Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасидаги ютуқлари халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди

0
2181

Маълумки, жорий йилнинг 23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳри пахта етиштирувчи мамлакатларнинг нуфузли ташкилоти – Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг 76-ялпи мажлисига мезбонлик қилди.

Анжуманда дунёнинг элликка яқин мамлакатидан 1500 нафарга яқин экспертлар, амалиётчилар, таҳлилчи ҳамда маркетологлар, нуфузли илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, селекционер олимлар ва маҳаллий  ёш мутахасислар иштирок этди. Ўтказилган мазкур анжуман ва Ўзбекистонга ташриф юзасидан халқаро экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди:

-Қўмитанинг 76-ялпи мажлисига мезбон сифатида Ўзбекистон танлангани бежиз эмас. Чунки юртингиз нуфузли тадбирлар, йирик форумлар ўтказиш учун бой тажрибага эга давлатдир. Бунга қўмитага тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилган 1992 йилдан кўп вақт ўтмай, яъни 1996 йилда ташкилотнинг 55-ялпи мажлисини юқори савияда ташкил этгани яққол мисол бўла олади. Бу сафар ҳам ана шундай даражада ташкил қилинди. Ана шундай юксак савиядаги ташкилотчилик учун Ўзбекистон ҳукуматига катта миннатдорлик билдирамиз.

Иқбол Ҳасан,

Покистон тўқимачилик вазирлиги котиби

 

-Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси бозор нархларини белгиламайди, бозор механизмларига ҳам аралашмайди. Аммо унинг котибияти бозордаги жорий ҳолатни баҳолаш учун зарур, айни пайтда ўта қимматли маълумотларни тақдим этади. Бинобарин, у органик пахта етиштириш, янги ғўза навларини яратиш ва синаш каби тармоқдаги илғор ишланмаларни кузатиб боради. Толани холис таснифлаш ишларида фаол иштирок этади. Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай долзарб масалалар муҳокама этилишига ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилгани, айниқса, ташкилий масалалар юксак даражада маромига етказилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.

Клаудиа Ф. Табиассен,Доимий қўмита раиси

 

-Бугун соҳа олдида турган долзарб масалалардан бири пахта етиштириладиган майдонлар ҳолатини яхшилашдир. Чунки турли экологик омиллар таъсирида ерларнинг шўрланиши баробарида, тупроқ унумдорлиги пасайиб кетмоқда. Бунинг олдини олиш учун, энг аввало, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, органик деҳқончилик тамойилларига асосланиб, кимёвий воситалардан имкон қадар фойдаланмаслик зарур. Бу борада Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ қилинаётган лойиҳалар эътиборга моликдир.

Аллан Вильямс,

ПХКҚнинг экспертлар гуруҳи (SEEP) раҳбари

-Аввало, Тошкентда Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг навбатдаги ялпи мажлисининг юқори савияда ўтказилгани билан табриклайман! Анжуманда мен ўзбекистонлик мутахассисларнинг чиқишларини, айниқса, диққат билан кузатдим. Ва ўзбек пахтачилигининг жаҳон миқёсидаги бугунги  нуфузи сабаби мамлакатда йўлга қўйилган бой илмий фаолият, пахта етиштириш ва сифатли қайта ишлаш соҳасига жалб қилинган замонавий технологиялар эканига амин бўлдим.

Эндрю Макдональд, Бразилия

 

-Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг навбатдаги ялпи мажлисига мезбонлик қилиш Кот-д`Ивуар республикасига топширилди. Айтиш керакки, ташкилотчилик борасида Ўзбекистон тажрибасини алоҳида қайд этиб қўйдик ва бу биз учун жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Сессиялар ишини ташкил этишдан тортиб, анжуманнинг маданий қисмларигача жуда пухта режа асосида йўлга қўйилган. Биз бу ерда нафақат дунё пахтачилиги, балки бу соҳада етакчи саналган Ўзбекистоннинг бой тажрибаси билан ҳам танишиш имконига ҳам эга бўлдик. Қолаверса, бу юртнинг меҳмондўст халқи, табиати, маданий обидалари, мазали таомлари, ҳеч бир муболағасиз айтганда,  бизга жуда ҳам маъқул бўлди. Бу ўз навбатида, бизнинг олдимизга келаси анжуманнинг савиясини ҳозиргидек юқори даражада бўлиши учун катта вазифалар қўяди. Биз мамлакатимизга Ўзбекистон ҳақидаги катта таассуротлар билан қайтмоқдамиз!

Силлуе Кассум,

Кот-д`Ивуар Пахта етиштирувчилар иттифоқи Бош директори

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014