Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

0
2809

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 

Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

Биз бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда.

Бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётганида, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг мардлиги ва матонати эвазига эришаётган бундай марра ва натижалар Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтириб, кўпчилик мамлакатларни қойил қолдираётгани ва уларнинг ҳавасини уйғотаётганини кузатиш қийин эмас.

Олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини авваламбор тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш даркор.

Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб кун тартибига қўйганимиз вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, ўтган давр мобайнида она юртимиз, барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

3. Мазкур дастурни тайёрлашда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин:

мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг ёритиш;

мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш ва уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасидаги улкан ишларнинг маъно-мазмунини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб бериш;

юртимизнинг илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланганини чуқур таҳлилий асосда талқин қилиш. Бу борада иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани кўп нарсадан далолат беради. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг жадал ривожланаётгани билан боғлиқ факт ва рақамларга алоҳида урғу бериш;

мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошгани, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани мисолида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларимизнинг амалий самарасини кўрсатиш;

олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётимизни янада модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан тараққиётимизнинг локомотиви бўлган етакчи тармоқларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириб бориш, Конституциямизда кўзда тутилган хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг самарасини янада кучайтириш каби ўта муҳим йўналишларнинг аҳамиятини жамоатчилигимизга, халқимизга содда ва таъсирчан усулларда етказиш. Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича белгилаб олинган аниқ режа ва дастурларни амалга ошириш учун, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамасдан, қатъият билан илгарилаб боришимизга асос бўлаётган мезон ва омилларнинг моҳиятини очиб бериш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилгани, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётганини кенг ёритиш;

юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётганини;

ўтган давр мобайнида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,5 карра, картошка – 1,9 марта, сабзавот – 2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайгани ва бошқа ҳаётий мисолларни мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори сифатида акс эттириш;

мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф – мулкдорлар синфининг жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етгани, айни шу тармоқда иш билан банд аҳолининг 77,9 фоизи меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини таҳлилий асосда кўрсатиш;

жамиятимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини бўлиб хизмат қилаётганини теран ифода этиш;

биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишларга алоҳида аҳамият бериш. Жумладан, давлат бюджетимизнинг социал соҳаларга йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб бораётганини, биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортганини бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси сифатида кўрсатиш;

ёш авлодимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳиятини, хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани ва бошқа мисоллар асосида ана шундай амалий ишларимизнинг аҳамиятини атрофлича ёритиб бериш;

юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган, кўлами ва миқёсига кўра улкан ўзгаришлар бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;

бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш;

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш ҳақидаги ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини атрофлича ёритиш. Хусусан, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, юртимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига, ҳарбийларимизнинг хорижий мамлакатлардаги жанговар операцияларда қатнашишига йўл қўймаслик бўйича қонуний асосда белгилаб олинган қатъий позициясини кенг жамоатчиликка етказиш.

4. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида учрашув ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.

5. Байрам тантаналари арафасида фойдаланишга топшириладиган ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектларни ўз вақтида ишга тушириш чоралари кўрилсин.

6. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.

7. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, “Тасвирий ойина”, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари, Бадиий академия ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда “Истиқлол фарзандлари” ва “Келажак бизники, марра бизники!” деб номланган ёшлар фестивалларини, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” республика дўстлик ва маданият фестивалини, “Миллий ғоя – бизнинг ғоя” илмий-амалий анжуманини, шунингдек, юртимиз мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ҳамда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик!”, “Ранглар жилосида – она диёр мадҳи”, “Сени куйлаймиз, замондош!”, “Истиқлол солномаси”, “Бу – менинг Ватаним” каби анъанавий кўрик-танловларнинг юқори даражада ўтказилишини таъминласин.

8. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

9. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси 
Президенти И.Каримов 

Тошкент шаҳри,
2016 йил 2 июнь

www.uzpse.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014