнинг  соҳага  эътибори, уни техник қайта жиҳозлаш, илмий ва кадрлар потенциалини кучайтириш дастурларига кўра  саноат замонавий даражага эришди ва ҳозирда мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин  эгаллайди. Ўз фаолиятининг ўтган йиллари даврида Илмий Марказ жамоаси мамлакатимизда пахтани дастлабки ишлаш соҳасининг техника ва технологияси тўғрисидаги илм-фан ривожига катта ҳисса қўшди. Илмий Марказ олимлари, мутахассислари, лойиҳачиларининг бевосита иштирокида пахта тозалаш корхоналари учун зарур барча маҳаллий ускуналар яратилди, синаб кўрилди ва жорий этилди. Узоқ 20-чи йилларда эса Туркистонда 1917 йилгача мавжуд бўлган 296 майда пахта заводларидан атиги 35 –таси ишлар эди.  Ўша даврда пахта тозалаш корхоналари учун  барча зарур ускуналарнинг етказиб берувчиси АҚШ бўлганлиги ва бу мамлакат билан савдо алоқалари издан чиққанлиги ва республикамизда етарли валюта маблағларининг бўлмаганлиги сабабли саноатни тиклашга имкон бермасди. Юзага келган вазиятдан фақатгина ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда имкон топиш ўта муҳим эди.

      Ва шундай имконият топилди ҳам.1926 йилнинг август ойида Москвада бўлиб ўтган Умумиттифоқ пахтачилик йиғилишида Тошкент шаҳридаги “Ўзбекпахта” га қарашли, революция йилларида сақланиб қолган 50-сонли заҳира заводи илмий муассаса вазифаларига эга бўлган Умумиттифоқ аҳамиятидаги Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

       1927 йили  Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига қўшимча равишда пахта тозалаш корхоналари учун  ускуналар етказиб беришга йўналтирилган илк машинасозлик заводи ишга туширилди. 1926-36 йиллар давомида тажриба пахта тозалаш заводи жамоасининг мутахассислари соҳанинг маҳаллий пахтачилик  машинасозлиги ва пахта тозалаш саноатини яратиш юзасидан катта  ишларни амалга оширди. Бу даврда тажриба пахта тозалаш заводида амалдаги ускуналарнинг иш тезлигини ошириш ҳисобига  иш унумдорлигини кўтариш юзасидан илмий тадқиқотлар ўтказила бошланди, биринчи маҳаллий жин ва линтерларни яратиш ҳамда винтли пресслардан гидравлик прессларга ўтиш  бўйича тавсиялар ишлаб чиқила бошлади. 1928 йилдан бошлаб пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини узатишда пневматик узатиш тизими жорий этила бошлади, бу эса оғир қўл меҳнатини жараёнларини механизациялашнинг бошланиши бўлди. Бу ишлар мамлакатимизнинг техник мустақиллигига  эга бўлишнинг бошланишига ва соҳа корхоналарини босқичма-босқич  маҳаллий ускуналар билан жиҳозлаш имкониятини берди. Фаолиятининг 10-чи йилида Биринчи тажриба пахта тозалаш заводи СССР Совнаркомининг 05.04.1936 йилдаги Қарори билан мамлакат пахта тозалаш соҳасида биринчи ва ягона бўлган Марказий илмий-тадқиқот институти (“ЦНИИХПром”) га айлантирилди.




Иш ҳажмлари тобора ортиб борди. 1936-40 – йилларда лаборатория таҳлиллари учун биринчи маҳаллий асбоблар яратилади, пахта хом ашёси ва пахта толасини  навларга ажратиш ва классификациялаш  ишлари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилади. 1941-45 йилларда ускуналар учун зарур бўлган камёб материаллар ўрнига алмашувчиларни излаш ва ишлатиб бўлинган эҳтиёт қисмларни реставрациялаш ишлари оллиб борилди, пахта тозалаш корхоналарининг  дизел  ускуналари учун паст навли ёнилғиларидан фойдаланиш усуллари ишлаб чиқилди. 1946-1950 йилларда республика Ҳукумати томонидан ЦНИИХПромнинг  барча пахта тозалаш корхоналарида сермеҳнат жараёнларни комплекс механизациялаш, шу жумладан пахтани автоматик тарзда пневмотранспорт тизимига узатиш, пахтани қопларга жойлаш ҳамда тойларни вагонларга юклаш ишларини механизациялаш лойиҳалари мақулланди. 1951-54 йилларда институт томонидан амалдаги барча ускуналар такомиллаштирилди ва янги ускуналар – чўткасиз линтер, 6а-12 шнекли тозалагич, БЧ-1 русумли тозалагич, биринчи тасмали транспортерлар ва шнекли тўлдирувчи машиналар яратилди, унумдорлиги 1 арра/соатига 12 килограммгача бўлган бир камерали жин жорий этилди. 1955 йилдан институт  пахта хом ашёсини қабул қилиш ва бунтларга ғарамлаш  механизмларини ишлаб чиқишга киришди. Шу даврда ПЛ русумли таъминлагич  ва пахтани тарасиз қабул қилиш учун тасмали транспортерлар яратилди. ЦНИИХПром лойиҳалари  бўйича  пахта тозалаш  ДСКБ конструкторлари томонидан 2-СБС  ва СХН-3 қуритиш ўрнатмалари,  ЧХ-3М, ОХБ-10 пахта хом ашёси тозалагичлари ва бошқа техникалар лойиҳалаштирилди. Уларнинг барчаси кейинчалик соҳада кенг тарқалди. 1956-1965 йилларда пахта териш машиналарининг  ва пахта хом ашёсининг машина теримини дастлабки ишлаш механизмларининг принципиал янги конструкциялари пайдо бўлди, пахта маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини  баҳолаш учун асбоблар жорий этилди. 1968 йилда соҳада тўлиқ маҳаллий ускуналар жорий этиши билан биринчи марта пахтани дастлабки ишлаш технологик жараёнларининг ягона регламенти ишлаб чиқилди. 1969 йилда барча пахта қабул қилиш масканларида ва пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини тарасиз ташиш ва пахтани қабул қилишда ПЛ русумли таъминлагич, ТЛХ-18 русумли тасмали транспортерлар, ғарам титувчи мосламалардан фойдаланиш билан боғлиқ янги тартиб жорий этилди. Бу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида бутун соҳа бўйича  биринчи марта 10 мингдан ортиқ кишини озод қилиш ва  пахтани қабул қилиш суръатларини ошириш имкони туғилди.

Юқори илмий-техник потенциали ва юқори малакали мутахассислардан иборат жамоаси ҳисобига  50 йилдан сўнг институт  мамлакатнинг йирик илмий марказига айланди. Бу вақтда унинг таркибида Тошкентда экспериментал механик устахоналар, Тошкент вилоятининг Нариманов шаҳарчасда тажриба пахта заводи ва Озарбайжоннинг Кировобод шаҳрида филиали мавжуд эди. Шу вақтда институтда 900 дан ортиқроқ ишчи-ходимлар фаолият кўрсатиб, улардан 230 дан ортиғи илмий ходимлар, шундан 50 киши фан номзодлари бўлган. Институтнинг  ўзининг 50- йиллик юбилейи арафасида 150 – дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари ва патенларига эга эди. 80 –чи йилларнинг бошига келиб соҳада биринчи марта Илмий Марказ, пахта тозалаш Давлат Конструкторлик бюроси (ДСКБ) ва “Ўзпахтамаш” заводининг жамоа муаллифлиги остида  кетма-кет  оқимли ПЛПХ тизимлари ўзлаштирила бошлади. Шу даврда батареяли тола тозалагичлар, намлагичлар, тезкор механизациялаштирилган омборлар, бункер-тўплагичлар, бунтларни ғарамлайдиган машиналар, туннел кавлагичлар, иссиқлик генераторлари ва ҳ.к. лар синала бошланди.

90 –чи йилларнинг бошларига келиб ускуналарнинг тажриба-экспериментал  наъмуналари яратила бошланди ва улар 2000 йиллар саноат техникасига асос солди. 1991-2012 йилларда Илмий Марказ барча пахта тозалаш корхоналарини техник қайта жиҳозлашда, 31 ихтисослаштирилган уруғлик чигитни тайёрлаш цехларини қуришда иштирок этди. Соҳани қайта жиҳозлаш, самарали ва патентланган техник ишланмаларни жорий этиш асосида амалга оширилди. Соҳа илмининг ривожига қуйидаги амалиётчи олимлар ва мутахассислар аҳамиятли улушларини қўшишди: А.Н.Нуралиев, Н.Б.Соркин, Г.А.Кириллов, П.В.Байдюк, С.П.Иванов, А.А.Кассирский. С.Н.Нусратов. Л.И.Кабанов, Х.А.Каримов, А.И. Кригин, В.М.Головин, Э.Б.Малков, Г.Д.Кушнаренко, В.М.Белицкий, Х.К.Давидбоев, Р.М.Каттахўжаев, Г.А.Тихомиров, У.Х.Азизхўжаев, С.У.Саидханов, М.С.Ўрманов, Э.Т.Максудов, М.Ф.Архипов, И.К.Хафизов, В.В.Дьячков, Р.П.Никитин, А.М.Гуляев, З.Х.Касимов, А.Г.Шайдуллин, А.А.Муратов, А.Х.Тиллахўжаев, К.С.Сабиров, А.А.Ахмедов, В.Е.Устюгин, В.Г.Ракипов, А.К.Калимуллин, В.Г.Лейбович, П.Н.Бородин, А.Расулов, Н.З.Камолов ва бошқа  кўплар.

“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти бугунги кунда замонавий илмий-тадқиқот ва тажриба-ишлаб чиқариш базаси бўлиб,  пахта хом ашёсини дастлабки ишлаш ва уруғлик чигитни тайёрлаш учун техника ускуналарини тадқиқот қилиш, лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва синаш йўналишидаги масалаларни ҳал этиш имконига эга. Илмий Марказ пахта тозалаш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш, меъёрий-техник, услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ишларини амалга оширади. Ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида тўплаган потенциали тадқиқотларнинг бу соҳасида келажакда ҳам илғорликни сақлаб қолиш имконини беради.