Мақолада жинланган чигитларни линтерлашдан олдин намлаш йўли билан линтерланганда чигитлар қобиғида зўриқишни ва момиқни ажратишда кучланишни пасайтирадиган, момиқни ажратиб олишни кўпайтириб, сифатини яхшилайдиган ва чигитларнинг шикастланишини камайтирадиган усул ишлаб чиқилди.
Жинланган чигитларни линтерлашдан олдин устки қисмига 0,18÷0,20 фоизгача намлаш оптималлиги ва намлашни ЗС русумли чигит юклагич, ЭПГ русумли намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан амалга оширилиши тавсия этилади.
Пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган момиқнинг миқдори ва сифати линтерлаш бўлими ускуналарининг самарадорлигидан ташқари, кўп жиҳатдан чигитнинг дастлабки кўрсаткичларига ҳам боғлиқ бўлади. Маълумки, тола ва момиқ чигит қобиғига эпидермис қатлами воситасида ёпишиб туради ва ушбу қатламнинг холати тола ва линтерлаш жараёнларига катта таъсир кўрсатади.
Дастлабки тадқиқотлар натижаларига кўра юқорида қайд этилган эпидермис қатламининг намлиги ошиши билан чигит қобиғи юмшаб, унинг сиртидаги тукдорликни арранинг тишлари ёрдамида қириб олиш жараёни осонлашиб борар экан.
Буларни эътиборга олган ҳолда, жиндан олинган чигитни сунъий йўл билан ҳар хил миқдорда намлаш орқали чигит эпидермис қатлами намлигининг ўзгаришининг линтер машинанинг ишлашига, олинаётган маҳсулотнинг сифат ва миқдор кўрсаткичларига ҳамда тўлиқ тукдорлигига таъсири ўрганилди. Бунинг учун, «Пахтасаноат илмий маркази» АЖнинг синов тадқиқот лабораториясидаги 30 аррали линтер машинасидан Наманган-77 селекцияли, иккинчи саноат навли техник пахтани жинлаш жараёнидан олинган техник чигити ўтказилди. Чигитнинг линтер машинасидан олдинги ўртача тукдорлиги 12,51 дан 12,65 фоизгача, механик шикастланганлиги 2,32 дан 2,84 фоизгача, ифлослиги 0,25 дан 0,28 фоизгача ва намлиги 7,85 дан 7,96 фоизгача бўлганда, унинг устки қисмига маълум миқдорда сув юбориш йўли билан машинанинг иш фаолияти ва унумдорлигининг ўзгариши кузатилди.
Лаборатория шароитида ўтказилган синов тадқиқот-ишлари пахтани дастлабки ишлашни мувофиқлаштирилган технологияси асосида амалга оширилди.
Олинган синов натижаларининг кўрсаткичлари 1-жадвалда кўрсатилган. Келтирилган маълумотлар синов натижаларининг ўртачаси бўлиб, уларнинг ҳар бир вариантида синов ишлари уч такрорликда ўтказилган ва ҳар бир такрорлик учун тайёрланган техник чигитнинг вазни 15 kg ни ташкил қилди. 15 kg техник чигитга маълум миқдордаги сув махсус сув пуркагичда чигитга пуркалиб, полиэтилен қоп ичида, тахминан винтли тақсимловчи шнекда чигит линтер шахтасига бориб тушган вақт мобайнида, аралаштириб махсус тайёрланди, сўнг эса синаш ишлари ўтказилди.
Олинган натижалар бўйича жинланган чигитларни линтерлашдан олдин намлашни рационал миқдорини тавсия қилиш учун 1-жадвал маълумотларини математик ишлаб график қурилди 1-расм.
Чигит намлигининг ўсиши, фоиз
1-расм. Линтерлаш жараёнининг чигит намлиги ўзгаришига боғлиқлиги
1- иш унумдорлигининг ўзгариши; 2-момиқ ифлослигининг ўзгариши;
3- чигитнинг механик шикастланганлик даражасининг ўзгариши;
4- момиқ чиқишининг ўзгариши.
Унда ажратилган момиқ миқдорининг намликнинг ўсишига боғлиқлиги 4-чи эгри чизиқда, чигитнинг механик шикастланганлик даражаси 3-чи чизиқда, намлик ўсишининг момиқ ифлослиги ҳамда линтер машинасининг иш унумдорлигига таъсири ўз навбатида 2-чи ва 1-чи эгри чизиқлар билан ифодаланган.
Линтерлаш жараёнидан олдин чигитнинг намлик даражасини эътиборга олган ҳолда, унинг устки қисмига 0,18÷0,2 фоизгача миқдорда сув пуркалиб, винтлик тақсимлаш шнек орқали чигитни суриб, думалатиб линтер машинасининг шахтасига тушириб, сўнг таъминловчи валик орқали ишчи камерасига берилганда, чигитнинг қобиғи устида жойлашган момиқлар маълум миқдорда бир-бирига бирлашиб, арра тишига тўғриланганда, намланмаган чигит қобиғи устидаги момиқга нисбатан кўпроқ қирилиб момиқ ажралиши кўпайиши билан бир қаторда, чигитнинг арра тишига келиб урилиш сони камайиши ҳисобига, унинг механик шикастланганлик даражаси камайганлиги, момиқнинг сифат кўрсаткичи яхшиланганлиги ва линтернинг иш унуми ортганлиги кузатилди.
Ўтказилган синов ишлари шуни кўрсатдики, чигитнинг қобиғи устидаги момиқга 0,2 фоиздан юқори миқдорда сув пуркалиб, уни линтердан ўтказилганда, машинанинг ишлаш фаолияти пасайганлиги (1-чизиқ), яъни чигитнинг қобиғи устидаги момиқ чигитга кўпроқ ёпишиб, ўралиб олганлиги сабабли, камерадан чиқаётган чигитнинг чиқиш фоизи кўпайганлиги, камера ичида чигит арра тишига қаттиқ урилиши ҳисобига чигитнинг механик шикастланганлик ва момиқнинг ифлослик даражаси ортганлиги (2 ва 3 чизиқларда) кузатилди.
Ишлаб чиқаришда чигитни линтерлашдан олдин устки қисмига таклиф қилинаётган 0,18÷0,2 фоизгача миқдордаги намлашни 2-расмда ЗС-русумли чигит юклагич, ЭПГ русумли намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан амалга оширилиши ишлаб чиқилди.
2-расм. ЗС-русумли чигит юклагич ЭПГ намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан жойлашуви қирқим кўринишида
1- юклаш қувури; 2- чигит сепгич; 3-цилиндрик асос; 4-пуркагич;5-краник (винтел); 6-конфузор.
Қурилманинг ишлаш тартиби қуйидагича. Элеватор тарновидан қурилмани юклаш қувури (1) орқали оқиб тушаётган чигитлар, аввало резина полотно қопланган темир юзалик қопқоқ чигит сепгич (2) га урилиб, цилиндрик асос (3) ичида ҳаракат қилаётган чигитларни сачратади. Чигитларни намлаш учун ЭПГ русумли намлаш агенти ишлаб чиқаргичдан чиқаётган сувнинг майда заррачалари ва буғ аралашмаси пуркагич (4) дан чиқиб цилиндрик асос (3) ичида оқиб тушаётган чигитларнинг устки қисмидаги момиқларни намлайди. Цилиндрсимон асос (3) остида жойлашган конфузор (6) да оқиб тушаётган чигитлар тақсимловчи шнек орқали линтерларга тақсимланади. ЭПГ русумли намлаш агенти ишлаб чиқаргичдан чиқаётган сувнинг майда заррачалари ва буғ аралашмаси краник (винтел) (5) орқали кўпайтириб ёки камайтириб (регилуровка) турилади.
Қурилманинг ҳисоб-китоб қилингандаги техник кўрсаткичи қуйидагича:
Чигит бўйича иш унумдорлиги, t/h, камида 7,0
Чигит намлиги ошиши, фоиз 0,5 гача
Ўрнатилган қувват, kW 22
Сув сарфи, l/h 50 гача
Ўлчамлар, mm:
баландлиги 1200
цилиндр диаметри 500
Чигитларнинг момиқ ажратишга (линтлашга) тайёрлаш усулига №IAP 03257 рақамли Ўзбекистон Республикаси ихтиро патенти олинган [1].
Қурилма № FAP 00175 рақамли Ўзбекистон Республикаси фойдали модел патенти билан ҳимояланди [2].
Чигит сепгичнинг янги конструкциясига Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасидан № FAP 00229 рақамли фойдали модел патенти олинди [3].
Чигит сепгичнинг янги конструкциясида цилиндрик асос (3) ичида бир текис сочилиб тушаётган чигитлар пуркагич (4) дан чиқаётган сувнинг майда заррачалари ва буғ аралашмасини оралаб ўтиш жараёнида, биринчи навбатда, чигитнинг устки қисмида жойлашган момиқлар намланиб, конфузор (6), тақсимловчи шнек, линтерларнинг таъминлагич ва ишчи камерасида чигит қобиғи устида момиқлар тутами ҳосил бўлиб, чигитлар линтерлашга тайёрланади.
Ишлаб чиқариш шароитида линтерлашдан олдин ЗС-русумли чигит юклагич ва ЭПГ намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан жойлашувини 3-расмда келтирилган.
3-расм. Линтерлашдан олдин ЗС русумли чигит юклагич ва ЭПГ намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан жойлашуви
1-элеватор; 2-ЗС русумли чигит юклагич; 3- ЭПГ намлаш агентини ишлаб чиқаргич; 4-майдон (площадка); 5-тақсимловчи шнек; 6-5ЛП линтер; 7-йиғувчи шнек.
Чигитни линтерлашга тайёрлаш усулидан хисобланган иқтисодий самарадорлик бир йилда 25 минг тонна пахта хом ашёсини тайёрлаб дастлабки ишлайдиган пахта тозалаш корхонаси учун 258 080 минг сўмни ташкил этади.
Қурилма линтерланган чигитни омборга юклаш (тушириш)да ҳам ишлатилса, таркибидаги калта момиқ, тола заррачалари, минерал ва органик чанглар чигитнинг ўзига ёпишиши эвазига атроф-муҳитни ифлосланишдан сақлайди[4,5].
Хулоса
Чигитнинг жиндан кейинги намлигини хисобга олган ҳолда, уни 0,18÷0,20 фоиз ЗС русумли чигит юклагич, ЭПГ русумли намлаш агентини ишлаб чиқаргич билан намлаб, сўнг аррали линтер машинасида ишлаганда чигитнинг механик шикастланиши камайиб, машинанинг чигит бўйича иш унуми ва момиқни чиқиш миқдори кўпайиб, момиқ намлиги 1,7 фоизгача ортиб, таркибидаги ифлос аралашмаларнинг ва бутун чигитларнинг массавий улуши 0,13 фоизга камаяди.
Фойдаланилган адабиётлар
- Сабиров К., Қодиров,Х.О., Чигитларни момиқ ажратишга (линтлашга) тайёрлаш усули . Ўзб. Республикаси, Давлат патент идораси, ихтиро патент №IAP 03257, 4б
- Сабиров К., Чигитни омборга юклаш қурилмаси.Ўзб. Республикаси, Давлат патент идораси, фойдали моделга патент №FAP 00175, 4б
- Сабиров К., Қодиров Х.О., Чигитларни омборларга юклаш қурилмаси. Ўзб. Республикаси, Давлат патент идораси, фойдали моделга патент №FAP 00229, 4б
- Сабиров К., Қулматов.И.Т., 3С русумли чигитни омборга юклаш қурилмасини пахта тозалаш корхоналарида бутлаш, йиғиш ва ишлатиш бўйича тавсиянома ( ПДҚИ 67-2005), 5б.
- Пахтани дастлабки ишлашнинг мувофиқлаштирилган технологияси (ПДИ 70-2017). “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқаруви раиси А.С.Камоловнинг умумий тахрири остида. Тошкент, 2017й. 35,57 б.
Жинланган чигитларни линтерлашга тайёрлаш мақоласига қўшимча маълумот
Жинланган чигитларни линтерлашга тайёрлашда, чигитларни устки қисмига 0,18÷0,20 фоизгача намлашни амалга ошириш учун тавсия қилинаётган ЗС русумли чигит юклагич, ЭПГ русумли намлаш агентини ишлаб чиқаргичларни зарурий хужжатлари ва йўриқномалари билан пахта тозалаш корхоналарининг буюртмаларига асосан “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг шўба корхонаси “РИМ Устахонаси” ШКда тайёрлаб берилиши йўлга қўйилган.
Пахта тозалаш корхоналари иловадаги шартномани расмийлаштириб “РИМ Устахонаси” ШК манзилига юбориб, шартномадаги кўрсатилган маблағни ўтказиб берилиши билан 30 (ўттиз) календар кун ичида тайёрланган ускуналарни “РИМ Устахонаси” ШК рахбариятининг хабарига асосан олиб кетиш мумкин.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ нинг шўба корхонаси “РИМ Устахонаси” ШКда 2019 йилни март ойидаги хисоб-китоблар бўйича 3С русумли чигит юкловгични 1 (бир ) донасини тайёрлаб бериш нархини 4114 (тўрт миллион бир юз ўн тўрт минг) сўм бўлса, ЭПГ русумли намлаш агентини ишлаб чиқаргичники 14 652 (ўн тўрт миллион олти юз эллик икки минг) сўмни ташкил қилади.
Бош мутахассис, т.ф.д., к.и.х. Қ.С.Сабиров