Хитой патент идораси Ўзбекистон олимларининг ишланмасига патент берди

0
590

Хитой патент идораси Ўзбекистон олимларининг ишланмасига патент берди

Хитой Халқ Республикаси патент идораси Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан яратилган пахта генларини нокаут қилиш (ўчириш) инновацион технологияси бўйича патент аризасини тасдиқлади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, юртимиз олимлари ишлаб чиққан пахта генини нокаут қилиш технологияси Ўзбекистон, АҚШ, Миср ва Россияда патентлар ҳамда халқаро РCТ патентини олган. Яна бир патент жаҳон миқёсида лицензиялаш имкониятларини кенгайтирмоқда.Таъкидлаш керакки, Хитой пахта ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Хитой пахтанинг юқори сифатли ва ҳашаротларга чидамли ҳамда янги патоген навларини яратишда замонавий биотехнологик усуллардан кенг фойдаланмоқда. Шунинг учун ҳам олимларимиз технологияси учун Хитойда патент олиниши тижоратлаштириш учун катта имкониятларни очади.

photo5237782454096473426.jpg

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг натижаларини тижоратлаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Олимлар учун янги имкониятлар очиб, улар меҳнатининг самарасини мамлакат манфаати йўлида самарали амалга оширишга ҳисса қўшадиган кўплаб қарор ва фармонлар эълон қилинди. Бу омиллар хориждаги маҳаллий олимларнинг янги инновацион ишланмаларини патентлаш ишларини янада мустаҳкамлайди.

Маълумот учун, пахта генларининг нокаут (ўчириш) технологияси олтинчи авлод инновацион технологияси ҳисобланади. У 2008 йилда ўзбек олимлари томонидан ихтиро қилинган бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати кўмагида олиб борилган кейинги тадқиқотлар “Порлоқ“ ғўза туркумидаги юқори ҳосилли, барвақт пишувчи, узун толали, қурғоқчиликка ва тузга чидамли биотехнологик навларнинг яратилишига олиб келди. Мазкур технология дунёда илк бора пахтанинг бир вақтнинг ўзида бир нечта қимматли хусусиятларини такомиллаштириш имконини берди. Айнан муайян навнинг бир нечта хусусиятларини бир пайтнинг ўзида ўзгартириш пахта селекциясида асосий муаммо ҳисобланади. Натижада янги навларнинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 40 центнерга етди, 4.2 микронейрли, -37.9 (Стр) пишиқликдаги ва тола узунлигига 38-40 мм бўлган юқори сифатли тола олиш имконини берди.

Манба: uza.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014