2017 йилнинг 29 ноябрида “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК нинг мажлислар залида компания жамоасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик соҳасини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Қарорининг тақдимоти бўлиб ўтди .
Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 28 ноябрида тасдиқланган мамлакатимиз пахтачилик соҳасини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари тўғрисидаги янги ҳужжат билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг № ПФ -5206 қарорига кўра 2017 йилнинг 17 октябрида тузилган Комиссия ишининг натижалари Президентимиз томонидан маъқулланди ва “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК нинг тугатилиши ҳамда “Ўзпахтасаноат” АЖ ни қайта ташкил этилишига қаратилган янги ҳужжатда ўз аксини топди.
Ушбу ҳужжатга кўра пахта хом ашёсини қабул қилиш, ташиш, дастлабки ишлаш ва тайёр маҳсулотни сотишда амалдаги маълумотларни бузиб кўрсатилишига барҳам берадиган, уни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг самарали тизими бўйича барча функциялар – ишлаб чиқаришдан тортиб экспорт қилиш халқасигача ягона тизим- “Ўзпахтасаноат” АЖ-да амалга оширилади.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг ташқи савдо алоқалар, экспорт потенциали, машинасозлик, автомобил, электротехника, мудофаа, пахта тозалаш, енгил саноатни ривожлантириш ва маҳсулотларни стандартлаштириш комплекси вакили А.В.Рафиков, янги ташкилот бўлган “Ўзпахтасаноат” АЖ га раис этиб тайинланган А.И.Мақсудов, “Ўзпахтасаноат” АЖ га раис ўринбосари этиб тайинланган А.А.Султонов, “Пахтасаноат илмий маркази АЖ” Бош директори Р.А.Гуляевлар ҳам иштирок этишди.
А.И.Мақсудов, А.А.Султонов, Р.А.Гуляевлар бўлиб ўтган воқеа хусусида ўз фикрларини билдириб, қабул қилинган Қарорнинг ўз вақтидалиги ва муҳимлигига баҳо беришди, мамлакатимиз пахтачилик соҳасини тубдан янгилаш, уни тизимини такомиллаштириш чораларини маъқуллашди ва Президент топшириғини бажариш юзасидан ўзаро ҳаракат йўллари ҳақида айтиб ўтишди.
“Пахтасаноат илмий маркази АЖ” Бош директори Р.А.Гуляев ўз чиқишида пахта тозалаш корхоналарини янгилаш, инновацион маҳсулотларни ўзлаштириш, ўзбек пахтасининг сифатини ва рақобатбардошлигини таъминлайдиган техника ривожининг янги даражасига ўтиш бўйича олдинда турган ва ҳамкорликда амалга оширилиши керак бўлган жиддий ишлар тўғрисида гапириб ўтди.