Профессор Нажмитдин Камолов вафоти муносабати билан ҳамдардлик

0
711

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Республикамиз пахта саноати ривожига катта ҳисса қўшган таниқли олим, техника фанлари доктори, профессор Нажимитдин Зайнутдинович Камалов 68 ёшида вафот этди.

Нажимитдин Камалов 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1974 йилда Тошкент политехника институтининг «Автоматика ва телемеханика» мутахассислигини имтиёзли диплом билан тамомлаган ва пахта тозалаш саноатининг марказий илмий-тадқиқот институти (ЦНИИХпром) га ёш мутахассис этиб ишга йўлланган.

У 1984 йилдан 2013 йилгача автоматлаштириш лабораториясининг мудири, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва меҳнат муҳофазаси лабораториясининг бош илмий ходими лавозимида ишлаб келган.

Нажимитдин Камалов Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг «Энергетика ва автоматика» институтининг кундузги аспирантураси муваффақиятли тамомлаб, 1982 йилда «Пахта хом ашёсини тозалаш технологик жараёнини математик моделлаш ва мақбуллаштириш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

1992 йилда Н.Камалов «Пахтага дастлабки ишлов бериш технологик жараёнларининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини қуришнинг моделлари ва алгоритмлари»  мавзусида докторлик диссертациясини мувоффақиятли ҳимоя қилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан 2017 йилда Н.Камаловга профессор илмий унвони тақдим этилган.

Профессор Нажимитдин  Камаловнинг 270 дан ортиқ илмий ишлари ҳалқаро ва република журналларида чоп этилган, 2 та монография ҳамда кўплаб патент ва муаллифлик гувоҳномалари муаллифи бўлган. Пахта хомашёсини дастлабки қайта ишлашнинг технологик жараёнларини автоматлаштириш бўйича илмий мактаб яратиш доирасида 2009 йилдан бошлаб унинг раҳбарлигида фундаментал, амалий ва инновацион йўналишларда бир қатор лойиҳалар амалга оширилган ва ишлаб чиқаришга жорий этилган.

Олимнинг илмий янгиликлари натижаларини нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам тан олиниши натижасида, Н.Камалов 2011 йил ноябрь ойида Халқаро инженерлик академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланган.

Н.Камалов Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти (ТТEСИ) ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг «Энергетика ва автоматика» институти қошидаги докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган кенгашларнинг ва илмий семинарларнинг аъзоси, кўп йиллар бакалавр ва магистр даражаларини бериш Давлат имтиҳон комиссиясининг раиси бўлиб ҳам фаолият юритиб келган.

Профессор Камалов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги «Техника фанлари» илмий техник кенгашининг аъзоси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттестация комиссиясининг техника бўлимида эксперт сифатида фаолият олиб борган.

Жонкуяр устознинг илмий раҳбарлигида ва илмий маслаҳатчилигида бир қанча ёшлар номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Н.Камалов уч нафар фарзанднинг отаси, хушфеъл ва меҳрибон инсон эди.

“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ раҳбарияти Нажимитдин Зайнутдинович Камаловнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Шижоатли, камтарин ва меҳнаткаш инсон Нажимитдин Камаловнинг хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади.

 

Бош директор
Т.Қулиев

 Илмий ишлар ва инновация бўйича
бош директорнинг биринчи ўринбосари
Қ.Жуманиязов

Илмий ишланмаларни тадбиқ этиш бўйича
 бош директор ўринбосари
И.Қулматов

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014