Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

0
590

Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омил эканлигидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

1. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинсин;

интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилсин. Бунда, интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилади.

2. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) фаолиятида интеллектуал мулк объектларига талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказиш жараёнида аутсорсинг усулларини қўллаш тажрибаси йўлга қўйилсин.

3. Қуйидагилар:

Интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

Интеллектуал мулк (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуқлари) соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий ишлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари зиммасига “Йўл харитаси” ва дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади;

2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва саноат мулки) объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради;

экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади;

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш тарғиб қилинади;

Савдо-саноат палатаси ва Агентлик томонидан йилига камида бир марта республиканинг ҳар бир маъмурий бирликларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этаётган шахслар учун ўз брендига эга бўлишнинг афзаллиги бўйича Ўзбекистон ва халқаро миқёсда тан олинган миллий брендлар эгалари бўлган ишбилармонларнинг иштирокида миллий анжуманлар ва мастер-класслар ўтказилади.

5. Агентлик ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021 йил 1 октябрга қадар давлат бошқаруви органлари, давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектлари ҳисобини тўғри юритиш, уларга бўлган ҳуқуқларни хўжалик муомаласига киритиш, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштирилишига кўмаклашишга қаратилган Агентлик ҳузуридаги “Патент платформаси”ни ишга тушириш бўйича таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

мазкур платформада ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари муҳофаза ҳужжатларига оид маълумотлар батафсил акс эттирилади;

платформа электрон шаклда реал вақт режимида юритилади ҳамда унга тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий ва бепул асосда киритилади.

6. Белгилансинки:

энг яхши интеллектуал мулк объектлари яратувчиларини Агентлик томонидан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг махсус мукофотларига тақдим этиш бўйича тавсиялар киритилади;

“Энг яхши интеллектуал мулк объекти” танлови Агентлик томонидан бир йилда бир марта ташкиллаштирилади;

“Энг яхши интеллектуал мулк объекти” танлови ғолибларига (учта) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30, 25, 20 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилади.

7. Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Агентликнинг интеллектуал мулк соҳасига оид фанларни кадрлар тайёрлаш тизимига, жумладан, республика таълим ташкилотлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларида босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

Белгилансинки, интеллектуал мулк соҳасига оид фанларни кадрлар тайёрлаш тизимига жорий этишнинг биринчи босқичида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида, хусусан, ишлаб чиқариш ва техник, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги таълим йўналишларида илғор хорижий тажриба асосида ҳамда ёш авлод орасида ижодкорларнинг меҳнатига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган интеллектуал мулк фанлари жорий этилади ва улар бўйича ўтказиладиган машғулотларда соҳада фаолият олиб борувчи амалиётчилар иштирок этиши таъминланади.

8. Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотларини интеллектуал мулк масаласида иқтисодиёт тармоқлари (енгил саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар) билан боғлашни таъминлаш вазифаси юклатилсин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва “Навоийазот” АЖ 100 та “маҳаллий бренд”ларни халқаро рўйхатга олишни ташкил этсин.

10. Савдо-саноат палатаси ҳар бир ҳудудда йилига камида тўрт марта франшизалар ярмаркаси ва кўргазмаларини ташкил этсин.

11. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим ташкилотларида интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мунтазам равишда ҳисобот бериш тартиби йўлга қўйилсин.

12. Олий суд, Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ой муддатда халқаро экспертларни жалб қилиб, судьяларни интеллектуал мулк соҳасида ўқитиш дастурини ишлаб чиқиб, йил якунига қадар судьяларни ўқитиш тизимини йўлга қўйсин.

Бунда, халқаро ташкилотлари кўмаги остида интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқувчи судьялар учун чуқурлаштирилган ўқув дастури ташкил этилишига алоҳида урғу берилсин.

13. Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва амалга оширилаётган ишларнинг манзиллилигини таъминлашни кўзлаб, адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ҳудудий адлия бошқармаларининг 11 та ва туман (шаҳар) адлия бўлимларининг 17 та штат бирликларини оптималлаштириш ҳисобига Агентликнинг тузилмасида:

Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими негизида Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси (кейинги ўринларда – Бошқарма);

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Интеллектуал мулк ҳимояси марказлари (кейинги ўринларда – марказлар) ташкил этилсин.

Бунда, адлия органларининг ўтказилаётган 28 та штат бирликларидан 3 таси – Бошқармани, 25 таси – марказларни тўлдириш учун йўналтирилади.

14. Белгилаб қўйилсинки:

Бошқарма марказлар фаолиятига ташкилий ва методик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари биноларида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;

марказларга ишга қабул қилинадиган ходимлар, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида интеллектуал мулк ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг назарий ва амалий масалаларига оид ўқув дастурлари бўйича таълим оладилар.

15. Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг муомаласига, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига қарши тизимли ва самарали курашишда бевосита иштирок этиш, хусусан, огоҳлантирув ва тақдимномалар киритиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш;

жойларда интеллектуал мулк объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши билан боғлиқ фаолиятга кўмаклашиш;

интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш.

16. Агентлик икки ой муддатда марказларни юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, амалий тажрибага эга ҳамда зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажаришга қодир шахслар орасидан очиқ танлов асосида Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда тўлдирилишини ҳамда марказлар тўғрисидаги низомлар ишлаб чиқилишини таъминласин.

17. Мазкур қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ бюджет харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Адлия вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида белгилансин, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилсин.

18. Агентликка ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан:

марказлар моддий-техник базасини шакллантириш, шу жумладан, компьютер ва нусха кўчириш техникаси, алоқа воситалари, мебель сотиб олиш;

давлат экспертизасини амалга оширишга миллий, халқаро ва хорижий илмий-тадқиқот, олий таълим ва экспертлик ташкилотларини ҳамда юқори малакали соҳа мутахассислари ва экспертларини шартнома асосида жалб этиш;

Агентлик ҳузуридаги “Патент платформаси”ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича сарф-харажатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

21. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ҳамда шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.К.Давлетов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳар ярим йил якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 28 январь

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014