Ўзбекистон Республикаси Конcтитуцияси умуминсоний, умумбашарий ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган муҳим ҳужжатдир. Чунки у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган бўлиб, тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси, Ўзбекистон Либерал демократик партияси Яккасарой туман бўлими, Маънавият тарғибот маркази Яккасарой туман бўлими ҳамкорлигида Холдинг компания мажлислар залида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланди.
Анжуманда cўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Конcтитуциясининг тарихи, ўзига хос жиҳатлари, дунё қомуслари орасида тутган юксак ўрни ва нуфузи ҳақида маълумот беришди.
“Қомусимизни қабул қилишдан аввал жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари қонунчилиги ва конституциялари чуқур ўрганилди. Миллий менталитетимиз, анъана ва қадриятларимиз, халқнинг фикру мулоҳазаси инобатга олинган ҳолда ҳар бир моддага алоҳида ёндошилди-ки, якунда мукаммал кўринишдаги Конституция яратилди. Бу ҳужжат, яъни Ўзбекистон Республикаси Контитуцияси дунёдаги энг демократик қомуслардан бири сифатида эътироф этилади”, дейди Тошкент шаҳар Яккасарой тумани маънавият-тарғибот маркази бўлими раҳбари Фаррух Турсунов.
Шунингдек, тадбирда 4 декабрь куни ўтказиладиган мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир—Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида ҳам маърузалар қилинди. Мутахассислар чиқишларида ўз тақдирини Ватан тақдири билан бир деб билувчи, эртаси ҳақида қайғурувчи ҳар қандай фуқаро, албатта, бу сиёсий тадбирда фаол иштирок этиши, ўзи муносиб деб топган номзодга шахсан овоз бериши шарт эканини таъкидлашди.
Анжуманда қатнашчиларнинг Конституция ва сайлов қонунчилигига оид саволларига мутахассислар атрофлича жавоб беришди.