Давлатимизда тўғри савдо сиёсати юритилгани, тариф кўрсаткичларини пасайтириш, божхона ва назорат тўсиқларини енгиллаштириш борасидаги ислоҳотлари натижасида халқаро даражадаги кўрсаткичи 20,2 балга яхшиланди ва 55,4 балдан (2021 йил) 75,6 балга (2022 йил) кўтарилди.
Ушбу рейтингда мамлакатимиз АҚШ, Япония, Хитой ва Россия сингари давлатларни ортда қолдирди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон 2021 йилдаги 163-ўриндан анча юқорилаб, 67-ўринга кўтарилиб олди ва бу кўрсатгич билан Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Эркин савдо» кўрсатгичининг ўртача бали 70,9 дан 69,5 га тушган ва 21% давлатларгина ташқи савдода тарифланган ва тарифсиз тўсиқларни яхшилашга муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида: иқтисодий эркинлик Индекси (Index of Economic Freedom) – рейтинг ҳисобланиб, мамлакатлардаги иқтисодий эркинликни баҳолайди. Мазкур рейтинг «Мерос фонди» (The Heritage Foundation) АҚШ тадқиқотлар маркази ва The Wall Street Journal бизнес нашри билан ҳамкорликда чоп этилади.
Фонд мутахассислари «ҳукумат аралашувининг йўқлиги ёки ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилиш, товар ва хизматларнинг тақсимланиши ҳамда истеъмоли, фуқароларнинг эркинлигини зарурий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бундан мустасно» талаблари орқали ўз рейтингларини аниқлайдилар. Нашр 1995 йилдан бери чоп этилади.
Стратегик ривожланиш агентлиги
Матбуот хизмати