«Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси иш бошлади. Ярмарка Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун шароитлар яратиш, корхоналарнинг инновацион фаоллигини ошириш, юқори технологиялар миллий бозорининг шаклланишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган ярмаркада 5 та йўналиш бўйича инновацион ишланмалар намойиш этилмоқда.
Саноат, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, фан ва таълим ҳамда жорий қилинган инновацион ишланмалар йўналишларида маҳаллий ва хорижий компанияларнинг 500 дан ортиқ илғор ғоя ва ишланмалари экспозициялардан ўрин олган.
Мазкур ярмаркада “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ҳам иштирок этмоқда. Компания экспозицияда 15 турга яқин техник ишланма ва иновацион лойиҳалар (пахта ифлослигини ўлчаш асбоби(ЛКМ-3), пахта момиғини тозалаш қурилмаси(МТ-1), пахта хомашёсининг регенератори, икки барабанли тола тозалагич ва ҳак.) намойишга қўйилди. Кўргазма иштирокчилари билан лойиҳалар ва ўзаро ҳамкорлик борасида мулоқотлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси вакиллари ҳам тақдимот ўтказди.
Тақдимотда пахта саноатида янги технологиялардан фойдаланиш, иннавацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш борасида тизимда олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати