Илмий тавсия ишлаб чиқарилди

Уруғлик чигит тайёрлаш лабораторияси томонидан “УЧДМ русумли делинтерлаш машинасига комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндрлар тайёрлаш, ўрнатиш ва ишлатиш бўйича тавсиянома” (ПДИ  65-2017) ишлаб чиқилди.

Бу тавсиянома “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги ихтисослаштирилган уруғлик чигит тайёрлаш цехларида ишлатиладиган УЧДМ русумли делинтерлаш машиналарининг аррали цилиндрлари ўрнига комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндрлар тайёрлаб ўрнатиш ва ишлатишни ташкил этишга мўлжалланган.

Тавсиянома илмий марказда т.ф.н., к.и.х. В.Г.Ракипов раҳбарлигида  ўтказилган илмий-тадқиқот ишлари, “Чортоқ марказий механика устахонаси” МЧЖда комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндрлари тажриба нусхаларининг тайёрланиши бўйича бажарилган ишлар ва Чуст пахта тозалаш корхонасининг уруғлик чигит тайёрлаш цехида ўтказилган синов ишлари натижалари  асосида ишлаб чиқилди.

Бу тавсияга биноан комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндрларни тайёрлаш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади.

1. Иш муддати тугаган металл чўткали цилиндр (УЧДМ машинасининг пастки камерасидаги цилиндрлардан, ёки ОС русумли чигит туксизлантириш машинасининг цилиндрларидан) олиниб, металл чёткали қисми шлифовкалаш станогида ташқи диаметри Ød1=235+3 мм га етгунча силлиқланади.

2. Металл чўткали цилиндр махсус прессга ўрнатилиб, сиқилади ва сиқувчи гайка бўшатилади. Цилиндр прессдан оҳиста олинади ва ундаги чўткали дисклар чиқарилади.

3. Цилиндр валига ўнг ёндаги гайка 224±1 мм ўлчам таъминланиб ўрнатилади.

4. Валга 1 донадан олдиндан тайёрлаб олинган УЧДМ машинасининг арраси ва 1 донадан чўткали диск кетма-кет ўрнатилади. Ўрнатилган арра ва чўткали диск жуфтликлари сони 200 тадан 230 тагача бўлиши мумкин. Бунда арралар орасидаги масофа (тирқиш) 6 мм дан 7 мм гача ўзгариши мумкин.

5. Вал махсус прессга ўрнатилади ҳамда чап ва ўнг дисклар орасидаги масофа 1680 мм га етгунча сиқилади, чап гайка ёрдамида қотирилиб, гайка қўзғалмайдиган қилиб маҳкамланади.

Комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндр ишга шу тарзда тайёр қилинади.

2 дона комбинацияланган арра-металл чўткали цилиндр УЧДМ машинасининг юқори иш камерасига ўрнатилади, барча ўлчамлар машинанинг паспорти бўйича созланади ва технологик регламент бўйича ишлатилади.