Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий ташкилотларнинг 2020 йилдаги илмий-инновацион фаолияти натижалари бўйича миллий рейтинги тузилди. Бунда 26 та вазирлик ва идора тасарруфида фаолият кўрсатаётган жами 105 та илмий ташкилотлардан сўров асосида уларнинг илмий-инновацион фаолиятига оид 27 йўналиш бўйича 75 та кўрсаткичдан иборат расмий маълумотлар таҳлил қилинди.
Рейтинг натижалари билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий сайти орқали танишиш мумкин.
Илмий ташкилотлар рейтинги улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг илмий-инновацион фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида аниқланади. Бундан ташқари мазкур рейтинг илмий ходимларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланишга ёрдам беради. Шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва технологияларни тайёрлашга замин яратади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан келгуси бир ой мобайнида рейтингга оид маълумотлар асосида туркум таҳлилий материаллар бериб борилади.