Ҳар йили 7 октябрь кунини Халқаро пахта куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланиб бормоқда. Шу кунда ўтказиладиган тадбирлар пахтачиликни, пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳада ўтказиладиган тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, соҳада халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва бошқа амалий чораларни белгилашга қаратилган.
2019 йилнинг 7 октябрида Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) котибиятлари билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), халқаро савдо маркази (ITC) ва халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) биринчи марта жаҳон пахта кунини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги жорий йилнинг 7 октябрь куни Халқаро пахта кунига бағишланган тадбирларни ўтказди. Вазирлик биноси ҳамда унинг атрофида ташкил этилган ярмарка ва кўргазмаларда пахтадан олинадиган маҳсулотлар намойиш қилинди, илмий-амалий семинарларда олимлар ва мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этдилар, шунингдек, инновацион ва амалий лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилди.
Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очиб берди. «Бир тонна пахта бир йилда ўртача 5 кишини иш ўрни билан таъминлайди, – деди А. Назаров. – Қуруқ иқлим шароитларида ҳам етишадиган пахта дунё аҳлини кийим-кечакка бўлган эҳтиёжини 27 фоизини қоплайди. Ундан ёғ олинади, чигитидан чорвачилик молларини озиқлантиришдан фойдаланилади. Ҳозирда эса пахтадан инновацион маҳсулотлар яратишда кенг фойдаланилмоқдаки, демак унинг истиқболи порлоқ.»
Дарҳақиқат, пахтачилик – Ўзбекистон халқ хўжалигининг муҳим соҳаси. Пахта хомашёси, ғўзанинг барглари, поялари, чаноқлари ва чигитидан 100 дан ортиқ маҳсулотлар тайёрланади, яъни ушбу экиндан чиқитсиз тўлиқ фойдаланилади. Жумладан, пахта инсонни кийинтиради, озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат учун қимматли хомашёлар олинади, чорва озуқаси тайёрланади, аҳоли иш жойлари, валюта тушумини таъминлайди ҳамда саноатнинг бошқа кўплаб соҳалари тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, самолётсозлик, мой-бўёқ, қоғоз ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш, мебель саноати ва бошқа соҳалар ривожи ҳам пахтачилик билан бевосита боғлиқдир. Ўзбекистонда пахтачилик тарихи узоқ ўтмишга эга бўлиб, бу ҳудудида истиқомат қилган халқларнинг қадим замонлардан бери пахтачилик билан шуғулланганлиги тарихий маълумотларда қайд этилган.
Унинг тарихи эрамиздан олдинги IV асрга бориб тақалади. Республикамиз ҳудудида пахтачиликнинг кенг миқёсда саноат асосида ривожланиши XIX асрнинг 60-70 йилларидан бошланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 млн. гектар) дунё мамлакатлари орасида олтинчи ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича бўйича (0,8-0,9 млн. тонна) бешинчи-олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Ўзбек пахтасининг шуҳрати жаҳонда тобора юксалиб бораётган экан, бунинг замирида мамлакатимизда пахтачилик тармоғини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, олимлар, соҳа мутасаддилари ва фермер деҳқонларимиз меҳнатининг самаралари мужассамдир.
Ушбу тадбирда “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти вакиллари ҳам ўз тақдимотлари билан иштирок этишди.
Халқаро пахта куни доирасида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаккурномаси билан тақдирланишди.
Халқаро пахта куни доирасида ўтказилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.