2016 йилнинг 22-25 ноябр кунлари «Ўзпахтаэкспорт» АЖ ва «Ўзбошдавкарантин» давлат инспекцияси вакилларидан иборат делегация ишчи ташриф билан Эронда бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Эрон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар пахта толасига махсус фумигантлар билан ишлов бериш ва Эронга экспортга йўналтирилган пахта толаси ва Эроннинг Бандар Аббас порти орқали экспорт қилинадиган транзит хажмларига оид саволлар юзасидан фикр алмашишди.
Эрон тўқимачилик уюшмасида ўтказилган учрашув доирасида эса Ўзбекистон пахтачилик саноатига бағишланган кенгайтирилган тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси пахта ва тўқимачилик саноатинининг ютуқлари ва улардаги таркибий ислоҳотлар, ўзбек пахта толасининг нархланиш механизми, шартномалар тузиш шартлари ва логистика тизими билан таништирилдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олдилар.
Учрашув якунига кўра томонлар ўсимликлар карантини сохасидаги ўзаро манфаатли хамкорликка бўлган хохишини тасдиқлади ва мазкур йўналишдаги доимий маълумот алмашиб туриш кераклигини таъкидладилар.