Мониторинг марказлари: қулай, замонавий ва ишончли

0
2676

Маълумки, бу йилги пахта ҳосилига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда сифатли ташкил этиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада яхшилаш мақсадида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компания таркибидаги «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг пахта тозалаш корхоналари ҳузурида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш Мониторинг марказлари ташкил қилинди.

Айни пайтда мазкур Мониторинг марказларида иш қизғин. Шундан келиб чиқиб, ушбу марказлар фаолияти, вазифалари ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси таркибидаги “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бош директори Яшин Хидиров маълумот берди.

-Яшин Соҳибович, авваламбор, мазкур марказларни тузишдан мақсад нима ва уларнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Маълумки, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил этиш бўйича мухтарам юртбошимизнинг 2015 йил 28 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва тегишли қарорлари қабул қилиниб, Республикада етиштирилаётган пахта хом ашёсини фермер хўжаликларидан қабул қилиб олиш, қайта ишлаш, пахта толасини жаҳон бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш бўйича ягона тизим яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга пахтани экишдан бошлаб, ҳосилни тўлиқ етказиб беришгача бўлган барча жараёнлар туман ҳокимликлари, тегишли ташкилотлар ва холдинг компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан назорат қилиб боришнинг яхлит тизимимини яратиш бўйича таклиф киритилди. Мазкур таклиф қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 19 январдаги «Республикада қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда амалий ёрдам кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш Мониторинг марказларини ташкил қилиш тўғрисида»ги йиғилиши баёни билан тасдиқланди. Шу асосда республикадаги пахта етиштирувчи туманларда пахта тозалаш корхоналари ҳузурида 130 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш Мониторинг марказлари ташкил қилинди.

Марказларни ташкил этишдан кўзланган мақсад, республикада пахта ҳосилдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада такомиллаштиришдан иборат.

1

Марказларнинг асосий вазифаси қилиб, фермер хўжаликлари ва таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, солиқ идоралари ҳамда пахта тозалаш корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини янгидан тартибга келтириш, соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш, хўжаликларнинг пахта ва ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан доимий назорат тизимини мукаммаллаштириш, агротехник тадбирлар учун ажратилаётган моддий ресурслардан (ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўғитлар ва ҳ.к.) мақсадли ва оқилона фойдаланилишни назоратга олиш белгиланган.

Махсус режа асосида мавжуд Мониторинг марказлари таъмирланиб, мебель, компьютер техникаси ва керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Шунингдек, доимий алоқани таъминлаш имконини берувчи оптик ва интернет алоқа тизими чекка-чека ҳудудлардаги мониторинг марказларига ҳам ўрнатилди.

-Мазкур Мониторинг марказлари фермерлар учун қандай қулайликлар беради?

Айтиш керакки, бу марказларнинг ташкил этилиши фермерлар учун айни маддао бўлди. Ортиқча овворагарчилигу вақт исрофига чек қўйилди. Авваллари фермер бирор зарурий маҳсулотга буюртма бериш ёки зарурий агротехник тадбирлар учун маблағ олиш зарур бўлса, туманнинг турли нуқталарида жойлашган муассасаларга бориб, ярим ойлаб вақт йўқотар, бу ўз навбатида дала ишларига, айниқса ҳосилдорликка ҳам таъсир ўтказмай қолмасди. Энди эса бу жараёнлар бир жойда, яъни барча хизматларни ўзида жамлаган Мониторинг марказида ярим соатда ҳал бўлмоқда. Фермерларимиз бундан жуда хурсандлар.

Шунингдек, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига ҳисоб-китобларда қулайликлар яратиш мақсадида электрон имзо тизими, яъни смарт карталар жорий қилиниб, ҳисоб-китобларда ортиқча расмиятчиликларнинг олди олинди. Ҳозирда фермерларимиз мониторинг марказига келиб, ўзларига белгиланган меъёр бўйича ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқа турдаги хизматлар учун тўловларни электрон тизим яъни смарт карталар орқали амалга оширмоқдалар. Бу эса ўз навбатида моддий техник ресурслардан оқилона фойдаланилишига олиб келади.

Мисол учун Мониторинг марказлари фаолияти йўлга қўйилгандан кейин Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида экиш мавсуми учун ўтган йилга нисбатан 250 тонна ёқилғи мойлаш материаллар тежалган бўлса, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида 370 тонна ёқилғи мойлаш материаллари иқтисод қилинганлигини кўришимиз мумкин.

0402ca05e8e163a517e83d82c6417bb5

Бу борада олиб борилаётган ишлар, жумладан, мониторинг марказларини ташкил этилиши жойларга борганимизда туман ҳокимликлари ва фермер хўжаликларига жуда маъқул келиб, олиб бораётган ишлармиз кўпчилик фермерларимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз.

Мазкур тизим қишлоқ хўжалигида ҳисоб китобларни йўлга қўйиш билан бир қаторда фермер хўжаликлари билан контрактация шартномаси тузиш, тўлиқ майдонларга чигит экилишини ташкил қилиш шу билан биргаликда шартнома шартларида белгиланган миқдорларда хомашё базасини яратиш имкониятини беради.

Фермер хўжаликларимиз яратиб берилган бу имкониятлардан келиб чиқиб, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрамига пахта хомашёси етиштириш бўйича белгиланган ҳосилдорликни қўшимча 2-3 центнерга ошириш билан ўз ҳиссаларини қўшмоқчи эканликларини айтишмоқда.

– Мазкур марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, кўп жиҳатдан марказда фаолият юритувчи ходимларнинг малакасига боғлиқ. Улар қанчалик мақсад-вазифаларни тўғри англаса, мурожаат этувчилар учун шунчалик қулайликлар вужудга келади. Ходимлар малакасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз…

Фермер хўжаликлари билан тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида ўтказиладиган ҳисоб-китобларда қўлайликлар яратиш мақсадида ягона электрон дастур жорий қилинди. Мониторинг марказларида тайёрловчи ва таъминотчи корхоналардан бириктирилган фермер хўжаликларига хизмат кўрсатадиган масъул ходимларни замонавий электрон дастурларда ишлаш бўйича “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятида ўқув семинарлари ташкил этилди.

Республика Ишчи гуруҳи жойларга чиқиб, ҳар бир ҳудудга камида икки-уч мартадан ўқув-амалий семинар йиғилишлари ташкил этилди, мониторинг марказлари томонидан бажариладиган ишлар бирма-бир тушунтирилди. Семинар қатнашчилари орасидан энг яхши мутахассислар саралаб олинди ва уларнинг мажбуриятлари янада кучайтирилди.

Фермер хўжаликларига қўлайликлар яратиш мақсадида Марказларда “Мини банк” ташкил этилди ва фермерларга банк хизмати кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда мониторинг марказларида 2016 йилда пахта етиштириш бўйича фермер хўжаликлари билан тайёрловчи корхоналар ўртасида контрактация шартномалари ҳамда таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тузилган шартномалар мониторинг марказларида рўйхатдан ўтказилиб, тўловлар ва ҳисоб-китоблар амалга оширилмоқда.

Мониторинг марказлари ваколатини ошириш мақсадида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб бошоқли дон ва пахта етиштириш харажатларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитларни ажратиш фермерларнинг талабномасига асосан Мониторинг маркази раҳбари ва “Агробанк” филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган буюртмага мувофиқ амалга ошириш тизими жорий этилди.

3

Мониторинг марказлари таркибидаги ишчи гуруҳлари ҳамда бириктирилган ходимларнинг масъулияти ва жавобгарлигини кўчайтириш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

4

Мониторинг марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда мониторинг марказлари ҳамда холдинг компанияси биносида Республика Штаби ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият кўрсатмоқда. Штабда республикадаги мавжуд вазият тўғридан-тўғри назорат қилиниб, олинган кунлик натижалар таҳлил этилмоқда, ҳудудий марказларга аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда.

5

– Юқори ҳосилдорликка эришишда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши жуда муҳим. Бу, албатта, маълум назоратни талаб этади. Маълумотларга кўра, агротехник тадбирларнинг назорати учун алоҳида мутахассислар, махсус техникалар жалб этилаётган экан…

Албатта. Мониторинг кузатув гуруҳи томонидан агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиб бориш мақсадида пахта тозалаш корхоналари томонидан етиштирилиши кутилаётган ҳар 4000 тонна пахта хом ашёси учун биттадан жами 1000 га яқин агроном ва ер тузувчилар пахта тозалаш корхоналарига ишга қабул қилинди.

Шунингдек, холдинг компанияси, “Ўзпахтасаноат”, “Ўзпахтаёғ, “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамиятлари корхоналаридан ҳар 200 гектар майдонга 1 нафардан, жами 6500 нафарга яқин масъул ходимлар бириктирилиб, улар далаларга чиқиб, чигит экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишининг кунлик мониторингини олиб боришмоқда.

Мониторинг кузатув гуруҳларига далада олиб борилаётган агротехник тадбирларни ўрганишда қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир мониторинг марказлари 3 донадан “Дамас” русумли автомашиналар билан таъминланди.

Янги тизим бўйича мониторинг марказларига ишга қабул қилинган агрономлар томонидан ҳар куни фермер хўжаликлари далаларида олиб борилаётган ишлар холати, мавжуд камчилик ва муаммолар тўғрисидаги маьлумотлар аниқланиб, ягона электрон дастурга киритиб борилмоқда ва маҳаллик ҳокимликлар ҳамда фермерлар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Мониторинг марказлари агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, замонавий электрон дастурлар жорий қилиш орқали фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада яхшилаш имконини беради, фермерларимизнинг янада ривожланишига кўмаклашади. Айтиш жоиз бўлса, мақсадли ҳаракатлар самараси ўлароқ, жорий йилда пахта етиштиришда катта ҳосилдорликка эришиш кутилмоқда.

www.uzpse.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014