Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг натижаларини тижоратлаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Олимлар учун янги имкониятлар очиб, улар меҳнатининг самарасини мамлакат манфаати йўлида самарали амалга оширишга ҳисса қўшадиган кўплаб қарор ва фармонлар эълон қилинди. Бу омиллар хориждаги маҳаллий олимларнинг янги инновацион ишланмаларини патентлаш ишларини янада мустаҳкамлайди.
Маълумот учун, пахта генларининг нокаут (ўчириш) технологияси олтинчи авлод инновацион технологияси ҳисобланади. У 2008 йилда ўзбек олимлари томонидан ихтиро қилинган бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати кўмагида олиб борилган кейинги тадқиқотлар “Порлоқ“ ғўза туркумидаги юқори ҳосилли, барвақт пишувчи, узун толали, қурғоқчиликка ва тузга чидамли биотехнологик навларнинг яратилишига олиб келди. Мазкур технология дунёда илк бора пахтанинг бир вақтнинг ўзида бир нечта қимматли хусусиятларини такомиллаштириш имконини берди. Айнан муайян навнинг бир нечта хусусиятларини бир пайтнинг ўзида ўзгартириш пахта селекциясида асосий муаммо ҳисобланади. Натижада янги навларнинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 40 центнерга етди, 4.2 микронейрли, -37.9 (Стр) пишиқликдаги ва тола узунлигига 38-40 мм бўлган юқори сифатли тола олиш имконини берди.