Ўзбекистонлик олимларнинг ген-нокаут инновацион технологияси учун патент берилди

0
659

Ўзбекистонлик олимларнинг ген-нокаут инновацион технологияси учун патент берилди

Миср Араб Республикаси Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлигининг Илмий тадқиқотлар ва технологиялар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган ген-нокаут (генни ўчириш) инновацион технологияси учун патент берилди, деб хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.
 
72764be1-abf1-4165-bf27-2903063d598b.jpg
Бу юртимиз олимларининг ғўза биотехнологиялари соҳасидаги ютуқларининг халқаро миқёсда навбатдаги эътирофидир.

Патент — ишланмаларни тижоратлаштиришнинг асосий воситаси бўлиб, юқори технологияли ишланмаларга хорижда патент олиш анчайин қийин жараён саналади. Мазкур технологияни патентлашга ариза олимларимиз томонидан 2013 йили топширилган. Орадан олти йил ўтиб, кўп маротабали ёзишмалардан сўнг, Миср Араб Республикаси Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлигининг Илмий тадқиқотлар ва технологиялар академияси кутилган патентни берди.

Аввалроқ Ўзбекистонлик олимлар томонидан яратилган ғўза генини нокаут қилиш технологиясига АҚШ, Ўзбекистон ва Россия патентлари олинган эди. Навбатдаги патент уни жаҳон миқёсида лицензиялаш имкониятини янада кенгайтиради.

Пахта генларини нокаут (ўчириш) технологияси олтинчи авлод инновацион технологияси саналади. Мазкур технология ўзбекистонлик олимлар томонидан 2008 йили ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати кўмагида олиб борилган кейинги тадқиқотлар натижасида “Порлоқ” туркумидаги ғўзанинг серҳосил, эртапишар, узун толали, қурғоқчилик ва шўрга чидамли биотехнологик навлари яратилди. Дунёда илк бор мазкур технология бир вақтнинг ўзида ғўзанинг бир нечта агрономик жиҳатдан муҳим хусусиятларини яхшилаш имконини берди, бу ғўза селекциясида асосий муаммо ҳисобланади.

Маълумот учун, бугунги кунда “Порлоқ” навларидан етиштирилган пахта анъанавий навларнинг толаларига қараганда 12 фоизга қимматроқ туради. 2013-2019 йиллар давомида “Порлоқ-1” пахта нави жами 133 491,3 гектар майдонда, “Порлоқ-2” нави эса 54 477.8 гектар майдонда экилди.

Манба: uza.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014