“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 22 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Хайробод пахта тозалаш тажриба-экспериментал корхонасида навбатдаги семинарини ўтказди.
Семинарда Сурхондарё вилоятларидаги пахта тозалаш корхоналарининг бош мухандислари, техник назорат бўлимлари бошлиқлари, бош энергетиклари ҳамда Тожикистон Республикасининг пахта тозалаш корхоналаридан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этдилар.
Семинарни “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Бош директори Т.М.Қулиев кириш сўзи билан очди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3559-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, илмий Марказда 2018 йилда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ва унинг тажриба-экспериментал пахта тозалаш корхоналарида олиб бораётган ишларининг самаралари тўғрисида маъруза қилди.
Тадбирда “2018 йилда ишлаб чиқаришга жорий қилинган 8ДП-90 русумли аррали жин ва юқори самарадорликка эга бўлган икки барабанли 5ВП русумли тола тозалагични ишлаб чиқаришдаги натижалари” мавзусида “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ бош илмий ходими Р.Ш.Сулаймонов маъруза қилди.
“Пахтани қабул қилишда сифатини аниқлаш учун замонавий ўлчов воситаларини ишлабчиқиш ва жорий этиш” мавзуси бўйича “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ стандартлаштириш ва метрология бўлими етакчи илмий ходими У.Каримов маъруза қилди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ кичик илмий ходими Д.Каримов “Ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий автоматлаштирилган тизимлар лойиҳасини тадбиқ этиш” мавзуси бўйича тақдимот ўтказди.
Семинар иштирокчилари илмий Марказнинг Хайробод пахта тозалаш корхонасининг ишлаб чиқариш технологияларига жорий этилган янги самарадор илмий ишланмалар ва янгиликлар билан танишдилар.