Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 23 февралда қабул қилинган «Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамиятининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ 3559-сонли қарори республика пахта саноатида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий замин яратди.
Мазкур қарорга асосан, илмий марказ қошидаги «Рим устахонаси» МЧЖнинг фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Ушбу корхона Пахтасаноат республика илмий марказининг экспериментал-механика цехи ва «Бектемир пахта тозалаш заводи» ОАЖнинг механика цехи негизида 1998 йилда ташкил топган бўлиб, асосий фаолият йўналиши илмий марказ лабораторияларининг талабига биноан стенд қурилмалари, асбоб-ускуналар, янги турдаги машиналарнинг намуналарини тайёрлаб бериш этиб белгиланган. Корхона, шунингдек, пахта тозалаш заводлари учун ностандарт бўлган ускуналар, алоҳида қисмлар ва узеллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Ўтган давр мобайнида илмий марказга бириктирилган тажриба-экспериментал корхоналарида «Рим устахонаси» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган янги турдаги машина ва механизмларнинг синовлари раёнлаштирилган пахта хомашёсининг техник хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилди.
Ҳозирги кунда «Рим устахонаси» МЧЖ томонидан пахта тозалаш корхоналари учун 72 турдаги машина-механизмлар ва эҳтиёт қисмлар етказиб берилмоқда. Шу билан бирга бу ерда аррали жинлар учун самарадорлиги юқори бўлган, аррали дисклар ишлаб чиқариши йўлга қўйилган. Жорий йил якунига қадар корхонада пахта тозалаш заводларининг асосий ишлаб чиқариш ускуналари ҳисобланган жин, линтер ва УХК пахта тозалаш ускуналарининг такомилллаштирилган нусхалари тайёрланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги ПҚ 3559-сонли қарори иловасида келтирилган топшириқларни ижросини таъминлаш мақсадида «Рим устахонаси» МЧЖ томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- уруғлик чигитни такомиллаштирилган туксизлантириш ускунаси тайёрланди;
- сепаратор-тозалагич ускунаси ишлаб чиқарилди;
- икки хил конструкциядаги 4.5 метр куб ҳажмли циклон ишлаб чиқилди ва «Боғдод пахта тозалаш» корхонасида тажриба-синов ишлари олиб борилди;
- пахта териш машинасида терилган пахтанинг ифлослиги ва намлиги юқори бўлган хомашёсини бирламчи тозалаш ПТ-10 русумли ускунаси «Боғдод пахта тозалаш» корхонасида ўрнатилиб, тажриба-синов ишлари олиб борилди;
- автомат горелкали иссиқлик агенти ТГУ қурилмаси бўйича «Боғдод пахта тозалаш» корхонасида тажриба-синов ишлари муваффақиятли амалга оширилди;
- УХК тозалаш тизимидан ажратилган чиқинди таркибидаги пахтани регенерациялаш 2-РХ ускунаси «Боғдод» ва «Қизириқ пахта тозалаш» корхоналарида ўрнатилиб, тажриба-синов ишлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги «2020—2021 йилларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида» ги 136-сонли қарорининг 1.1 иловасида, иқтисодиёт тармоқларида ҳар бир лойиҳа ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулот турларини ишлаб чиқариш параметрлари бўйича 18-бандида кўрсатиб ўтилган топшириқлар «Рим устахонаси» корхонаси томонидан амалга оширилиши билан бир қаторда корхонани янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турларини кўпайтириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда харидоргир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ишлаб чиқариш цехи технопаркини қўшимча технологик жиҳозлар билан ишлаб чиқариш қувватини ошириш режалари устида ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда «Рим устахонаси» МЧЖ республикадаги мавжуд бўлган барча пахта-тўқимачилик кластерлари тизимидаги пахта тозалаш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, уларнинг талабидан келиб чиқиб, зарур бўлган бутловчи эҳтиёт қисмлар ва машиналар шартнома асосида тайёрлаб берилади.
«Пахтасаноат илмий маркази» АЖ матбуот хизмати