Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, экин турлари замон талабидан келиб чиқиб ўзгартирилди. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда. Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66 та мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унга мувофиқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда. 2019 йил 11 декабрда бу борада Президент қарори қабул қилиниб, барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиб берилди. Ўтган қисқа вақтда ҳокимликлар томонидан 86 та шундай кластер ташкил этиш бўйича таклифлар шакллантирилди.
Йиғилишда мазкур кластерларнинг режадаги қувватлари, инвестиция миқдори ва экспорт ҳажми бўйича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, кластерлар томонидан қайта ишлаш, сақлаш ва қуритиш бўйича 430 минг тонна қўшимча қувватларни ишга тушириш юзасидан 96 та лойиҳа режалаштирилган. Шунингдек, 6 минг гектарда интенсив боғ ва 8 минг гектарга яқин майдонда узумзор барпо қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жорий йилда 410 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти мўлжалланган.
Президентимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кластерлар фаолиятини ташкил қилиш, хорижий экспертлар хулосаси асосида экинларни самарали жойлаштириш, зарур уруғлик ва кўчатларни ҳозирдан тайёрлаш, Молия вазирлигига кластерларни айланма маблағлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси кластерларга янги бозорлар топиш ва экспорт қилишда доимий равишда амалий ёрдам бериб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат режасини босқичма-босқич бекор қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда жорий йил 24 январдаги Мурожаатномасида айтган эди. “Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Бу – соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш билан бирга ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўяди.
Бозор тамойилларига ўтишда кластер тизими муҳим омилдир. Бугунгача мамлакатимизда 73 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилган, ўтган йилги пахта ҳосилининг 73 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келган. Ўртача ҳосилдорлик кластер бўлмаган ерларга нисбатан 4,1 центнерга юқори бўлиб, қўшимча 428 минг тонна пахта олинган.
Йиғилишда кластерларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларни танлаш, фермерлар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишнинг очиқ-ошкора механизмларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
27 та кластерга пахта етиштириш учун уларнинг қувватига нисбатан кўп ер майдони ажратилгани, 500 минг тонна толани ишлаб чиқариш қувватига эга айрим кластерларга эса етарли миқдорда ер берилмагани кескин танқидга сабаб бўлди.
Президентимиз кластерларни танлашда чуқур қайта ишлаш даражаси ва инвестициялар ҳажми, фермерлар билан ҳисоб-китоб қилишда маблағнинг етарлилиги асосий мезонлар бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Кластер ташкил этилмаган пахта майдонларида фермерлар иштирокида кооперациялар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди. Бунда ўша ҳудудлардаги пахта тозалаш заводлари фермерларга кооперация ташкил этиш учун берилади, қўшилган қийматдан тушган даромад кооперация аъзолари – фермерлар ўртасида тақсимланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига кластерлар ва фермерларнинг мажбуриятларини аниқ белгилаб, уларнинг фаолиятини тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Пахта етиштиришни молиялаштиришнинг амалдаги тизими кластерлар билан ишлашга мослашмагани кўрсатиб ўтилди. Шу боис кластерлар ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Пахта ва ғалла бўйича давлат режасини бекор қилиш, экинларни мажбурий жойлаштириш тартибидан 2023 йилгача босқичма-босқич воз кечиш бўйича жорий ва келгуси йилда амалга ошириладиган тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.
Манба: president.uz