Жорий йилнинг 31 октябридан 4 ноябрига қадар Покистон Ислом Республикасининг Исломобод шаҳрида Пахта бўйича Халқаро Консультатив Қўмитаси (ПХКК)нинг 75–чи пленар йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республиксининг мазкур мамлакатдаги элчиси Ф. Сиддиқов иштирок этди. Тадбирда ПХКК-га аъзо 14 та мамлакатдан, 4 та халқаро ташкилотлардан ҳамда Қўмитага аъзо бўлмаган мамлакатлардан вакиллар қатнашди.
Йиғилишда Ф. Сиддиқов сўзга чиқди (“Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКдан олинган маълумотлар асосида) ва ушбу ташкилотнинг навбатдаги 76-чи пленар йиғилишини 2017 йилда Ўзбекистон ўзида ўтказилишига тайёр эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистон тарафининг чиқиши тадбир ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан ижобий қабул қилиниб, ПХККнинг навбатдаги 76-чи пленар йиғилишини Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги таклифни якдиллик билан қувватлашди. Хусусан, ушбу тизимнинг ижрочи директори Ж. Сетте Ўзбекистон раҳбариятига Қўмитанинг навбатдаги йиғилишини қабул қилишга тайёр эканлиги учун миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистон ҳудудда иқтисодий ривожланган ҳамда юқори нуфузли мамлакат сифатида ПХККнинг навбатдаги 76-нчи пленар йиғилишини юқори ташкилий савияда ва дипломатик протокол даражасида ўтказилишини таъкидлади. Ўзбекистон тарафининг Қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга тайёр эканлиги Қўмитанинг якуний баёнотида акс эттирилган.
Жаноб Ж. Сетте ўзининг Ўзбекистонга қилган сафари якунларини юқори даражада баҳолаб, мамлакатда кенг миқёсда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан таъсирланганини айтиб ўтди.Унинг баҳолаши бўйича республика мустақилликнинг қисқа даври ичида жадал иқтисодий ўсиш ва сиёсий барқарорликка эришди.
Бразилиялик вакилнинг айтиши бўйича, Ўзбекистонда бўлган ҳар бир инсон ўзбек халқининг бой тарихий ва маданий меросидан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг тарихий обидаларидан кучли таассуротда қолади.
Йиғилиш давомида Қўмита аъзолари бўлган барча мамлакатлар ишчи гуруҳларининг қуйидаги мавзулар бўйича алоҳида сессиялари бўлиб ўтди:
-Иқлим ўзгариши шароитида пахта етиштиришни қўллаш ва ифлосланишни пасайтириш усуллари;
-Пахта етиштиришда сувдан фойдаланиш муаммолари, пахтага зараркунандалар тушишини назорат қилиш ва олдини олиш;
-Пахта саноатида давлатнинг роли, пахта ишлаб чиқаришида янги муаммолар, ривожланаётган мамлакатлар истиқболлари ва ҳ.к.
Шу билан бирга ПХКК пленар йиғилиши якуний баёнотини қабул қилиш, ҳозирги ижрочи директорининг контрактини яна икки йилга узайтириш, ПХККга аъзо мамлакатларнинг молиявий бадалларига тегишли масалалар кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистон ва Мозамбик вакилларининг чиқишлари тингланди.
Тадбир якунлари бўйича якуний баёнот қабул қилинди, жаноб Ж.Сеттенинг ваколати эса икки йилга узайтирилди. Бу масалада ҳинд делегацияси ижрочи директорнинг номзодини қўллашда бетараф қолди ва ПХКК раҳбарининг контрактини узайтиришда унинг бу вазифадаги иши давомида конкрет натижаларидан келиб чиқиш тўғрисида таклиф киритишди. Шу билан бирга ПХКК ижрочи директори лавозимига номзодлар учун аниқ мезонлар ишлаб чиқиш таклифи киритилди.