Кейинги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ортиб, беморлар сони 5 минг 600 нафарга етди. Бугунги кунда беморларнинг 3 минг 297 нафари стационар, 2 минг 216 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда.
Стационарда шароитда даволанаётганларнинг 2 минг 935 нафарининг аҳволи қониқарли, 229 нафари оғир, 133 нафари ўта оғир аҳволда.
Эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва ахборотларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва туманларда ҳудудий штаблар ташкил этилди. Уйда даволанаётган беморлар ва карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ва ахборот бериш учун онлайн поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Туманларда 157 та мобиль гуруҳлар фаолияти қайта тикланди.
13 январдан туманларда тун-у кун фаолият кўрсатадиган 12 та ихтисослаштирилган махсус ковид поликлиникалари иш бошлади.
17 январь куни ишчи гуруҳлар томонидан 305 та тадбиркорлик субъекти ва 203 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилди. Натижада тадбиркорлик субъектларининг 359 нафар, бюджет ташкилотларининг 885 нафар ходими вакцина олмагани аниқланди.
Вакцина олмаган 1 минг 44 нафар ходим вақтинчалик ишдан четлатилди, 200 нафарига жарималар қўлланилди, 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 65 та бозор, 31 та истироҳат боғи ва хиёбонлар, 46 та оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар, 22 та стадион ва спорт мажмуалари, 6 та йирик савдо маркази ва 131 та жомеъ масжидида фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Мазкур чора-тадбирлар пойтахтимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, барча фуқаролардан карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралади.
Манба: ЎзА