Ўзбекистонда иккита кластер органик пахта етиштириш бўйича халқаро сертификат олди.

0
451

Кейинги пайтда жаҳон бозорида органик пахтадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.

Шу боис дунёнинг энг йирик халқаро брендлари босқичма-босқич экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш тизимига ўтяпти. Хусусан, “Adidas”, “H&M”, “Nike” брендлари 2025 йилгача тўлиқ органик пахта толаси асосида маҳсулот етказиб беришни режалаштирган. Бироқ бугунги кунда дунёда етиштирилган пахтанинг атиги 8 фоизи органик ҳисобланади.

Жаҳонда органик пахтага ўсиб бораётган эҳтиёж Ўзбекистон учун қулай имкониятдир. Мамлакатимизда ушбу янги бозорга кириш ва уни ўз маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилган.

Дарҳақиқат, 2021 йилда биринчилардан бўлиб Бухородаги “BCT Cluster” ва Тошкент вилоятидаги “ТCT Cluster” кластерларида органик пахта етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва “CONTROL UNION” халқаро сертификатлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Айтиш жоизки, органик пахта етиштиришнинг масъулияти, ўзига хос талаблари бор. Чунки экишда кимёвий ишлов берилган уруғлик чигитдан, ғўза парвариши жараёнида кимёвий ва синтетик ўғитлардан фойдаланиш, ҳашарот ва касалликларга қарши курашда кимёвий усулларни қўллаш тақиқланади. Ҳамма жараён табиий бўлиши шарт. Ана шу талаблар асосида 2021 йилги мавсумда “BCT Cluster” кластерда 105 гектар, “ТCT Cluster” кластерда 200 гектар майдонда органик пахта етиштирилди. Ўртача ҳосилдорлик Бухорода 35 центнерни, пойтахт вилоятида 31,2 центнерни ташкил этди.

Манба: uza.uz

Publication author

offline 2 years

Abdullo

Comments: 0Publics: 181Registration: 25-08-2022