Япониянинг Masui Co Ltd компанияси органик пахта мавзусида музокаралар ўтказди

0
384

Япониянинг Masui Co Ltd компанияси вакили Textile Technologies Group компаниясига ташрифи чоғида органик пахта мавзусида музокаралар ўтказди. Улар апрель ойида TTG юқори саноат стандартларига жавоб берадиган («contamination free » деб аталадиган) энг янги технологиялар ва юқори сифатли хомашёдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган органик пахтадан хомашё синов партиясини етказиб беришга келишиб олишди. «Textile Technologies Group» халқаро органик тўқимачилик стандартига (GOTS) эга бўлиб, 2 минг тонна органик пахта толаси етиштиради, келгуси йилда бу кўрсаткични 5 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Маълумот учун: Жаҳон савдо майдонида ҳар йили органик пахтадан тайёрланган тайёр тўқимачилик маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда.

«GOTS» – Глобал органик тўқимачилик стандарти, етакчи халқаро стандартларни ишлаб чиқувчилар – Органик савдо уюшмаси (АҚШ), Япония органик пахта ассоциацияси, Халқаро тўқимачилик саноати ассоциацияси (Германия) ва Тупроқшунослик ассоциацияси (Буюк Британия) томонидан дунё миқёсида тан олинган талабларни аниқлаш учун ишлаб чиқилган.

Органик сертификатнинг мавжудлиги Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари учун халқаро бозорларда кенг имкониятлар очиб, маҳсулотларни 50 фоизга қимматроқ сотиш ва кимёвий моддаларга катта маблағни тежаш, шунингдек, дунёнинг энг йирик компаниялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Жумладан Sustainable Cotton Challeng дастури иштирокчилари (Adidas, H&M, Nike ва бошқалар) 2025 йилгача экологик тоза манбалардан пахта ишлаб чиқаришни таъминлаш мажбуриятини олдилар.

Publication author

offline 2 years

Abdullo

Comments: 0Publics: 181Registration: 25-08-2022