“Ўзпахтасаноат” АЖ вакиллари Белгиядаги конференцияда иштирок этишди

0
2019

Жорий йилнинг 26 – 28 июнь кунлари Брюссель (Бельгия) шаҳрида «Халқаро пахта конференцияси-2018» бўлиб ўтди.

Конференция ташкилотчиси «Better Cotton Initiative» (BCI) компанияси ҳисобланади. BCI – дунёда пахтачиликни барқарор ривожлантириш бўйича йирик дастурга эга нотижорат ташкилотидир. Стандартлар тизимига кўра, BCI фермерларга пахта етиштиришнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан нисбатан барқарор методларини ўрганиш имкониятини яратади.

BCI ташаббусига кўра, бугунги кунда дунёнинг 23 мамлакатидаги 1,5 миллиондан ортиқ фермер Better Cotton яратиш устида иш олиб бормоқда. Ҳамкорлар билан биргаликда улар фермерларга «яхши пахта» принциплари ва мезонларини тушуниш ва амалиётга қўллашларига, ўз фермер хўжаликларидаги иш шароитларини яхшилашда ҳамда «яхши пахта» лицензиясини олишларида ёрдам бериб келишаётир. Ушбу лицензия фермерларга ўз пахтасини «яхши пахта» сифатида нисбатан баландроқ нархларда сотиш, етиштирган маҳсулотларига кафолатланган талаб бўлиши ва барқарор даромад кўришлари имконини беради. BCI бош қароргоҳлари Швейцария ва Буюк Британияда жойлашган бўлиб, Хитой, Ҳиндистон, Мозамбик ва Покистонда ҳудудий офислари фаолият юритмоқда.

Конференциянинг жорий йилдаги ишида «Ўзпахтасаноат» АЖ Раиси А.Максудов ҳамда Маркетинг ва савдо департаменти бошлиғи И.Искандаровлардан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Конференция давомида пахта толасининг сифат кўрсаткичлари масаласи кенг муҳокама қилинди, иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига, жумладан пахта етиштирш соҳасига таъсири, ҳамда келгуси 10 йил учун кутилаётган истиқболлар билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди. Жаҳон пахта бозорининг ривожланиш тенденциялари, пахтани йиғиб-териб олиш, унга бирламчи ишлов бериш ва унинг сифат кўрсаткичларини баҳолаш жараёнида янги технологияларни яратиш ва жорий этиш истиқболлари каби долзарб мавзулар ҳам йиғилганлар эътиборидан четда қолмади.

Уч йирик бренд (C&A, M&S ва Burberry) вакилларининг «Талаб масштаблари» мавзусидаги мунозаралари, ҳамда 100 фоиз мақсадга эришиш бўйича уларнинг стратегиялари қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бўлиб ўтган конференция, шубҳасиз, жаҳон миқёсидаги пахтачилик соҳасига оид муҳим халқаро тадбирларнинг тақвимидан муҳим ва муқим ўрин эгаллаган. Конференциянинг бу йилги ишида ICA Bremen, TextileExchange, TheIsraelCottonBoard, Cargill, Devcot, ECOM, LouisDreyfusCommodities, OlamInternational, PaulReinhart, PlexusCotton, Uspar каби йирик ассоциациялар, пахта толаси истеъмолчилари ва трейдерларининг ҳамда пахта толаси бозорида етакчи ўринларга эга бўлган бошқа ташкилотларнинг 340 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

Мамлакатимиз делегациясининг бундай нуфузли анжуманда иштирок этиши, шубҳасиз, «Ўзпахтасаноат» АЖнинг жаҳон пахта бозоридаги обрўси мустаҳкамланишига, шунингдек янги ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилишига, фермер хўжаликларини BCI стандартлари бўйича лицензиялашга қаратилган IFC билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасидаги алоқаларнинг янада барқарор тус олишига хизмат қилади.

“Ўзпахтасаноат” АЖ матбуот хизмати

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014