“Пахтасаноат Илмий Маркази” акциядорлик жамияти мамлакатимиз пахта саноатида катта тажриба ва бой тарихга эга, илмий фаолият учун барча замонавий шароитлар яратилган муассасалардан бири саналади. Айтиш керакки, Президентимиз Фармони билан “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ташкил этилиши муассаса фаолиятини янада жонлантириш, илмий фаолиятни янги асосда йўлга қўйиш ва маълум ижобий ўзгаришлар учун ҳам муҳим қадам бўлди. Ҳозирда марказда соҳа учун янги техника ва технологияларни, инновацион ишланмаларни яратиш, ходимларнинг малакасини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Марказнинг бугунги фаолияти хусусида «Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамияти бош директори Ринат Амирович Гуляев билан суҳбатлашдик.
-Ринат Амирович, дастлаб “Пахтасаноат Илмий Маркази” акциядорлик жамияти фаолияти ва унинг мақсад-вазифалари хусусида маълумот берсангиз.
Илмий марказ 1926 йилда Тошкент шаҳрида тажриба заводи сифатида барпо этилган бўлиб, сўнгра унинг негизида Пахта тозалаш саноатининг Марказий илмий тадқиқот институти ташкил қилинган. Бу муассаса пахта тозалаш саноати бўйича ягона илмий муассаса бўлган. Марказнинг олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида пахта тозалаш саноати корхоналари учун зарур бўлган асбоб-ускуналар яратилган.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ пахта ва ёғ-мой саноатининг янги техника ва технологияларини ишлаб чиқариш стандарти ва меъёрий ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда мутахассислари малакаларини ошириш бўйича соҳанинг илмий ва методик маркази ҳисобланади.
Илмий марказ фаолиятининг бош мақсади – пахта хом ашёсини дастлабки ишлаш техникаси ва технологиясини яратиш ва такомиллаштиришга ҳамда рақобатбардош пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришини оптималлаштириш учун ғўза уруғлик чигитини тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини олиб боришдан иборат. Шу билан бирга Илмий Марказ пахта маҳсулотларини классификациялаш ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, стандартлаштириш, меёрий-техник ва услубий ҳужжатларни ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб боради.
Марказда илмий-тадқиқот ўтказиш, янги машина ва механизмларнинг стенд синовларини амалга ошириш учун яхши жиҳозланган махсус лабораториялар мавжуд. Янги техник ишланмаларнинг реал ишлаб чиқариш шароитида апробация ва синов ишлари ҳамда жорий этиш тажриба–экспериментал пахта тозалаш корхоналарида амалга оширилади.
Илмий Марказ қошида Илмий кенгаш, “Пахта” Техник қўмитаси, соҳавий меёрий-техник ҳужжатлар чоп этиш учун полиграфия бўлинмаси фаолият кўрсатади.
Соҳа корхоналарини технологик жараёнларини қайта жиҳозлаш ҳамда пахта маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини ошириш мақсадида Илмий марказнинг илмий намуналари ҳамда лаборатория асбобларини аттестациялаш учун таркиб ва хусусиятларнинг стандарт намуналари билан таъминлайди.
Илмий таълим комплекси замонавий ва шинам ётоқхона, ўқув аудиториялари, спорт зали ҳамда замонавий ўлчов асбоблари билан жиҳозланган лабораторияларига эга бўлган малака ошириш марказидан иборат бўлиб, унда йилига соҳанинг 1000 дан ортиқ ходимлари ўз малакасини оширади.
-“Пахтасаноат Илмий Маркази” АЖ ва унинг таркибида фаолият олиб бораётган бўлим ва лабораторияларни модернизация қилиш, энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар билан таъминлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
“Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК ташкил топганидан сўнг “Пахтасаноат илмий маркази” АЖда лабораториялар, бўлимлар фаолияти қайта ўрганиб чиқилди ва янги тизим тавсия қилинди. “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКнинг бевосита рахбарлигида “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ бўлим ва лабораторияларини модернизация қилиш, замонавий технологиялар билан таъминлаш мақсадида 2016-2022 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди ва келишиш учун тегишли Вазирлик, идора ва ташкилотларга берилди.
Илмий марказ олимлари ўз илмий ишланмалари синов ишларини ишлаб чиқариш шароитида олиб боришлари учун марказда замонавий машина-механизмлар билан жиҳозланган технологик линия ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик тўйини муносиб кутиб олиш мақсадида холдинг компаниясининг тавсия асосида биноларнинг фасад қисмларини, томларини, хоналарини таъмирлаш ва бино олди ҳудудларини ободонлаштириш ишлари жадал равишда олиб борилмоқда.
Шу билан бирга ишчи ходимларга қулай ижодий шароит яратиш учун бино хоналари таъмирланиб, замонавий компюьтер ва ташкилий техника воситалари, ҳамда мебель жиҳозлари билан таъминланди. Бу мақсадлар учун 2,5 млрд сўм пул маблағ сарфланди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ ўз фаолияти доирасида катта потенциалга эга, энг сўнгги технологик ускуналар билан таъминланган, юксак билимли, малакали мутахассислар билан бутланган илмий муассасага айланмоқда.
-Албатта, ҳар бир муассаса ёки ташкилотнинг истиқболи у ерда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг саъвиясига ҳамда уларнинг илмий потенциалидан қанчалик даражада тўғри фойдаланилишига боғлиқ. Шу ўринда марказ олимлари ва мутахассисларининг янги илмий лойиҳалари, ишланмалари ва амалиётга жорий қилинаётган технологиялар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
Айтиш керакки, Илмий марказда бир неча фан докторлари, профессорлар ва фан номзодлари, кучли билим-салоҳият ва катта тажрибага эга мутахассислар фаолият олиб боради. Ҳозирда илмий марказимиз томонидан “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК раҳбарлигида пахта тозалаш саноати корхоналарига жорий қилинган замонавий талабларга мос энг мукаммал техника ва технологиялар, ўлчов ва назорат асбоб-ускуналари ва ялпи автоматлаштирилган қурилмаларни оқилона бошқара оладиган иқтидорли ёш олимларни, мутахассисларни ва кадрларни тайёрлаш устида ҳам мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, марказ ёш олимлари учун чет тилларни, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотларни тузиш, иқтисодий билимларни ўрганиш бўйича курслар ташкил этилган, малакавий ва мутахассислик бўйича имтихонларни топшириш бўйича ташкилий масалалар, докторлик ишлари бўйича мавзуларни танлашга ёрдам, ёш олимларнинг ҳар бирига етук олимларни бириктириб қўйиш ишлари амалга оширилиб, уларнинг ишлари ҳар чоракда Илмий марказ илмий кенгашининг секциясида муҳокама қилиб борилмоқда.
Ёш олимлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги “Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш” қўмитаси томонидан ўтказилаётган ёш олимларнинг амалий лойиҳалар танловида ҳам актив иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, 2016-2017 йилларга мўлжалланган танловда Илмий марказимизнинг ёш иқтидорли олимларидан Мадраҳимов Дилшод иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди ва унинг раҳбарлигида “Тўғри оқимли тола тозалагични техник-иқтисодий кўрсаткичларини кўтариш учун аррали цилиндр конструкциясини такомиллаштириш орқали модернизация қилиш” мавзуси бўйича илмий-тадқиқот иши олиб борилмоқда.
Илмий Марказнинг етакчи олимлари ёш, иқтидорли олимларни жалб қилган ҳолда 2016 йилда “Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш” қўмитаси ўтказган танлов асосида 1 та фундаментал, 5 та амалий, 1 та ёшлар амалий ва 3 та инновацион лойиҳалар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб борилмоқда. Ҳозирда уларнинг натижаси бўйича тайёрланган бир неча ишланмалар пахта тозалаш корхоналарида тадбиқ этилмоқда.
Шунингдек, марказ соҳа учун энергия ва ресурсларни тежовчи янги технологиялар йўналишидаги ғояларнинг интеграторига айланди. Истиқболли ишланмалар қаторида юқори намликка эга ва ифлосланган пахта хом ашёсини тозалаш учун янги оқим тизими ва кўчма ускуналар комплекси, пахта материалларини самарали намлаш ўрнатмалари комплекси, пахта хом ашёсини тозалагичлар чиқиндисидан регенерациялаш ускуналари ва бошқаларни санаш мумкин. Тозалаш ускуналарини элементлар бўйича модернизациялаш, пахта хом ашёсини жинлаш, чигитни линтерлаш ва линт тозалаш учун ускуналар комплексини такомиллаштириш бўйича ҳам яхши натижалар олинди. Электрон назорат тизимига киритиш уланиш имкониятига эга бўлган лаборатория асбобларининг базаси янгиланмоқда. Улар орасида ПАМ-1-толанинг “микронейр”кўрсаткичини аниқлаш учун, ПАМ-2- пахта хом ашёсининг навини аниқлаш учун ҳамда чигитларнинг тукдорлигини аниқлаш учун ТАП-1 асбоблари алоҳида ўрин тутади. Пахта хом ашёсининг ифлосланганлигини тезкор аниқлаш учун ЛКМ-3 асбобининг тажриба-экспериментал намунасини синаш ишлари олиб борилмоқда. Барча турдаги пахта материалларининг намлигини автоматик тарзда ўлчаш қурилмасини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Илмий марказда ишлаб чиқарилаётган янги приборлар, қурилмалар ва асбоб ускуналарни синаб кўрилиб, уларнинг тарғиботини йўлга қўйиш устида ишланмоқда.
-“Пахтасаноат Илмий Маркази” АЖда хорижий ва маҳаллий илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Илмий Марказ олимлари ва мутахассислари ўзимизда ишлаб чиқарилган технологик машина-механизмларни мукаммаллаштириш, самарадорлигини ошириш устида тинмай иш олиб боришлари билан бир қаторда бу борада чет элда олиб борилаётган илмий ишлар, уларда ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган технологик машина ва механизмлар, автоматлаштириш қурилмалари, воситалари ва тизимлари билан хар томонлама танишиш, ўрганиш ва лозим бўлса ўзимизда қўллаш устида иш олиб бормоқдалар. Ҳозирги кунда Самарқанднинг Жума, Каттақўрғон, Андижоннинг Андижон-3, Тошкентнинг Ўзбекистон, Чиноз пахта тозалаш корхоналарига, ҳамда ихтисослаштирилган уруғлик чигит тайёрлаш цехларига ўрнатилган чет эл техника ва технологияси, ўлчов ва назорат асбоблари, автоматлаштириш қурилмаларини ўрганилмоқда.
Шу билан бир қаторда хорижда ишлаб чиқариладиган технологик машина-механизмлар бўйича маҳаллийлаштириш дастури асосида қўшма корхоналар тузиб, уларни юртимизда ишлаб чиқариш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, пахта маҳсулотларини тойлаш учун пресс ускуналари ишлаб чиқариш бўйича Тошкент трактор заводи базасида “Синокот” қўшма корхонаси ишга тушди ва у пресс ускунларини ишлаб чиқариб, пахта тозалаш корхоналарига етказиб бермоқда.
Ҳозирги пайтда пахта тозалаш саноатида пахтага дастлабки ишлов бериш технологиясини мукаммаллаштириш, ҳар бир технологик жараёнлар бўйича янги замонавий қурилмалар, ускуналар, ўлчов асбоблари ва тизимлари, автоматлаштириш қурилмалари ва тизимларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш, янги ишланмаларни ясаш, синаш ва кенг ишлаб чиқаришга тайёрлаш ишлари, шунингдек пахта тозалаш саноатини иқтисодиётини ривожлантириш ишлари билан ҳам Республикамиздаги кўплаб корхоналар, илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқалар шуғулланиб келмоқда. Уларнинг ишини мувофиқлаштириш ҳам бевосита илмий марказ зиммасига юклатилган. Бу лойиҳаларни амалиётга доимий равишда тадбиқ этиб боришда муҳим саналади.
-Маълумки, тизимдаги рахбар ва мутахасис ходимларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш орқали қўйилган вазифаларнинг сифатли ва самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Илмий марказ қошида Малака ошириш маркази ташкил этилган. Унинг фаолияти хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
Чиндан ҳам тизимдаги кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага замонавий бошқарув услубларини мукаммал эгалланган мутахассисларни жалб қилиш муҳим вазифалар сирасига киради. Ана шу талаблар асосида “Пахтасаноат илмий маркази” қошида ташкил этилган Малака ошириш марказида ҳам белгиланган вазифа ва топшириқлар асосида кўплаб ишлар қилинмоқда.
Ходимлар малакасини ошириш бўйича ўқиш жараёнини самарали ўтказиш мақсадида тасдиқланган алоҳида мутахассисликлар бўйича дастурлар асосида “Ўзпахтасаноат” АЖ бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Илмий марказ лаборатория мудирлари, кўп йиллик тажрибага ва илмий салохиятга эга бўлган юқори малакали мутахасислар, Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги давлат бошқаруви академияси, Меҳнат вазирлиги, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Республика давлат солиқ академияси ва бошқа муассасаларнинг профессор-ўқитувчилари, мутахасислари томонидан амалий ва назарий машғулотлар ўтказилмоқда.
Буни рақамлар мисолида келтирадиган бўлсак, биргина жорий йилнинг олти ойи мобайнида 444 нафар соҳа ходими, шу жумладан, пахта тайёрлаш ишлаш пунктларининг 161 нафар лаборанти, 96 нафар бош механик, 105 нафар ходимлар бошқаруви хизмати мутахассислари «Пахтасаноат илмий маркази» АЖнинг малака ошириш курсларида ўқиди.
Дарслар асосан АКТ воситалари ёрдамида кўргазмали–слайд орқали ташкил қилинган. Тингловчилар замон талабларига жавоб берадиган ва барча қулайликларга эга бўлган ётоқхона билан таъминланган.
Малака ошириш марказида “Пахта толаси сифатини классификациялаш, сертификатлаш ва маркетинг” бўйича кадр тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш дастури асосида пахта толаси классификатори мутахасисларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Ушбу йўналиш бўйича тасдиқланган режага асосан “Ўзпахтаэкспорт” АЖ ва “Ўзпахтасаноат” АЖ мутахассисларининг малакаси ошириб келинмоқда.
Малака ошириш курслари тингловчилари турли йўналишлар ўқитилади. Дарсларда соҳага доир қонунчилик асослари ва улардаги янгиликлар билан таништирилади, фаолиятда ахборот коммуникация воситалардан фойдаланиш кўникмалари ўзлаштирилади, жалб қилинган янги технологиялар билан таништирилади, давлат стандартлари, шунингдек, ҳужжатлар билан ишлаш механизми ва бошқа муҳим ўзгаришлар бўйича маълумотлар берилади. Якуний синов имтихонлари ўтказилиб, сертификатлар топширилади.
Умид қиламизки, “Пахтасаноат илмий маркази” АЖда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бундан кейин ҳам мамлакатимиз пахта ва ёғ-мой саноати ривожига катта ҳисса қўшади.