ПАХТАСАНОАТ ИЛМИЙ МАРКАЗИНИНГ 95 ЙИЛЛИК ТАРИХИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

    Пахтачилик тарихи Ўрта Осиёда бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Қадимги манбаларга кўра, пахтачилик эрамиздан 2000 йил олдин келиб чиққан бўлиб, пахтани дастлабки қайта ишлаш жараёни бир вақтнинг ўзида вужудга келган.

 Собиқ иттифоқ Халқ Хўжалиги Умумиттифоқ Кенгаши қошидаги Бош пахта қўмитасининг 1926 йил 3 сентябрдаги қарори билан Тошкент шаҳрида 50-сонли «Ўзбекпахта» захира заводи негизида Тажриба пахта заводи ташкил этилган.
 1926-1936 йиллар давомида тажриба пахта тозалаш заводи жамоасининг мутахассислари соҳанинг маҳаллий пахтачилик машинасозлиги ва пахта тозалаш саноатини яратиш юзасидан катта ишларни амалга оширган. Бу даврда, тажриба пахта тозалаш заводида, технологик ускуналарнинг иш унумдорлигини кўтариш ва янги машиналар яратиш борасида илмий тадқиқотлар ўтказилган. Биринчи маҳаллий жин ва линтерларни яратиш ҳамда винтли пресслардан гидравлик прессларга ўтиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
Фаолиятининг 10-йилида Биринчи тажриба пахта тозалаш заводи собиқ СССР Совнаркомининг 05.04.1936 йилдаги қарори билан мамлакат пахта тозалаш соҳасида биринчи ва ягона бўлган “Пахта тозалаш саноати марказий илмий-тадқиқот институти” (“ЦНИИХпром”) га айлантирилди.
“Пахтасаноат илмий маркази” (ЦНИИХпром) собиқ иттифоқ Енгил саноати вазирлиги таркибида фаолият юритиб келиб, пахта етиштирадиган республикалар учун пахта тозалаш саноати бўйича ягона илмий муассаса бўлиб келган.
  1936-1940 – йилларда лаборатория таҳлиллари учун биринчи маҳаллий асбоблар яратилди, пахта хом ашёси ва пахта толасини навларга ажратиш ва классификациялаш ишлари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказила бошланди.
 1941-1945 йилларда ускуналар учун зарур бўлган камёб материаллар ўрнига алмашувчиларни излаш ва ишлатиб бўлинган эҳтиёт қисмларни реставрация қилиш ишлари олиб борилди, пахта тозалаш корхоналарининг дизел ускуналари учун паст навли ёнилғилардан фойдаланиш усуллари ишлаб чиқилди.
 1946-1950 йилларда ЦНИИХпром томонидан барча пахта тозалаш корхоналарида технологик жараёнларни комплекс механизациялаш, шу жумладан пахтани автоматик тарзда пневмотранспорт тизимига узатиш, пахтани қопларга жойлаш ҳамда тойларни вагонларга юклаш ишларини механизациялаш бўйича лойиҳалар амалга оширилди хамда жорий қилинди.
 1951-1954 йилларда институт томонидан амалдаги барча технологик ускуналар такомиллаштирилди ва янги технологик ускуналар – чўткасиз линтер, 6А-12 шнекли тозалагич, БЧ-1 русумли тозалагич, тасмали транспортерлар ва шнекли тўлдирувчи машиналар яратилди, иш унумдорлиги 1 арра/соатга 8-10 килограммгача бўлган бир камерали жин жорий этилди. 1955 йилдан институт пахта хом ашёсини қабул қилиш ва бунтларга ғарамлаш механизмларини ишлаб чиқишга киришди. Шу даврда ПЛ русумли таъминлагич ва пахтани тарасиз қабул қилиш учун тасмали транспортерлар яратилди.
  ЦНИИХПром лойиҳалари асосида пахта тозалаш бўйича Давлат ихтисослашган конструкторлик бюроси (ДИКБ) конструкторлари томонидан СБС ва СХН-3 пахта қуритгичлари ЧХ-3М, ОХБ-10 пахта хом ашёси тозалагичлари ва бошқа технологик ускуналар лойиҳалаштирилди. Уларнинг барчаси кейинги йиллар давомида соҳага кенг миқёсда жорий этилди.
 1956-1965 йилларда пахта териш машиналарининг ва пахта хом ашёсининг машина теримини дастлабки ишлаш механизмларининг принципиал янги конструкциялари пайдо бўлди, пахта маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини баҳолаш учун асбоблар-ускуналар жорий этилди.
 1965-1967 йилларда пахта хомашёсини пахта далаларидан пахта тозалаш заводларига ва пахта тайёрлов пунктларига ташиш жараёнини механизациялаштириш бўйича илмий изланишлар олиб борилди ва махсус тележка яратилиб, кенг жорий қилинди. Машинада терилган пахтадан сифатли тола олиш мақсадида самарадорлиги юқори бўлган янги 3ОВП русумли тола тозалаш машинаси яратилди ва кенг миқёсда саноатга тадбиқ этилди. Янги тола тозалаш машинаси учун махсус 1ВЦ русумли вентилятор ишлаб чиқилди. Тола тозалаш машиналаридан ажралиб чиқаётган ҳавони майда заррачали ифлосликлардан тозалаш учун ҳаво сарфлари 3 м3/с, 6 м3/с ва 9 м3/с бўлган янги циклонлар яратилди.
 1968 йилда соҳада тўлиқ маҳаллий ускуналар жорий этиш билан бирга биринчи марта пахтани дастлабки ишлаш технологик жараёнларининг ягона регламенти ишлаб чиқилди ҳамда амалда қўлланилди. 1969 йилда барча пахта қабул қилиш масканларида ва пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини тарасиз ташиш ва пахтани қабул қилишда ПЛ русумли таъминлагич, ТЛХ-18 русумли тасмали транспортерлар, ғарам титувчи мосламалардан фойдаланиш билан боғлиқ янги тартиб жорий этилди. Бу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида бутун соҳа бўйича биринчи марта 10 мингдан ортиқ кишини қўл меҳнатидан озод қилиш ва пахтани қабул қилиш суръатларини ошириш имкони туғилди.
 1970-1973 йиллар давомида пахтани қайта ишлашда чет эл тажрибаларини мукаммал ўрганиш натижасида самарадорлиги юқори бўлган ДП-130 русумли аррали жин яратилди. ЦНИИХпром олимлари томонидан яратилган аррали жин Давлат ихтисослашган конструкторлик бюроси томонидан тайёрланиб, Республика пахта тозалаш заводларида жорий этилди.
 Юқори илмий-техник потенциалли ва малакали мутахассислардан иборат жамоаси ҳисобига 50 йилдан сўнг институт мамлакатнинг йирик илмий марказига айланди. Бу вақтда унинг таркибида Тошкентдаги экспериментал механик устахоналар, Тошкент вилоятининг Нариманов шаҳарчасида, Озарбайжоннинг Кировобод шаҳрида ва Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида тажриба заводлари мавжуд эди. Шу вақтда институтда 900 дан ортиқроқ ишчи-ходимлар фаолият кўрсатиб, улардан 230 дан ортиғи илмий ходимлар, шундан 50 киши техника фанлари номзодлари бўлган. Институтда 15-20 малакали мутахассислардан иборат бўлган конструкторлик бўлими фаолият кўрсатиб келган. Улар томонидан янги яратилган ишланмаларнинг тўлиқ чизмалари чизилган ва намуналари экспериментал механик устахоналарида тайёрланган.
  Институт 1976 йилда ўзининг 50 йиллик юбилейи арафасида 150 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари ва патенларига эга эди. 80-йилларнинг бошига келиб соҳада биринчи марта Илмий Марказ, пахта тозалаш бўйича Давлат ихтисослашган конструкторлик бюроси ва “Ўзпахтамаш” заводининг жамоа муаллифлиги остида кетма-кет оқимли ПЛПХ тизимлари ўзлаштирила бошлади. Шу даврда батареяли тола тозалагичлар, намлагичлар, тезкор механизациялаш-тирилган омборлар, бункер-тўплагичлар, бунтларни ғарамлайдиган машиналар, туннел кавлагичлар, иссиқлик генераторлари яратилди.
 90-йилларнинг бошларига келиб ускуналарнинг тажриба-экспериментал наъмуналари яратила бошланди ва улар 2000 - йиллар саноат техникасига асос солди.
 1991-2012 йилларда Илмий Марказ барча пахта тозалаш корхоналарини техник қайта жиҳозлашда, 31 та ихтисослаштирилган уруғлик чигитни тайёрлаш цехларини қуришда илмий салоҳияти билан амалий ёрдам кўрсатиб келди. Соҳани қайта жиҳозлаш самарали ва патентланган техник ишланмаларни жорий этиш асосида амалга оширилди.
 Пaхтани тайёрлаш пунктларида қабул қилиш, уларни сифат кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда навлари ва сифатларига кўра ғарамлаш ишларини такомиллаштириш устида ҳам кўпгина ишлар олиб борилиб, пахтани тарозихоналарда тортиб олиш, намлиги ва ифлослигини аниқлаш, лабораторияларда уларнинг сифат кўрсаткичларини белгилаш билан уларни ғарамлаб сақлаш юзасидан ҳам илмий ишлар олиб борилиб, тавсиялар ишлаб чиқарилган. Пахтани ғарамларда сақлашни ташкил қилиб, уларнинг ҳолатини назорат қилиш бўйича янги приборлар, жумладан термошупларни яратиб, жойларда уларни жорий қилиш ишлари ҳозирда ҳам давом қилиниб келинмоқда.
 Ўтган йиллар мобайнида, олиб борилган тадқиқотлар натижасида пахта тозалаш корхоналари учун: пахтани териб топшириш, қабул пунктларида пахта хомашёсини тортиб ва ўлчаб қабул-қилиш, унинг лаборатория тахлилларини ўтказиш, сўнгра қабул қилинган пахтани ғарамлаш, сақлаш, қуритиш-тозалаш комплекслари, поток линиялари, жин ва линтер машиналари, тола тозалагичлар, пресс қурилмалари, уруғлик чигит тайёрлаш учун ихтисослаштирилган цехлар, пахта маҳсулотларини ташиш механизмлари, лаборатория приборлари ва бошқалар яратилди
 Пахтани қайта ишлаш техникаси ва технологияларини доимий равишда замонавийлаштириб бориб, уларнинг самарали тизимлари ишлаб чиқилди. Пахтани жинлаш бўйича 4ДП-130,  5ДП-130, 8ДП-90 каби маҳаллий жин машиналаримизни такомилаштириш билан уларни барча корхоналарда самарали ишлатилиши учун илмий асослар яратилди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖда юқори самарадорликка эга бўлган пресс ускунаси яратилиб, тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
2016 йилдан бошлаб, пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлаш масканларида пахтани қабул қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этила бошлади. 2016-2017 йилларда хамма пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлаш масканларига электрон автомобиль тарозилари кенг миқёсда тадбиқ этилди.
Илмий Марказда пахта тозалаш соҳасига оид стандартлар, меъёрий техник хужжатлар, турли йўналишлар бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади ва чоп этилиб пахта тозалаш корхоналарига еткзилиб берилади.
 Асбоб-ускуналарни лойиҳалаш ва саноат дизайни бўлимида барча илмий ишланмаларнинг лойиҳа моделлари, чизмалари тайёрланиб берилади хамда чизмалар устида ҳамкорликда ишлар олиб борилади.
 Илмий Маркази қошидаги «Рим устахонаси» МЧЖ нинг цехларида илмий марказ лабораторияларида яратилган ва синов-тажрибаларидан муваффақиятли ўтказилиб бўлиб, ишлаб чиқаришда жорий қилинишига тавсия берилган илмий ишланмаларнинг намуналари ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиш учун устахонанинг цехларида олимлар иштирокида тажриба намунаси шаклида тайёрланади ҳамда шу ерда биринчи синовлардан ўтказилади ва комиссия хулосаси билан пахта тозалаш корхонасида жорий қилинишга тавсия қилинади.
 Илмий марказда бир қанча перспектив ишланмалар синовлардан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинмоқда. Улар жумласига: пахтани қабул қилишда унинг намлигини «инсон омилисиз» автоматик тарзда ўлчайдиган АВХС, пахтани қабул қилиш пункти лабораториясида пахта намунасини ифлослигини автоматик тарзда ўлчовчи ЛКМ-3 ва чигит тукдорлигини ўлчаш учун ТАП-1 акустик ўлчов приборлари киради.
 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 23 февралида қабул қилган №3559-сонли «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Қарори билан Илмий марказнинг олдига қўйилган янги вазифалар белгилаб берилди. Бу борада Илмий марказ олимлари ва илмий ходимлари томонидан пахта тозалаш саноати корхоналарининг техника ва технологиясини янада такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда ишлаб чиқаришга пахтани қуритиш, тозалаш ва жинлаш, шунингдек ишлаб чиқарилган толани тозалаш каби технологик жараёнларга янги русумдаги ускуналарни жорий қилиш бўйича тажриба-синов ишлари ўтказилди ҳамда ижобий хулоса натижасида ишлаб чиқаришга жорий этилди.
 Бугунги кунда "Пахтасаноат илмий маркази" АЖ мамлакатимиз пахта-тўқимачилик кластерлари таркибидаги пахта тозалаш корхоналарига қуйидаги йўналишларда хизмат кўрсатиб келмоқда:
 Пахта хом ашёсининг ташқи кўриниш намуналарини (эталонлари) тайёрлаш;
 Пахтани қабул қилиш учун марказий ва тайёрлов маскан лабораториялари фаолиятида зарур бўлган ўлчаш, синаш, таҳлил қилиш бўйича ускуна ва жиҳозларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни таъмирлаш;
 Ишлаб чиқариш жараёнида технологик регламент асосида ускуналарнинг оралиқ қистирмалари ва аэродинамикасини созлаш хизматини кўрсатиш;
 Замонавий лабораторияда классерлик усулида толанинг нав ва синфини аниқлаш, толанинг йигирувчанлиги ва калава ипнинг нисбий мустаҳкамлигини аниқлаш бўйича дастлабки таҳлилларни ўтказиш;
 Пахтани қайта ишлаш учун илмий ишланмалар асосида яратилган янги турдаги машина ва механизмларни, шунингдек эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш;
 Корхоналарни ишлаб чиқариш жараёнида мукаммал таъмирлаш учун тажрибали ва юқори малакали мутахассислар томонидан сервис хизматини кўрсатиш;

ПАХТАСАНОАТ ИЛМИЙ МАРКАЗИ 95 ЙИЛ

mobirise.com best site maker