Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6 март куни давлат ташрифи билан Ашхободга келди.
Таъкидлаш жоизки, бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифидир. Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини баён этган. Президентимизнинг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади.
Халқимиз туркман халқи билан ҳам азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган. Савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган.
Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда. Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил тараққий этмоқда.
Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг бу галги учрашуви Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ашхободнинг Мустақиллик майдонида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради.
Ўғузхон саройида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка музокараси бўлди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик қарор топганини, бу ташриф изчил ривожланиб келаётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келгани учун миннатдорлик билдириб, бу тарихий воқеа мамлакатларимиз ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги мақсад ва ёндашувлари муштараклиги, томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда.
Мамлакатларимизнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштарак эканлиги тасдиқланди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, уни кенгайтириш учун иқтисодиёт тармоқларидаги имкониятларни яна бир бор таҳлил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳукуматлараро тадбирлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувлар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2016 йилнинг сентябрь ва шу йил январь ойларида Тошкентда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишлари бўлиб ўтди.
Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббусининг амалий ифодаси бўлган Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида очиладиган Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.
Музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.
Трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари, спортчилари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. 2016 йил сентябрда Туркманистонда ўзбек киноси кунлари, ноябрда мамлакатимизда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилди.
Мамлакатларимиз сайёҳлик соҳасида ҳам улкан имкониятларга эга. “Буюк ипак йўли” лойиҳаси доирасида ўзаро боғланган саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксалмоқда. Икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва бошқа соҳаларда биргаликда изланишлар олиб бормоқда.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу ташриф икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мамлакатимизда яқинда чоп этилган Махтумқулининг “Элингга бахш айла” деб номланган китобини совға қилди. Туркманистон Президенти китоб энг яхши туҳфа эканини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Халқаро Ахалтеки отлари мажмуаси билан танишдилар. Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига зотдор от совға қилди.
Президентимиз Туркманистон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу хиёбонга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2007 йилда кўчат ўтқазган эди.
Давлатимиз раҳбари Сапармурат Ниёзов мақбарасига гул қўйди. Ўтганларнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА