Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак

0
2196

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Мана, 2016 йил якунига етди.

Бу йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун кўп жиҳатдан мураккаб йил бўлди. Охирги беш ойда юз берган воқеалар буни яққол тасдиқлаб турибди.

Юртимизда бўлиб ўтган Президент сайлови ва Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари давлатимиз тизими мустаҳкамлигини, ҳокимиятнинг барча бўғинлари, жамиятимиз ва халқимизнинг жипслигини бутун дунёга яна бир бор намоён этди.

Барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бугун орамизда йўқ. Бироқ Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели»ни амалга ошириш ва замонавий давлат барпо этиш борасидаги стратегик тамойилларга биз ўз ишимизда доимо суянамиз.

Бу тамойиллар Ўзбекистонда бундан буён ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

2017 йилни биз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилдик. Бугунги мажлисимизнинг асосий мазмунини айнан шу талабдан келиб чиққан ҳолда белгилашни таклиф этаман. Шу муносабат билан сизларнинг эътиборингизни қуйидаги энг муҳим масалаларга қаратишни зарур, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, нима сабабдан ўтган йилда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг айрим кўрсаткичларига эришилмади? Бунинг учун ким шахсан жавоб беради?

Иккинчидан, 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилаб олишимиз зарур.

Учинчидан, келгуси беш йил давомида қандай стратегик вазифаларни амалга оширишимиз керак?

Мажлис иштирокчиларини огоҳлантириб айтмоқчиман: «ғалаба рапортлари» ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ва уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш зарур. Шунингдек, мамлакат Президенти ва ҳукумати даражасида ечиладиган аниқ таклифлар ва муаммоли масалаларга эътибор бериш шарт.

Мажлисни асосан мулоқот тарзида ўтказишни таклиф этаман. Қўйилган саволларга бериладиган жавоблар аниқ-равшан ва тушунарли бўлиши керак. Бу нафақат Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари ва шу залда ўтирган мажлис иштирокчиларига, балки барча шаҳар ва туман раҳбарларига ҳам бирдек тегишлидир.

Бугун мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш йўлида изчил илгарилаб боришини таҳлил қилар эканмиз, ўтган йили принципиал муҳим ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий қадамлар қўйилди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади – аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир.

Жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган бу сиёсат бундан кейин ҳам сўзсиз давом эттирилади.

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни – бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак.

Энди ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси – ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашдан иборат. Шундай давр келди.

Ана шу талабни, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифасини белгилашни таклиф этаман.

Ушбу устувор вазифалар бугунги мажлисимиз баённомаси лойиҳасида кўрсатилган. Шу муносабат билан Бош вазир А.Ариповга ана шу йўналишларни амалга ошириш бўйича ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар комплексини бир ой муддатда тақдим этиш топширилади.

Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак.

Бунинг учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим.

Биринчи – фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш керак. Ўйлайманки, ана шу муҳим ишда Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари фаол иштирок этади.

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Қонунчилик палатаси Спикери – Нуриддинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Сенат Раиси – Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев ҳам жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир.

Иккинчи – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор.

Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас.

Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди!

Бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмайди.

Учинчи – Бош вазир бошчилигида тузилган махсус комиссия бир ҳафта муддатда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури лойиҳасини яна бир бор қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун киритиши керак.

Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш, жумладан, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш – энг муҳим устувор вазифамиздир.

Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, иқтисодиёт вазири Г.Саидова, молия вазири Б.Хўжаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийни 2017 йил учун белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш борасида шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида яна бир бор огоҳлантираман.

Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов, иқтисодиёт вазири Г.Саидова ва молия вазири Б.Хўжаевнинг жорий йил якуни бўйича Давлат бюджети дефицити прогнозига доир таклифларига қўшилиб бўлмасликни алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу борада фақат бюджет профицити ҳақида сўз бориши мумкин ва зарур. Бу муҳокама қилишни эмас, балки сўзсиз бажаришни талаб этадиган стратегик вазифадир.

Бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш – бутун Макроиқтисодиёт комплекси фаолиятидаги кундалик қоидага айланиши керак.

Фақат шундагина натижага эриша оламиз. Шу муносабат билан ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ўз иш услуби ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши шарт.

Ҳар бир туман ва шаҳарда, республика аҳамиятига молик йирик корхоналар ҳиссасини эътиборга олмаган ҳолда, солиққа тортиш базасини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг барча туманларини субвенциядан чиқаришни сўзсиз таъминлаш керак.

Бу йил бошқа ҳокимликлар ва тегишли органлар учун ҳам субвенциядан қутилиш масаласида синов йили бўлади. Бунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси таркибидаги вазирлик ва идоралар ҳар куни, ҳар ҳафтада самарали ва тинимсиз иш олиб бориши керак. Бусиз натижага эришиб бўлмайди.

Шунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов иқтисодиётни бошқариш бўйича ҳозирги замонавий янги тизимлар самарадорлигига қуйи бўғиндаги раҳбарларни ишонтириши, уларни шу асосда ишлашга ўргатиши, бу борадаги натижа учун жавоб бериши ва уни кафолатлаши керак.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.

Бу ўринда асосий муаммо, менинг назаримда, қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолмоқда.

Иккинчидан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда.

Ва ниҳоят, учинчи асосий камчилик – кўпчилик раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва туманлардаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани билан боғлиқ.

Шунинг учун бугун Бош вазир ўринбосарларидан ўзларига қарашли вазирлик ва идораларнинг адвокати бўлиб эмас, балки энг аввало, давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ана шу саволларга ғоят аниқ ва равшан жавоб беришни талаб қиламан. Шунингдек, комплекс таркибидаги ҳар бир бошқарув органи раҳбарига жиддий ва аниқ баҳо беришни сўрайман.

Барқарор иқтисодий ривожланиш пойдевори бўлган таянч тармоқлардаги ишларимиз қай аҳволда?

Давлат томонидан бу тармоқлар доимо қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, нима сабабдан изчил ва барқарор ўсиш таъминланмаяпти? Ва ниҳоят, нима сабабдан тажрибали комплекс раҳбари Ғ.Ибрагимов томонидан самарали бошқарув жилови қўлдан чиқариб юборилган?

Аниқ далилларга мурожаат қилайлик.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси тизимида – А.Султонов – 2010-2016 йилларда қарийб 20 миллиард долларлик катта капитал қўйилмалар киритилганига қарамасдан, суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш камайган.

Шу билан бирга, бу борада хомашё импорт қилиш 1,3 баробар кўпайган. Йирик ва ҳаётий муҳим лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари доимо барбод қилинмоқда. 40 минг киши ишлайдиган «Ўзтрансгаз» компанияси тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик 14 фоизга ошган.

Нима сабабдан, Ғулом Иномович, сиз илгари ўзингиз раҳбарлик қилган «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги ишлар аҳволига сусткашлик билан ёндашяпсиз? Нима сабабдан ушбу тармоқдаги ишлар доимий равишда издан чиқмоқда? Қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ва уларнинг танқислиги учун шахсан ким жавоб беради? Охирги 10 йилда минерал ўғитларнинг нархи неча баробар ўсган?

Табиий савол туғилади: ўғитнинг таннархи неча марта камайган? Афсуски, бундай ҳақли саволларга жавоб йўқ. Бундан ким зарар кўряпти? Албатта, деҳқон ва фермерларимиз.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида 67 минг киши, жумладан, қўштирноқ ичидаги «пул йиғувчи»лар мавжуд бўлса-да, нима сабабдан улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмайди? Кўмир қазиб олиш тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «ёнбошлаганича ётибди».

Сизга уч йил олдин ходимлар штати ҳаддан ташқари кенгайиб кетган, жумладан, қариндошчилик асосида ишга олиш ва жуда юқори иш ҳақи белгилаш авж олган ўнлаб лойиҳа гуруҳлари фаолиятини пухта ўрганиб чиқиб, тартибга солиш топширилган эди. Нима учун топшириқни охиригача бажармадингиз?

Сиз ва сизга бўйсунувчи раҳбарлардан бугун ана шу саволларга жавоб беришингизни талаб қиламан. Шу билан бирга, биринчи ярим йилда асосий эътиборни қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратиш зарур:

биринчи – Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича яқинда тасдиқланган дастурни сўзсиз амалга ошириш учун Қ.Санақулов ва А.Фармоновнинг шахсий жавобгарлигини таъминлаш шарт. Бир-икки фоиз миқдордаги ўсиш суръатлари билан чегараланиб қолиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан Ғ.Ибрагимов қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги фабрикалар қуришга доир топшириқни бажариш бўйича қарор лойиҳасини киритишни тезлаштириши зарур;

иккинчи – нафақат жорий йилда, балки яқин 3-5 йилда фойдаланишга топшириладиган барча стратегик муҳим объектларни ўз вақтида ишга тушириш даркор;

учинчи – нефть-газ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, импортни кескин камайтириш ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш бўйича пухта ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш зарур.

Кейинги 10 йилда Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли вазирлик ва идоралар томонидан олиб кирилган асбоб-ускуналар импорти таҳлил қилинмаган. Уларни маҳаллийлаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас, бу масала билан ҳеч ким астойдил шуғулланмаяпти. Бундай ёндашув замирида нима ётибди, деган ҳақли савол туғилади.

Шунинг учун бундан буён Вазирлар Маҳкамасининг ҳар чорак якуни бўйича мажлисларидан олдин алоҳида йиғилишлар ўтказилиб, уларда ҳар қайси Бош вазир ўринбосарининг импортни ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш борасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Уларнинг фаолиятига холисона баҳо берилади.

Давлат геология қўмитаси тизими, шунингдек, унинг раҳбари И.Тўрамуратов фаолияти самарадорлиги алоҳида эътиборни талаб қилади. Яқин вақт ичида 2017-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва тиклаш дастури лойиҳасини тақдим этиш зарур.

Бош вазир ўринбосари У.Розуқулов раҳбарлик қилаётган Машинасозлик комплексида юзага келган аҳвол бизни жиддий ташвишлантирмоқда.

Энг аввало, сиз раҳбарлик қилаётган автомобилсозлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми кейинги уч йилда 2,8 баробар камайган. Бу нафақат саноат маҳсулоти ўсиш суръатига, балки мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳада импорт ҳажми экспортдан бир неча баробар юқори бўлиб, маҳаллийлаштириш даражаси эса импортга нисбатан 20 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда.

Бутун қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизимини тубдан қайта қуриш таъминланмаган. Бу тизим ўз моҳиятига кўра нафақат қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва фермер хўжаликлари меҳнатини енгиллаштиришнинг мустаҳкам пойдевори, айни вақтда мамлакатимиз валюта балансини тўлдириш бўйича кафолатланган манба бўлиши керак эди.

Охирги йилларда шахсан сиз кадрлар билан ишлашни бўшаштириб юбордингиз. Сизнинг таклифингизга кўра «Ўзэлтехсаноат» компанияси раҳбари этиб Э.Иминов тайинланган эди. Бироқ унинг иш натижалари ва бутун тармоқдаги аҳвол қандай?

Кўпгина инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш чўзиб юборилмоқда. Ички бозоримизнинг кўплаб товарларга бўлган эҳтиёжи 50 фоиз даражасида ҳам қондирилмаяпти. Экспорт бўйича топшириқлар барбод қилинган.

Сиз ва компания раиси хорижий инвестиция ва замонавий ускуна олиб келиб, замонавий рақобатдош ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этганингизни мен эслай олмайман ҳам.

Сиз хусусий тадбиркорларнинг ўзи ташаббус кўрсатаётганидан қаноатланиб юрибсиз. Тармоқда эса ҳалигача зарур силжиш йўқ.

Сиз томонингиздан «Ўзстандарт» агентлиги раҳбарлигига тавсия қилинган А.Қурбонов номзоди ва унга нисбатан талабчанлик кўрсатилмагани туфайли соҳада аниқ иш ва якуний натижа бўлмади. Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг 21 минг стандартидан атиги 13 фоизи мамлакатимизда жорий этилган, холос.

Шунинг учун ҳам сиздан ва тармоқ раҳбарларидан бугун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беришингизни талаб қиламан:

биринчи – автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, унинг маҳсулотлари рақобатдошлигини, энг аввало, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар бозорларида ошириш бўйича принципиал жиҳатдан янги тизим зарур.

Бу борада мен «отвертка билан машина йиғиш» эмас, балки асосий ва ёрдамчи тармоқларни барқарор ривожлантириш, ортиқча харажатлар ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва импортни қисқартиришни назарда тутяпман;

иккинчи – аҳоли учун мақбул нархда турли маиший электр техника буюмларини ишлаб чиқаришни таъминлашимиз керак;

учинчи – ўтган йили биз «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилдик. Савол: уларни муваффақиятли амалга ошириш ва бу ўта муҳим тармоқнинг барқарор иш юритишини таъминлаш бўйича сиз томонингиздан қандай аниқ чора-тадбирлар кўрилади?

тўртинчи – бутун стандартлаштириш тизимини тубдан қайта қуриш керак. Бундан кўзланган мақсад – мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар замонавий халқаро стандартларга жавоб бериши лозим.

Сиз ва Бош вазирнинг бошқа ўринбосарлари учун мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш 2017 йилда сўзсиз ҳал қилувчи фаолият йўналишига айланиши зарур.

Бу ўринда гап фақат экспорт ҳажмининг ўсиш кўрсаткичлари ҳақида бораётгани йўқ. Кун тартибида ўта жиддий масалалар турибди. Булар – мамлакатимизда яратилган технологияларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, “ноу-хау” намуналарини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, яъни юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Бизда улкан резервлар бор. Лекин шунга қарамасдан, ўтган йили жами 1 миллиард 540 миллион долларлик прогноз кўрсаткичлари бажарилмай қолди. Шундан 570 миллион доллари Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли корхоналарга тўғри келади. 970 миллион доллар миқдоридаги кўрсаткичлар эса ҳудудлардаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилмаган. Бизнинг маҳсулотимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 2010 йилга нисбатан 176 тадан 138 тага камайган.

Айни вақтда машинасозлик комплекси, «Ўзфармсаноат» концерни ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда импорт ҳажми экспорт ҳажмидан ўнлаб марта кўп.

«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси тизимида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми импорт миқдорига нисбатан 25-30 фоиздан ошмайди.

Нима сабабдан сиз ушбу муҳим вазифадан ўзини четга олаётган ва прогноз кўрсаткичи атиги 42 фоизни ташкил этган Тошкент шаҳри ҳокими Р.Усмонов ва туманлар ҳокимларининг шахсий жавобгарлигини белгилаш бўйича аниқ таклифлар киритмаяпсиз?

Ёки Ш.Абдураҳмонов, З.Рўзиев, Ш.Ғаниев каби тажрибали ҳокимлар раҳбарлик қилаётган Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида прогноз кўрсаткичлари атиги 65-85 фоиз бажарилганини қандай тушуниш мумкин?

Энди, рухсатингиз билан, 2017 йилда олдимизда турган вазифалар тўғрисида тўхталсак. Биз 10 миллиард 800 миллион доллар ҳажмидаги маҳсулот экспортини таъминлашимиз керак. Бу борада қандай кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишимиз зарур?

Биринчи – 15 кунлик муддатда комплекслар бўйича эмас, чунки бу ўзини оқламаяпти, балки экспортга маҳсулот чиқарадиган барча корхоналар бўйича ҳаракат дастурини пухта ишлаб чиқиш ва У.Розуқулов раҳбарлигидаги махсус комиссия мажлисида тасдиқлаш керак.

Иккинчи вазифа – 2016 йилда Тошкент шаҳри ва хорижда ўтказилган халқаро саноат ярмаркаларида жами 7,7 миллиард долларлик маҳсулотни экспорт қилиш бўйича тузилган шартномаларни амалга ошириш зарур.

Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Украина ва Беларусь Республикасида, шунингдек, бошқа давлатларда маҳсулот сотишнинг янги бозорларини излаш бўйича бошланган ишларни янада фаол давом эттириш керак. Лекин Болгария билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича берилган топшириқ, афсуски, натижасиз қолди.

Бу ишларга бизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Буни Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва ташқи ишлар вазири А.Комилов назоратга олсин.

Учинчи вазифа – «Ўзтадбиркорэкспорт» ва «Ўзсаноатэкспорт» акциядорлик жамиятлари, шунингдек, Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси йўналиши бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорти билан боғлиқ. Бу борада камида 1 миллиард 500 миллион долларлик экспортни таъминлаш керак.

Тўртинчи вазифа – мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш. Бош вазир ўринбосари З.Мирзаевга 15 кун муддатда ўтган йили 650 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинмай қолгани сабабларини атрофлича таҳлил қилиб, аниқ таклифлар киритиш топширилади.

Бу борада мамлакатимиздаги мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган 66 та туманнинг салоҳияти ва имкониятларини ҳам сўзсиз ҳисобга олиш зарур. Энди ушбу туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва тумандаги барча раҳбарлар прогноз кўрсаткичларига эришиш учун тўғридан-тўғри жавобгардир.

Бош вазир ўринбосари, махсус комиссия раиси У.Розуқулов ва янги департамент бу амалий вазифаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосарлари фаолиятини мувофиқлаштириши шарт.

Мазкур иккита комплексдаги ишларнинг ҳолатини, шунингдек, Ғ.Ибрагимов ва У.Розуқуловнинг шахсий жавобгарлигини танқидий таҳлил қилишга эътиборингизни алоҳида қаратдим. Бунинг сабаби – бу соҳаларга нафақат саноат, балки бутун иқтисодиёт ривожида ҳал қилувчи ўрин тутади, деб ғоят катта ишонч билан қараяпмиз. Уларни ва комплекслар таркибидаги ташкилотлар раҳбарларини шахсан огоҳлантираман: агар жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича реал натижалар таъминланмаса, сизларга нисбатан қаттиқ чора кўрилади.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Маълумки, биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз.

Ана шу муҳим соҳаларда қандай муаммолар бор? Бундан илгари ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари А.Икромовга мурожаат қилиб сўрамоқчиман:

биринчидан, нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмади? Бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмайди, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст;

иккинчидан, диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми?

учинчидан, сиз қачон тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб ўрнатиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлайсиз? Нима сабабдан улар аксарият ҳолатларда беморларга ҳақиқий тез ёрдам кўрсата олмайди?

тўртинчидан, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади? Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида сизга ва тизим раҳбарларига алоҳида айтган эдим;

бешинчидан, сиз нима сабабдан экологиянинг жиддий муаммолари билан етарлича шуғулланмаяпсиз? Ахир, бу соҳа одамларнинг соғлигига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилмайдими?

олтинчидан, шахсан сиз ва «Дори-дармон» компанияси раҳбари А.Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз? Ахир, бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади.

Адҳам Илҳомович, сиз раҳбарлик қилаётган комплекснинг яна бир муҳим тармоғи – жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Албатта, бу соҳада, айниқса, олий маҳорат спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз бор. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада?

Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилган. Бу – Миллий олимпия қўмитаси маблағларидан ташқари.

Бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилган. Яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак?

Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур. Шу муносабат билан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади:

биринчи – қишлоқ врачлик пунктлари, юқори технологиялар асосидаги ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларга доир топшириқларни амалга ошириш юзасидан таклифларни ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш зарур;

иккинчи – врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш бўйича таъсирчан тизим яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш даркор. Зарур бўлса, уларни моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш керак;

учинчи – 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нарх бўйича сотилишини назорат қилувчи органлар билан бирга қатъий тартибга солиш зарур. Ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини сезиши керак.

Шу билан бирга, ўтган йили сентябрь ойида тасдиқланган 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур самарали бажарилишини таъминлаш даркор;

тўртинчи – қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга ошириш алоҳида назоратга олиниши керак. Ҳар бир имтиёз ва ижтимоий ҳимоя чораси ўз эгасига етиб бориши даркор;

бешинчи – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов билан биргаликда экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш, энг аввало, жойларда чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича таклифларни яқин вақт ичида тақдим этиш зарур;

олтинчи – сиз ва шахсан маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовнинг эътиборини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида яратилган қудратли базадан самарали фойдаланиш зарурлигига қаратаман.

«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур.

Таъкидлаш керакки, вазир Б.Аҳмедовнинг бугунги мажлисимизга тайёрлаб келган жонсиз ҳисоботи ҳеч қандай танқидга чидамайди. Бу ҳисоботда на таҳлил, на аниқ таклиф бор. Афтидан, айнан шунинг учун ҳам сизнинг маданиятни ривожлантириш соҳасидаги ишларингиз асосан юбилей тадбирларини ўтказиш билан чекланиб қоляпти. Сиз ҳам, ўринбосарларингиз ҳам бу соҳага янгича мазмун киритиб, вазиятни тубдан яхшилашга ҳаракат қилмаяпсизлар.

Қадрли дўстлар!

Ҳаётнинг ўзи ва ўтган йиллар тажрибаси ҳудудларни комплекс ривожлантиришни ва инфратузилма фаолиятини тубдан ўзгартиришни таъминлашдаги жиддий камчиликларни бартараф этишни талаб қилмоқда. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлик қиладиган янги комплекс ва департамент ташкил этилди. Уларнинг бош вазифаси қуйидаги икки йўналиш бўйича барқарор ишлайдиган тизимни ташкил этишдир:

биринчи – туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболли вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳокимлик ва тармоқларни бошқариш органларининг куч ва ҳаракатини аниқ мувофиқлаштириш. Мақсад – иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги, энг муҳими, одамларнинг ҳаёт даражасидаги жиддий тафовутни бартараф этишдир;

иккинчи – йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича дастурларнинг прогноз параметрларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назорат қилиш ҳамда уларга эришиш.

Якуний мақсад – иқтисодиёт тармоқлари учун ишончли инфратузилмани шакллантириш, шаҳар ва қишлоқ аҳолисига қулай шарт-шароит яратиб беришдир.

О.Раматовнинг эътиборини шахсан ундан ва иккита департаментдан талаб этиладиган қуйидаги вазифаларга қаратаман:

биринчидан, комплекс таркибига кирадиган барча идораларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш. Пала-партиш таклифларни бериш ва шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилиш керак эмас. Яқинда шу сабабларга кўра Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш бўйича комплекс дастурни қайтаришга мажбур бўлдим. Бу каби хатоликлар такрорланмаслиги шарт;

иккинчидан, 14 та ҳудудда сайловчилар билан учрашувда кўтарилган йирик муаммоли масалаларни ҳал этишга доир қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни яқин вақт ичида якунлаш ва тақдим этиш зарур;

учинчидан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган 12 та ижтимоий ва инфратузилма дастурини амалда бажариш. Шундан 8 та дастур тасдиқланган. Яқин вақт ичида транспорт ва савдо хизматини яхшилаш, автомобиль йўлларини ва ичимлик сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш бўйича ҳужжатлар тўпламини қайта ишлаб чиқиб, тақдим этиш керак.

Кун тартибида Уй-жой ва коммунал хизмат вазирлигини ташкил этиш масаласи ҳам турибди. Ана шу лойиҳаларни тасдиқлаш жараёни сиз томонингиздан асоссиз равишда чўзиб юборилди;

тўртинчидан, мамлакатимиз ҳудудларига салмоқли инвестицияларни киритишга доир муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу сабабли тажриба лойиҳаси тариқасида Миллий банк мисолида қуйидаги тизимни жорий этиш бўйича таклиф киритаман.

Банк инвестиция фаолиятига ўз маблағлари билан бирга, ташқаридан молиялаштириш манбаларини жалб этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак. Банк раҳбари С.Раҳимов бугун ўз таклифларини бериши лозим.

Бундан ташқари, кечиктириб бўлмайдиган бир қатор ўта муҳим вазифалар бор. Улар орасида Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимини тубдан қайта ташкил этиш, шаҳарсозликнинг эскирган методология ва нормативлари, капитал қурилишдаги номутаносиблик ва муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, лойиҳа институтларининг самарасиз фаолиятини қайта кўриб чиқиш масалалари бор.

Айрим фактларни келтирмоқчиман. Шаҳарсозликни такомиллаштириш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги назоратсиз қолган. 2012-2015 йилларда ишлаб чиқилган 18 та шаҳар ва посёлканинг бош режалари ҳалигача тасдиқланмаган.

Қўмита раҳбарияти бундан 3 йил аввал туман архитекторлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенгашлар ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга “Дамас” автомобиллари ажратиш бўйича берилган топшириқлар ижроси устидан назоратни таъминламади.

Лицензияга эга бўлган 850 та лойиҳа ташкилотларининг атиги 147 таси ёки 17 фоизи мамлакатимиз миқёсидаги инвестиция дастурларини амалга оширишга жалб этилган.

Очиқ тан олишимиз керак, бизнинг энг жиддий камчиликларимиздан бири – замонавий талабларга жавоб берадиган лойиҳа институтларининг йўқлигидир. Уларнинг моддий-техник базаси ўтган асрнинг 80-йиллари даражасида қолиб кетган. Улар томонидан ахборот технологияларини, замонавий илм-фан, архитектура ва дизайн ютуқларини қўллаш даражаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Шу сабабли ҳаётнинг ўзи ҳар бир вилоятда бир-иккита замонавий лойиҳа институтини ташкил этишни талаб этмоқда.

Давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинмоқда. Ўтган йили инспекциялар томонидан пудрат ишлари ҳажми 4 миллиард 700 миллион сўмга камайтирилган. 24 мингта лойиҳа экспертизадан ўтказилганида уларнинг нархи 1 триллион 500 миллиард сўмга камайтирилган.

Савол: бундай жиддий камчиликларни Б.Зокиров ва унинг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев билмайдими? Нима сабабдан сиз иккалангиз фақатгина айрим объектлар билан чекланиб, кўрсатилган муаммоларнинг ичига кириш ва уларни ечишга умуман эътибор бермаяпсиз?

Бутун тизимни тубдан қайта ташкил этиш бўйича 20 кун муддатда аниқ таклифларни киритиш керак.

Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди. Молия вазирлиги ва унинг Йўл жамғармаси айби билан маблағларнинг кескин етишмаслиги доим сезилиб турибди. Битумни барқарор етказиб бериш масаласи ҳал этилмаган. Ўғирликлар тугамаяпти. Кадрлар қўнимсизлиги юқори.

Ўтган йили «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбариятини алмаштирдик. Бироқ бу ташкилотларнинг янги раҳбарлари – И.Маҳкамов ва Б.Зарипов зарур даражада ташаббус кўрсатмаяпти.

Умид қиламанки, О.Раматов ва бошқа раҳбарлар ўз ҳисоботида ана шу саволларга аниқ жавоб беришади. Шу йил бошида жорий қилинган ҳукумат аъзоларининг Президентга ҳисобот бериш тартиби доирасида бошқа раҳбарлар билан ҳам албатта учрашаман. Бунга барча раҳбар ходимлар ва ҳудудлар ҳокимлари пухта тайёргарлик кўришини сўрайман.

Жойлардаги аҳволнинг жиддийлиги ва оғирлигидан келиб чиққан ҳолда, О.Раматовни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинладик ва унга шу оғир участкани топширдик. Шунинг учун Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, ҳокимлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз саъй-ҳаракатини бирлаштириб, унга ёрдамчи бўлиб фаол кўмак бермаса, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.

Агар жойларда инфратузилма ва ижтимоий объектларда ўта ачинарли аҳволга дуч келсангиз, мавжуд ҳолати улардан кўра яхшироқ бўлган объектлар ўрнига ана шу ёмон аҳволдаги объектларни киритиш йўли билан, О.Раматов, сизга тасдиқланган манзилли дастурларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади. Буни барча раҳбарлар билиб олсин.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Барчамиз сўзсиз тушунамиз, иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларни муваффақиятли амалга ошириш энг аввало иқтисодий ва молиявий органларнинг фаолияти самарадорлигига боғлиқдир. Улар яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга доир стратегик вазифаларни нафақат ишлаб чиқиши, балки амалга оширишни таъминлаши зарур.

Бундан бир неча йил олдин ҳукумат мажлисида Иқтисодиёт вазирлиги ва унинг собиқ раҳбари Р.Ғуломовнинг фаолияти қаттиқ танқид қилинган эди. Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатимиздаги бошқа вазирлик ва идоралар учун ҳаракатлантирувчи куч, яъни локомотив вазифасини бажара олмаётгани таъкидланган эди. Афсуски, бугун очиқ айтиш керак, ана шу вазифа ҳалигача бажарилмади.

Аниқ далил ва муаммоларга мурожаат қиламан.

Биринчи – ислоҳотларнинг қай даражада самара бераётганини кўрсатадиган мақсадли дастурларни амалга ошириш натижадорлиги. Булар қаторида саноат ва бошқа тармоқларни ривожлантиришнинг қуйидаги иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини келтириш мумкин: ишлаб чиқариш қувватларининг аҳволи, харажатларни ва таннархни пасайтириш, маҳаллийлаштириш ва рентабеллик даражасини, маҳсулот рақобатдошлигини сўзсиз ошириш.

Тармоқлар бўйича таннарх ўртача 10 фоизга қисқартирилган бўлса-да, кимё ва енгил саноат, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа бир қатор тармоқларнинг айрим маҳсулотлари қимматлиги сабабли ташқи бозорларда рақобатдош бўла олмаяпти. Айрим корхоналар зарар билан ишламоқда.

Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришнинг аввалги усуллари эскирди. Экспортни прогноз қилиш билан бирга, импортни пухта ва синчиклаб прогноз қилмаслигимизни қандай тушуниш мумкин?

Фақат ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда маҳаллийлаштирилган қарийб 400 миллион долларлик маҳсулот четдан импорт қилинган. Айниқса, «Ўзбекэнерго», «Ўзқурилиш-материаллари» акциядорлик жамиятлари, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Ўзфармсаноат» концерни бунга берилиб кетган.

Энди, ҳурматли Галина Каримовна, бундан кейин ҳар ой, ҳар чорак якуни билан, мавжуд аҳволни чуқур таҳлил қилган ҳолда, таннархни ва импортни қисқартириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Президентга шахсан маълумот киритасиз.

Бу маълумотномада чуқур таҳлил, кўрилаётган ёки кўрилмаётган чоралар ёритилиши, шунингдек, аниқ таклифлар берилиши керак. Айрим раҳбарларнинг чилдирмасига ўйнаш даври ўтди энди. Шу асосда ҳар ойда бир марта Президент раҳбарлигида селектор йиғилиши ўтказилади ва тегишлича баҳо берилади.

Ўз вақтида, Галина Каримовна, шахсан сиз ва жаноб Э.Ғаниев эркин иқтисодий зоналар ташкил этишни таклиф этган эдингиз. Бу – яхши ташаббус, лекин у охиригача аниқ ҳаракатлар билан мустаҳкамланмади.

Исбот тариқасида «Навоий» эркин иқтисодий зонаси бўйича маълумотларни келтираман. Ўтган 8 йил мобайнида бу ерда атиги 24 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши жуда паст ва атиги 900 та одам ишга жойлаштирилган. Ўтган йили эса маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга пасайган.

Принципиал жиҳатдан янги асосларда «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш бўйича куни кеча Фармон қабул қилинди. Ўтган йиллардаги хатоларни яна такрорлашга энди йўл қўйиб бўлмайди.

Бундан деярли 10 йил олдин Иқтисодиёт вазирлигининг собиқ раҳбарияти мева-сабзавот балансини ишлаб чиқмасликни ва тасдиқламасликни қатъий таклиф этган эди. Бу нимага олиб келиши мумкинлигини, энг аввало, ички истеъмол бозорига таъсири қандай бўлишини биз бугун бошқалар мисолида кўриб турибмиз. Бунинг устига, валюта балансининг муҳим тушум манбаидан ажралган бўлар эдик.

Хорижий инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар қандай аҳволда экани танқидий таҳлилни талаб этади. Бундай инвестицияларнинг улуши 30 фоизга тушиб қолган.

Халқаро молия институтларининг кредитлари, айниқса, лойиҳалар буюртмачилари бўлмиш Республика йўл жамғармаси ва «Ўзкоммунхизмат» агентлиги томонидан самарасиз ишлатилмоқда. Чунки уларнинг фаолиятида тизим, назорат ва масъулият йўқ.

Лойиҳаларни экспертиза қилиш ва тендерларни ўтказиш бюрократлашиб кетгани энг асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини экспертиза қилиш агентлиги ташкил этилганидан кейин ҳам сезиларли ўзгариш ва натижалар йўқ. Агентлик раҳбари Ш.Ҳошимовда ташаббус етишмайди.

Ушбу масалага доир ҳукуматнинг 110-қарори ишламасдан, таъбир жоиз бўлса, жойида тошдек қотиб қолган ва ўн йилдан буён қайта кўриб чиқилгани йўқ. Бундан экспертиза органларининг айрим қўли эгри раҳбарлари ва мутахассислари усталик билан нопок мақсадларда фойдаланмоқда.

Сиздан, Галина Каримовна, 15 кун муддатда ушбу қарорга ўзгартиш киритиш бўйича таклиф киритишни сўрайман.

Маҳаллий ҳокимларнинг айби билан мамлакатимиз ҳудудларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ўта қониқарсиз аҳволда қолмоқда.

Биргина мисол келтираман. Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё вилоятларида атиги 18 та лойиҳани амалга оширишга 55 миллион доллар ёки ҳар бир лойиҳага ўртача 3 миллион доллардан хорижий инвестиция жалб этилган.

Ана шу ҳудудларнинг саноати ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мамлакат Президенти томонидан тасдиқланган махсус дастурлар амалга оширилаётган бир шароитда бу албатта етарли эмас.

Шунинг учун вилоят ҳокимлари ҳар чорак якунига кўра тижорат банклари билан биргаликда хорижий инвестицияларни олиб кириш бўйича ишларнинг қандай аҳволда экани тўғрисида шахсан Президентга ахборотнома киритади. Буни Давлат маслаҳатчиси У.Исмоилов алоҳида назоратга олсин.

Юқорида зикр этилган масалаларнинг барчаси Иқтисодиёт вазирлиги ва унинг раҳбарияти вазифасига кирмайдими?

«Биз ишлаб чиқдик ва тасдиқладик, энди сизлар амалга ошириш ва натижа учун жавоб беришга мажбурсиз» деган кайфият билан яшаб, уни одат қилиб олиш мумкин эмас. «Бизнинг қароримиз – энг юқори босқичдаги ҳақиқат ва қонун» деган яроқсиз, қўштирноқ ичидаги “принцип”га асоссиз равишда таяниш ва амал қилиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан Бош вазир А.Ариповдан вазирликнинг бутун тизимини қайта ташкил этишни таъминлайдиган ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқишни ва тақдим этишни тезлаштиришни сўрайман. Бунда унинг таркибий тузилмасига ҳокимликларнинг тугатилган Йиғма бошқармалари ва иқтисодиёт бўлимларини киритишни назарда тутиш керак.

Бироқ, энг асосийси – Иқтисодиёт вазирлигининг вазифа ва функцияларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бунда ушбу ташкилотнинг энг муҳим вазифаси сифатида вазирлик, унинг раҳбарияти, жумладан, шахсан вазирнинг якуний натижалар, шунингдек, таклиф этилаётган концепциялар, дастурлар ва улар бўйича қабул қилинган қарорларнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари учун жавобгарлиги белгиланиши лозим. Ҳукумат ушбу таклифнинг ҳуқуқий асосларини Қонунчилик палатаси ва Сенат билан бирга пухта ўрганиб чиқсин.

Солиқ-бюджет сиёсатига қатъий амал қилиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажми, йирик инвестиция лойиҳалари ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни молиялаштириш – ушбу энг муҳим вазифаларни амалга ошириш, аввало, Молия вазирлиги ва шахсан вазирнинг фаолияти самарадорлиги билан белгиланади.

Мажлисимиз иштирокчиларига мурожаат қилар эканман, қуйидаги саволларни беришни зарур, деб ҳисоблайман. Ушбу масалалар қай даражада самарали ҳал этилмоқда?

Нима сабабдан Молия вазирлигининг низоми 1992 йилда тасдиқланган бўлса-да, 25 йилдан буён асосий вазифа ва функциялари тубдан қайта кўриб чиқилмаган? Ахир, ислоҳотлар вазирлик ва унинг раҳбарларига тааллуқли эмасми? Нима сабабдан вазирлик ўзига юклатилган энг муҳим вазифаларни самарали бажаришни, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашни таъминламаяпти? Ахир, вазирлик таркибида 16 мингдан ортиқ ходим ишлайди, ҳаддан ташқари кенгайиб кетган марказий аппарат, ҳудудий органлар, Ғазначилик, Назорат-тафтиш бошқармаси, Пенсия жамғармаси ва яна 4 та махсус жамғарма мавжуд. Уларни сақлаш учун бюджетдан ҳар йили 350 миллиард сўм харажат қилинади.

Энг муҳим дастурлар, лойиҳа ва вазифалар бўйича қабул қилинган айрим қарорлар ёки умуман реал молиялаштириш манбалари билан таъминланмаган, ёки қолдиқ принципи бўйича молиялаштирилади. Нима сабабдан тўлов интизоми оқсаяпти?

Жами 18 триллион сўмлик дебитор қарздорликдан 11 триллион сўми ёки 60 фоизи охирги 3 йил мобайнида чўзилиб келяпти.

Нима учун ушбу муаммо билан Муддати ўтган қарздорликни қисқартириш комиссиясига бошчилик қиладиган молия вазири ва Марказий банк раиси жиддий шуғулланмаяпти?

Нима сабабдан пластик карточкаларни муомалага киритишдан илгари барча механизмлар пухта ишлаб чиқилмаган? Нима учун кўплаб ташкилотлар, энг аввало, бюджет ташкилотлари ходимлари – ўқитувчилар, врачлар, хизматчилар ва ҳатто пенсионерлар, айрим амалдорларнинг қўштирноқ ичидаги «янгилик»ларидан қийналиши керак?

Албатта, Давлат бюджети ўлчовсиз эмас, маблағларни қаттиқ тежаш, белгиланган мақсад учун ва оқилона ишлатишни таъминлаш зарур. Бу – ҳаммага равшан ва рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Шундай экан, нима учун Ғазначилик ва Назорат-тафтиш бошқармасининг аппаратлари ҳаддан ташқари кенгайиб кетган? Уларда жами 4 минг нафар ходим ишлайди ва уларнинг харажатига йилига 90 миллиард сўм давлат маблағи сарфланади. Ана шу тузилмалар раҳбар ва ходимлари шундай тасаввур билан яшамоқдаки, уларнинг вазифаси гўё фақатгина назорат қилиш ва бошқаларни жазолашдир.

Лекин фақат қамчи ва қилич билан ижобий натижаларга эришиб бўладими? Бу – нафақат хато фикр, балки чуқур янглишиш, деб ҳисоблайман. Бу борада профилактика ишларини ким самарали олиб боради?

Ўтган йилнинг ўзида 22 мингта ташкилотда жами 200 миллиард сўмлик ўзлаштириш ва маблағларни бошқа мақсадлар учун сарфлаш ҳолатлари аниқланган. Уларнинг асосий қисми ижтимоий соҳа ташкилотларига тўғри келади. Ана шу камчиликларни бартараф этиш тегишли вазирликлар раҳбарлари билан бирга молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Ж.Қўчқоровнинг фаол иш йўналиши бўлиб қолиши керак.

Ҳисоб палатаси (Қ.Акмалов)дан бир ой муддатда Давлат бюджети маблағларининг нафақат самарали ва мақсадли ишлатилишини ҳар тарафлама ўрганишни, балки, биринчидан, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги чоралари бўйича, иккинчидан, аллақачон вақти келган масалаларни ҳал этишга доир таклифларни киритишни сўрайман.

Молия вазирлиги, унинг таркибий тузилмалари ва аппаратининг иш юритиш шакли ва усулларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Ҳукуматнинг аксарият топшириқлари белгиланган муддатларни қўпол равишда бузган ҳолда бажарилмоқда, иш сифати ҳам аксарият ҳолатларда оқсамоқда. Шунга қарамасдан, бу тузилмалар раҳбарларининг ўзига бўлган ишончи осмон қадар баланд.

Нима учун бошқа идоралар раҳбарлари давлатнинг аниқ муаммоларини ҳал этиш бўйича малакали тавсия олиш ўрнига, доимо қоғозбозлик ва сансалорлик ҳолатлари, шунингдек, айрим вазир ўринбосарларининг баланд димоғлиги ва қайсарлиги билан тўқнашиши керак?

Ниҳоят, нима сабабдан баъзан инсон қадр-қиммати ерга урилади, бунга ким ҳуқуқ берган?! Нима учун Бош вазир ўринбосари ёки ҳукумат аъзоси қабулхонада соатлаб кутиб ўтириши керак? Нима учун Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ департаменти мудири жиддий масалалар бўйича юзаки презентация ўтказилишини кунлаб ва ҳафталаб кутади, кейин эса ҳужжат қайта ишлашга қайтарилади? Ва нима сабабдан бу жараёнларнинг барчасини штатдаги ёрдамчи эмас, балки чаласавод ва беандиша қабулхона инспектори белгилайди?

Ўйлайманки, ана шу оддий бўлмаган ва муҳим саволларга аниқ ва равшан жавоб топиш вақти келди. Шу муносабат билан Бош вазир А.Ариповга ва янги вазир Б.Хўжаевга бир ой муддатда Молия вазирлигининг ташкилий тузилмаси, унинг вазифа ва функцияларини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилади.

Кадрлар билан ишлаш ҳолатини ҳам танқидий таҳлил қилиш зарур. Ўйлайманки, молия органларининг бутун тизимидаги раҳбар ва ходимларни аттестациядан ўтказиш керак.

Ҳақиқий факт шундан иборатки, агар Р.Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик.

Такрор айтаман, фақатгина «ғалаба рапортлари» билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас.

Ҳақиқат эса хизмат вазифангизга кўра сиз шахсан жавоб берадиган қуйидаги жиддий муаммоларда ўз аксини топган.

Биринчи – иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари ва инвестиция ресурсларига ўсиб бораётган талабни қаноатлантириш бир-бирига мувофиқ эмас.

Иккинчи – нақд ва нақдсиз шаклдаги ҳисоб-китобларда фарқ мавжудлиги.

Учинчи – ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги. Сиз бу очиқ-ойдин фактларни инкор қилмайсиз, деб ўйлайман. Сиздан реал таклифларни кутаман.

Макроиқтисодиёт комплекси таркибига кирувчи бошқарув органларининг самарали ишлаши ва уларга раҳбарлик қилиш талаб даражасида таъминланмаяпти. Шу муносабат билан шахсан сизга қуйидагилар топширилади:

биринчи – Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ўзининг вазифа ва функцияларини самарали ва тўлиқ ҳажмда бажаряптими? Унинг раҳбарлари Э.Ғаниев ва Ш.Тўлаганов-чи? Бу – принципиал савол. Ушбу вазирликнинг 163 та мутахассис ишлаётган марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари нима билан машғул?

Бош вазирга 10 кун ичида аллақачон ҳал этиш вақти келган ушбу саволлар бўйича таклифлар киритиш юкланади;

иккинчи – Меҳнат вазирлиги ва унинг раҳбари А.Абдуҳакимов фаолияти самарадорлигини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштирган. Бунинг асосий сабаблари иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчилик билан боғлиқ.

Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилмаган.

Ана шу муаммоларга барҳам бериш бутун Макроиқтисодиёт комплекси ва шахсан меҳнат вазирининг биринчи даражали вазифасига айланиши керак.

Сизга, Рустам Содиқович, 15 кун муддатда ушбу ишга барча иқтисодий ва молиявий органлар, банк муассасалари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бўлинмалари ходимларини, шунингдек, барча бўғиндаги ҳокимлар ўринбосарларини жалб этишни назарда тутадиган, принципиал жиҳатдан янги, таъсирчан механизмни жорий этиш юзасидан аниқ таклифлар киритишни топшираман.

Аниқ бир мисол билан ушбу муаммони ҳал этишнинг реал йўлини айтмоқчиман. Андижон вилоятининг аҳоли зич жойлашган Олтинкўл туманида 7 та касб-ҳунар коллежи бор, уларни бу йил турли мутахассисликлар бўйича 2 минг 300 нафар битирувчи тамомлайди. Туман ҳудудида 714 та хўжалик юритувчи субъект, жумладан, саноатда – 371 та субъект, қурилишда – 167 та субъект, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида – 156 та субъект ва бошқа ташкилотлар фаолият кўрсатади.

Тумандаги ҳар бир хўжалик субъектига ўртача 3 нафар битирувчи тўғри келади.

Туманда бюджетдан ойлик оладиган иқтисодий комплекс ташкилотларидаги жами 400 нафар ходим ушбу корхоналарнинг самарали ишлашига амалий ёрдам берса, масалан, кимгадир кредит, яна кимга хомашё ёки малакали маслаҳат билан кўмаклашса, бу ишни бемалол бажарса бўлади. Агар ана шу 400 нафар одам ойига биттадан иш ўрни ташкил этишга кўмаклашса, бир йилда 4 минг 800 та янги иш жойига эга бўлиш мумкин.

Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур.

Буларнинг барчасини ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаш ва энг асосийси, хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг нафақат мажбуриятини, балки шахсий масъулиятини ҳам белгилаш зарур.

Фақат шундай йўл билан биз давлатнинг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари олдидаги мажбуриятини бажаришимиз мумкин. Худди шундай амалиётни республика олий таълим муассасалари битирувчилари бўйича ҳам ишлаб чиқиш ва жорий этиш даркор.

Навбатдаги муҳим вазифа – бу бандлик масаласини ҳал қилишнинг бутун тизимини тубдан ўзгартириш бўйича комплекс раҳбарияти, ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари шахсий масъулиятини оширишдан иборат. Шу масала бўйича қуйидаги таклифларни киритаман.

Биринчидан, ҳокимлар янги иш ўринлари яратиш юзасидан тасдиқланган кўрсаткичларни, ҳар ой якунига кўра бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларнинг иш ҳақига 15 фоиз қўшимча қўшиш билан рағбатлантирилади. Ана шу кўрсаткичлар бажарилиши таъминланмаса, аксинча, уларнинг иш ҳақидан 15 фоиз ушлаб қолинади.

Иккинчидан, мазкур йўналиш учун бевосита жавоб берадиган ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ҳам шунга мос равишда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида ё рағбатлантирилади, ё жазоланади. Бу тартиб вилоят, туман ва шаҳарларнинг иқтисодий комплекслари барча раҳбарларига нисбатан ҳам қўлланади.

Шунинг учун Бош вазир А.Ариповга, Бош вазир ўринбосари Р.Азимовга 15 кунлик муддатда иш жойлари ташкил этишни моддий рағбатлантиришга доир таклиф этилаётган ушбу тизимни шу йилнинг 1 мартидан бошлаб амалиётга жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг пухта ишланган қарорини қабул қилишни топшираман.

Учинчи – биз бугун Давлат рақобат қўмитасининг раиси Д.Ҳидоятовдан шахсан сиз ва қўмитанинг бўлинмалари хусусийлаштириш жараёнида пировард натижани нима учун назорат қилмайсиз ёки таъминламайсиз, деган саволга жавоб беришни қатъий талаб қилишга ҳақлимиз.

Сиз нима учун ушбу муаммоларни амалда ҳал этиш ўрнига менга ўзингизнинг ҳеч қандай натижа бермаган ва бермайдиган хорижий хизмат сафарларингиз ва “тақдимот”ларингиз тўғрисида оғиз кўпиртириб ахборот берасиз?

Бугун давлат бюджети ҳисобидан катта маблағларни харажат қилиб, хорижга хизмат сафарига бориб келаётган раҳбарлар ва ишчи гуруҳларидан сўрашга ҳақлимиз: қани сизлар оғиз тўлдириб, қоғозга чиройли қилиб ёзиб берган натижалар, қани инвестор ва инвестициялар?

Сиз бу ишларга мутасадди давлат қўмитасининг раҳбари бўлиб, бундай натижаларни кимдан талаб қиляпсиз? Биргина Корея Республикасига корхоналарни сотамиз, инвестициялар олиб келамиз, деб ташкил этган бир нечта бизнес форумларингиз натижа бердими, қани ваъдалар?

Агар сизлар хорижий сафарларга сарф қилган харажатларни ҳисоб-китоб қилсак, шу пулнинг ўзига иккита йирик корхонани сотиб олса бўларди.

“Ноль” қиймати бўйича 1 минг 27 та объект сотилган. Албатта, бу яхши, бироқ нима учун уларнинг кўпчилиги, баъзиларини ҳисобга олмаганда, ишга туширилмаган ва вайрона ҳолида ётибди?

Биз уларнинг ўрнига нимани ташкил этдик, қандай қувватлар ва ишлаб чиқаришлар барпо этилди, қанча одам иш билан банд? Нима учун сотилиши лозим бўлган 119 та акциядорлик жамиятидан фақат ярмининг 15 фоизлик улуши хорижий инвесторларга сотилган?

Давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак? Сўзсиз ва биринчи навбатда сиз, қўмита раиси сифатида жавоб беришингиз шарт.

Сиз олдинги раҳбарларнинг хатоларини такрорлаб, сусткашлик қилиб ва фақат статистика билан шуғулланиб асосий бўғинни – мамлакатнинг ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни бой беряпсиз.

Сизга охирги марта, комплекс раҳбари ва Давлат маслаҳатчиси О.Муродов билан биргаликда, Олий Мажлис билан ўзаро ҳамкорликда 20 кун муддатда, биринчидан, ушбу муаммоли масалаларни бартараф этишни, иккинчидан, сотилган ва сотиб олинган давлат мулкининг ишламаслиги, ундан самарасиз фойдаланилгани ёки талон-тарож қилингани учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий мажбурият ва масъулиятини пухта ишлаб чиқишни назарда тутадиган комплекс аниқ чора-тадбирларни тақдим этишни топшираман.

Давлат статистика қўмитаси раҳбариятининг фаолиятида ҳам эскича ёндашувлар бартараф этилмаган. Уларнинг иш усули, ҳисоб-китоблари ва маълумотлари амалий ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган камчилик ва муаммоларнинг сабабларини тўлиқ очиб бермаяпти.

Охирги йилларда туризмдек муҳим соҳа комплекс раҳбарининг зарур даражадаги эътиборидан четда қолиб кетди. Бу хатони сўзсиз ва энг муҳими, натижали равишда тўғрилаш керак. Биз ҳозир фақат туризмни ривожлантириш билан шуғулланадиган тузилмага доир масалаларни тасдиқладик.

Бу чоралар туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига қўшадиган ҳиссасини ошириш, тарихий ва маданий қадриятларимизни тарғиб қилиш, шунингдек, валюта захираларини тўлдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар билан кучайтирилиши зарур. Бу вазифани ҳал қилиш учун 1 ой муддат берилади.

Ушбу муаммолар кўп жиҳатдан вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликларнинг иқтисодий тузилмалари билан тизимли ишлар йўлга қўйилмагани натижасидир.

Ахир, қачондир ва кимдир туроператорларнинг дардини эшитганми? Улар қандай масалалар билан шуғулланяпти, қандай муаммоларга тўқнаш келяпти? Уларга аниқ профессионал ёрдам кўрсатиш ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлади.

Тақдим этилган ҳисоботларда зарур саволларга умуман жавоб йўқ. Биринчи – қанча одам меҳнат қиляпти? Иккинчи – ҳудудларда ислоҳотларни амалга ошириш бўйича муаммолар билан ким шуғулланяпти: менежерми ёки иқтисодиётдан умуман узоқ одамларми? Яна бир бор комплекс раҳбарига ушбу муаммо билан яқиндан шуғулланишни топшираман. Фақат энди талаб қаттиқ бўлади.

Комплекс раҳбари Р.Азимов, тегишли тузилма ва ҳокимликларнинг жиддий ва кундалик эътиборини талаб қиладиган яна бир муҳим йўналиш бор. Бу – хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг таъсирчан ҳимоясини таъминлашдир.

Тадбиркорлар билан шахсан учрашишга сизларга нима халақит беради? Албатта, бу учрашувларда сизларга ёқмайдиган саволлар берилиши табиий.

Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувларда шахсан ўзим шунга қаттиқ ишонч ҳосил қилдимки, бундай саволларни беришга уларнинг тўлиқ ва қонуний ҳуқуқи бор.

Бу ҳуқуқни улар турли маълумотнома, рухсатнома ва сертификатлар, кредит олишда неча кунлар навбатда туриш, ноқонуний текширувлар, бой берилган иқтисодий ва молиявий фойда ҳисобидан қўлга киритган.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг кўпчилиги ҳақиқий фуқаролик позициясида туриб, етим болалар ва ночор оилаларга, маҳаллалар ва ижтимоий соҳа муассасаларига беғараз ёрдам бермоқда.

Бунинг эвазига улар нима оляпти? Биринчиси – фақат қўрқув, яна текширишни ва сиқувга олишни бошлашади, эркин меҳнат қилишга, оиламни, бола-чақамни боқишга яна имконият бермайди, деган қўрқув. Шу сабабли улар ўз ишида камчилиги ва қонунбузарлик ҳолати бўлмаса ҳам турли даражадаги амалдорлар билан «келишиб олишга» мажбур бўлмоқда.

Ўйлайманки, буларнинг барчасидан сиз, Рустам Содиқович, танқидий хулоса чиқарасиз ва жорий йил якуни бўйича ҳукумат мажлисида реал натижалар билан ҳисобот берасиз.

Ҳурматли дўстлар!

2016 йилда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилди.

Шу билан бирга, 2016 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва устувор вазифаларни бажаришни таъминламаган айрим раҳбарларга бугун ҳукумат мажлисида алоҳида баҳо беришни зарур, деб ҳисоблайман.

Биринчи – бу ер майдонларини оптималлаштиришдаги камчиликлар. Тошкент, Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бу жараён талаб даражасида ўтказилмаган.

Халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича номзодлар танлашда жиддий хатоларга йўл қўйилган.

Иккинчи – айрим фермер хўжаликлари етарлича айланма маблағлар, зарур техника ва бошқа моддий-техник ресурсларга эга эмас. Бу қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигига, шартнома мажбуриятлари бажарилишига ва фермер хўжаликларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Учинчи – ишлар етарли даражада ташкил этилмагани ва айрим раҳбарларнинг, жумладан, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилоятлари собиқ ҳокимларининг шахсий масъулиятсизлиги сабабли бир қатор туманлар ва фермер хўжаликларида кутилган даражада пахта ҳосили олинмади.

Косонсой, Ангор, Музработ, Қизириқ, Шеробод, Қуйичирчиқ, Қўштепа туманларида пахта сотиш бўйича шартнома мажбуриятлари 60-65 фоиз даражасида қолиб кетган. Зарбдор, Пахтакор, Арнасой, Мирзаобод, Ховос, Сардоба, Гулистон, Чуст ва Бекобод туманларида давлат захираси учун ғалла етказиб бериш мажбуриятлари бажарилмаган.

Ана шу фактларнинг ҳар бири бўйича мажлис баёнида принципиал ва қатъий баҳо бериш зарур.

2017 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, компаниялар ва бошқа идоралар, шунингдек, барча бўғиндаги ҳокимликлар қуйидаги стратегик муҳим вазифаларни амалга ошириши шарт:

биринчи – экин майдонлари ва экинлар таркибини оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш, мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтириш;

иккинчи – фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш. Охирги 10 йил мобайнида минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва уруғлик нархининг ўсиши билан пахта хомашёси ва ғаллани харид қилиш нархлари ўсиши ўртасида кескин фарқ борлиги кузатилмоқда;

учинчи – ўтган йилларда Молия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Жамғарма раҳбарияти томонидан шакллантирилган, агротехника тадбирларини молиялаштиришда ижобий натижа бермаётган ва мутлақо чала тизимга барҳам бериш зарур.

Неча йилдан бери савол бераман: агарки қишлоқ хўжалиги масъулиятсизларча ёндашув асосида молиялаштириладиган бўлса, давлат хариди учун маҳсулотни қандай етиштириш мумкин? Бу саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ. Нима сабабдан?

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Жамғарма томонидан фермер хўжаликларига 300 миллиард сўм маблағ тўлаб берилмаган. Табиий савол туғилади: агар фермер давлат олдида ўз мажбуриятини бажарган бўлса, нега давлат ва унинг баъзи бир раҳбар ходимлари бу масалага бефарқ ва беэътибор муносабатда бўлмоқда? Ким бунга масъул? Ким шахсан жавоб бериши зарур ва шарт?

тўртинчи – охирги йилларда агросаноат комплексида ташкил этилган янги бошқарув органлари фаолиятидаги бир қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатъий чоралар кўришимиз зарур.

Энг аввало, бу ўринда гап «Ўзпахтасаноатэкспорт» компанияси (А.Камолов) ва унинг таркибига кирувчи «Ўзпахтасаноат» (Я.Хидиров), «Ўзпахтаэкспорт» (Ж.Қодиров) ва «Ўзпахтаёғ» (В.Жўраев) акциядорлик жамиятлари тўғрисида боряпти.

Ушбу тармоқларни модернизация қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, пахта хомашёсини қайта ишлаш бўйича марказларни ташкил этиш бўйича ишлар ўта қониқарсиз йўлга қўйилган.

«Ўзбекозиқовқат-холдинг» компанияси раҳбарлари О.Рустамов ва А.Салимовга саволлар тўпланиб қолмоқда. Мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 20 фоизга ҳам етмайди. Янги технология ва стандартлар ўта сусткашлик билан жорий этилмоқда.

Қўшма корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайган. Ана шу раҳбарларга нисбатан вақт ва ишонч захираси тез вақт ичида ниҳоясига етади. Улар бундан хулоса чиқариши зарур.

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти раҳбари И.Ҳайдаров, «Ўзвиносаноат-холдинг» – Ш.Раҳимов ва «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси – М.Мансуров фаолиятида замонавий ёндашув ва янгиликлар сезилмаяпти.

Аниқ фактларни келтираман. Экспорт таркибида ип-калаванинг улуши юқорилигича – 53 фоиз даражасида қолмоқда. Аҳолининг пойабзалга бўлган эҳтиёжини қондириш даражаси 41 фоизни ташкил этади. Узум етиштирадиган, вино ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар самарасиз ишлаяпти.

Ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш Бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев учун биринчи ва жиддий имтиҳон бўлади.

Сиздан яқин вақт ичида уларни бажаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб, ахборот беришингизни сўрайман.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Бугун Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоевадан кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар бўйича жавоб беришни ва уларни амалда ҳал этиш юзасидан аниқ таклифларни кутамиз.

Биринчи вазифа – биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур.

Иккинчи вазифа – аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ.

Учинчи вазифа – аёлларни уларга муносиб меҳнат билан бандлигини таъминлаш масаласидир. Аёллар учун доимий иш жойлари яратиш борасидаги муҳим масала билан бир қаторда, оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш ишлари ҳам оқсамоқда.

Бу ўринда расмиятчиликка, қоғозбозликка, ҳатто кўзбўямачиликка берилиш ҳолатлари ҳам кам эмас ва бу ҳақда кўплаб ҳаққоний мисолларни келтириш мумкин. Савол туғилади: кимни ва нима учун алдаяпмиз?

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари Т.Норбоева бошчилигида Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Нуроний”, “Маҳалла”, “Камолот” тузилмалари, Дин ишлари бўйича қўмита, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбар ва мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилсин.

Ушбу гуруҳлар жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига бориб, уч ой давомида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, мавжуд вазиятни чуқур ва пухта ўрганади, таҳлил қилади ва жойлардаги оддий оилалардан, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиздан ҳам таклифлар олади.

Бош вазир А.Ариповдан Давлат маслаҳатчиси О.Муродов билан биргаликда, ана шундай ўрганишлар натижалари ва аччиқ сабоқлари асосида мавжуд муаммо ва масалаларнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам ташкилий томондан ечимини ўзида акс эттирган Президент қарори лойиҳаси ва аниқ чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиб, 20 апрелгача тасдиқлаш учун киритишни сўрайман.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Аввалги учрашувларда таълим ва илм-фан, давлатнинг ёшларга доир сиёсатини амалга ошириш, таълимнинг янги, замонавий усулларини, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасидаги ишлар аҳволи танқидий таҳлил қилиб берилган эди.

Бу борадаги долзарб вазифаларни амалга ошириш ёшларимиз, жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келажаги учун стратегик аҳамиятга эга экани сабабли ушбу соҳадаги ишлар шахсан Бош вазирга юклатилган. Сизнинг эътиборингизни қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратаман.

Биринчи вазифа – мактабгача таълим соҳасида. Очиқ тан олишимиз керак, биз бу муҳим соҳадаги ишларни эътибордан четда қолдирдик. Ушбу соҳада болаларни қамраб олиш 27 фоизни ташкил этади.

Яқинда тасдиқланган дастурга кўра, бу йўналишда 2 минг 200 та муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади.

Шунингдек, тажрибали педагог ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, ўқув режа ва дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Олдимизда ёшларга тарбия бериш, психология ва бошқа турли соҳаларда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича мураккаб вазифалар турибди.

Иккинчи вазифа – умумтаълим мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, олий ўқув юртларидаги ўқитиш сифати билан боғлиқ. Замонавий ўқув режа ва услубларини жорий этиш талаб даражасида эмас.

Болалар ва ёшларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини, хорижий тилларни ва замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш вазифалари ҳали сифатли ва тўлиқ ҳолда ечилгани йўқ.

Яна бир муаммони ҳал этиш ҳам ўта муҳим ҳисобланади: бу – педагоглар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг профессионал даражаси, уларнинг махсус билимларидир. Бу борада таълим олиш, маънавий-маърифий камолот масалалари ва ҳақиқий қадриятларни шакллантириш жараёнларига фаол кўмак берадиган муҳитни яратиш зарур.

Учинчи вазифа – таълим муассасаларини, энг аввало, касб-ҳунар коллежларини оқилона жойлаштиришни, шунингдек, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳар бир ҳудуднинг зарур мутахассисларга бўлган талабини тўғри аниқлашни танқидий таҳлил қилишдир.

Ҳозирча ушбу механизм ишламаяпти. Тармоқлар раҳбарлари кадрларга эҳтиёж тўғрисидаги маълумотни Олий таълим вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этишади. Кейин мутахассисларни тайёрлаш квоталари бўйича чуқур ўйланмаган таклифлар ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида кадрлар сифати ва уларни ишга жойлаштириш муаммоси йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

Афсуски, ҳеч ким бунинг учун жавобгар эмас. Нима сабабдан? Ахир, бу ўринда гап барчамизнинг фарзандларимиз тўғрисида, ҳеч бир муболағасиз айтиш керакки, мамлакатимизнинг келажаги ҳақида кетяпти.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимовни огоҳлантириб айтмоқчиман. Сиз бу соҳада катта тажрибага эга бўлган ҳолда, нафақат ушбу камчиликларни бартараф этиш, балки туб ва сифатли ўзгаришларни таъминлаш учун ҳам шахсан жавоб берасиз. Олдинги йиллардаги хатоларни такрорлаш керак эмас.

Тўртинчи вазифа – нафақат академик илм-фанни, балки олий ўқув юртларидаги илм-фанни янада ривожлантириш. Бунга Фанлар академияси аъзолари билан яқинда ўтказилган учрашув ва узоқ муддатли мулоқот давомида қатъий ишонч ҳосил қилдим.

Бу ўринда, менинг назаримда, иккита асосий вазифани ҳал этиш зарур:

биринчи – илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини илғор хорижий марказлар даражасида ва олимлар талабларига мувофиқ сезиларли равишда мустаҳкамлаш керак. Бунда, албатта, давлатнинг эҳтиёжлари ва унинг мақсадли вазифалари инобатга олиниши шарт;

иккинчи – академикларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, моддий рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Сизга, Абдулла Нигматович, Фанлар академиясининг янги Президенти Б.Йўлдошев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда бир ой муддатда олимлар билан учрашувда берилган топшириқларни ижро этиш бўйича пухта ишланган чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш топширилади.

Бешинчи вазифа – китобларни чоп этиш ва тарқатишдаги муаммоларни ҳал қилишдир. Бу ўринда гап, энг аввало, ёшлар ва аҳоли ўртасида мамлакатимизнинг бой тарихини, унинг бетакрор маданияти ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, жаҳон илм-фани ва адабиёти ютуқларини етказиш учун зарур муҳит ва шарт-шароит яратиш ҳақида бормоқда.

Бу борада замонавий компьютер технологиялари ва, айниқса, интернет тизими биздан анча илдамлаб кетганини ҳам инобатга олиш зарур.

Ана шу вазифани ҳал этишда турли дарсликларни яратиш, уларни чоп этиш ва молиялаштириш масалаларида идоралар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик, афсуски, жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Шу муносабат билан, Бош вазирга алоҳида комиссия тузиб, бир ой муддатда дарсликлар, махсус ва бадиий адабиётга бўлган реал эҳтиёжни, уларни бошқа тилларга таржима қилиш, улар билан ўқув юртлари, кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш топширилади.

Бунда ёшлар ва аҳолининг кенг қатламлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Китобларнинг ҳақиқий нархи шаклланишини жуда ҳам пухта ўрганиш зарур.

Шу ўринда ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди.

Ушбу масалаларни амалга ошириш учун биз куни кеча алоҳида фармойиш ҳам қабул қилдик.

Бизнинг навбатдаги кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболдаги вазифамиз – «Электрон ҳукумат» тизими самарали ишлашини таъминлашдан иборат. Ҳозирча у тўлиқ ҳажмда ишламаяпти. Айрим идоралар эса бу тизимга ёки уланмаган, ёки очиқ айтадиган бўлсак, уни нима қилишни ҳам билмайди.

2016 йилдаги айрим фактлардан ўзингиз хулоса чиқариб олинг. Давлат хизматлари ягона порталига 534 минг фуқаро ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлардан 6 мингдан ортиғи ёки кўриб чиқилмаган, ёки уларга ўз вақтида жавоб берилмаган.

Рўйхатга олинган 4 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг атиги мингга яқини тизимга жойлаштирилган. Туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг кўпида ушбу тизим самарасиз ишлатилмоқда.

Ҳатто технологик жараёнларни ва бошқариш тизимларини такомиллаштиришга жиддий эҳтиёж бўлган йирик корхоналар, ташкилот ва хўжалик бирлашмалари ҳам ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда зарур ташаббус кўрсатмаяпти. Улар қаторида «Ўзбекнефтгаз», «Ўздонмаҳсулот» компаниялари, «Ўзфармсаноат» концерни, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ҳам бор.

Бундай юзаки ёндашув билан кўплаб муаммоларимизни ечишимиз мумкинми? Шу сабабли яқин вақт ичида ана шу ишлар аҳволини муҳокама қилиб, бу борада тасдиқланган Миллий дастурни бажаришнинг самарадорлиги юзасидан кўрилган чора-тадбирлар, шунингдек, истиқболдаги вазифалар тўғрисида ахборот бериш керак.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Ҳокимларнинг мавқеи ва роли, уларнинг тумандаги, шаҳар ва вилоятдаги ишлар аҳволи учун шахсий жавобгарлиги Конституциямизда принципиал қоида сифатида белгилаб қўйилганини барчангиз яхши биласиз.

Биз ҳар доим уларнинг фаолияти натижаларига алоҳида эътибор қаратганмиз ва бундан кейин ҳам бу масала диққатимиз марказида бўлади.

Шуни инобатга олиб, яқинда барча бўғиндаги ҳокимликларнинг тузилмасига принципиал ўзгаришлар киритилди. Бунга қандай зарурат бор эди?

Биринчидан, ҳудудларни, айниқса, қолоқ шаҳар ва туманларни комплекс ривожлантиришга доир энг муҳим устувор вазифани амалга ошириш заруратидан келиб чиқилди.

Агар ҳудудларнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткичларини солиштирсак, улар кун ва тундек бир-биридан фарқ қилади.

Иккинчидан, ҳудудий ва тармоқ бошқаруви самарасига, уларнинг ривожига холис баҳо беришни қийинлаштирадиган ҳолатлар мавжуд. Масалан, республикага бўйсунадиган йирик корхоналар кўрсаткичини чиқариб ташласак, вилоятлар ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми жуда кичик бўлиб қолади.

Бош вазир А.Ариповга бир ой муддатда ҳудуд ва тармоқлар кўрсаткичлари ҳисоби ва уларни статистикада акс эттириш механизмини такомиллаштириш юзасидан қарор тайёрлаш ва қабул қилиш юкланади.

Масалан, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, нефть-газ ва кимё саноати корхоналарининг ҳудудларга бевосита алоқаси йўқ. Уларни ривожлантиришга эришишда ҳокимликларнинг ҳеч қандай роли ва хизмати йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Шунинг учун оқни – оққа, қорани – қорага ажратиш вақти ҳам келди. Шунда статистик рақамлар ҳам ҳақиқий ҳолатни акс эттиради.

Учинчидан, ҳокимликларнинг тузилмасини ишлаб чиқишда тўпланган тажриба ҳамда бир қатор вилоятлар ҳокимларининг таклифлари ҳисобга олинди.

Тузилмага қўшимча равишда қуйидагилар киритилди. Барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳокимнинг иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, шунингдек, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилди.

Ахборот-таҳлил гуруҳлари кучайтирилди. Чегарага яқин 80 та туманда ҳокимнинг махсус ёрдамчиси лавозими киритилди. Жами 739 та қўшимча штат ташкил этилди.

Яқинда ҳокимлар ва ҳокимликларнинг барча ходимлари иш ҳақини уларнинг меҳнат стажидан келиб чиққан ҳолда ошириш бўйича қарор қабул қилинди.

Ўйлайманки, энди барча бўғиндаги ҳокимларнинг ходимлар сони етишмаслиги тўғрисида шикоят қилиши учун объектив асос йўқ. Энди ушбу лавозимларга самарали ишни таъминлайдиган, муносиб кадрларни танлаш бўйича олдимизда муҳим вазифа турибди.

А.Арипов, О.Раматов ва Р.Азимовнинг эътиборини ҳокимларнинг биринчи ўринбосари лавозимларига муносиб номзодларни тақдим этиш чўзиб юборилганига қаратаман.

Бироқ яна бир устувор вазифа бор. Бу – Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, департаментлар, тармоқларни бошқариш органлари раҳбарларининг ҳокимлар ва уларнинг тегишли ўринбосарлари билан ўзаро яқин алоқаси ва фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлашдир. Энди самарали ишлаш барча раҳбарлар учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

2017 йил ва ундан кейинги даврга белгиланган вазифаларни амалга ошириш учта энг муҳим талабга ҳал этувчи даражада боғлиқдир.

Биринчи – давлат раҳбари – Президентдан бошлаб барча бўғиндаги раҳбарларнинг якуний натижалар учун шахсий жавобгарлиги.

Иккинчи – ҳамма соҳада аниқ тартиб ва қаттиқ интизомни таъминлашимиз даркор. Яна бир бор таъкидлайман, ишни биргаликда бажарамиз, натижа учун эса ҳар биримиз шахсан жавоб берамиз.

Учинчи талаб – қаторларимиз ва кадрларимизнинг софлигини таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатларнинг илдизини қуритиш.

Ўтган йили ишдаги жиддий камчиликлар ва шахсий масъулиятсизлиги учун олий ва ўрта махсус таълим вазирини, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти, «Ўзагросаноатмаш-холдинг» компанияси, «Асакабанк» ва бошқа бир қатор бошқарув органлари ва ташкилотлар раҳбарларини лавозимидан озод этдик.

Айнан ана шу сабабларга кўра Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, шунингдек, бир қатор шаҳар ва туман ҳокимлари лавозимидан озод қилинди.

Буларнинг барчаси давр талаби. Бу талаб иқтисодиёт ва айниқса, ижтимоий соҳанинг, шунингдек, аҳолининг муҳим муаммоларини бир ой ёки бир йилдан кейин эмас, балки шу бугун, ҳозирнинг ўзида ечиш заруратидан келиб чиқади.

Ҳисобот берувчи Бош вазир ўринбосарлари, тармоқлар раҳбарлари ва ҳокимлардан, шунингдек, мажлисда иштирок этаётган барча мутасадди шахслардан асосий эътиборни қуйидаги саволларга қаратишни сўрайман:

биринчи – ҳар бирингиз камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун қандай аниқ чораларни кўрасиз?

иккинчи – иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларини ривожлантириш бўйича қайси энг муҳим кўрсаткичларни жорий йил биринчи чораги ва биринчи ярим йиллигида бажариш учун нима қилиш керак?

Яна бир бор таъкидламоқчиман: бизга назарий ва умумий фикрлар эмас, ана шу иккита саволга аниқ ва лўнда жавоб керак.

* * *

Бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажлисга якун ясаб, қуйидаги фикрларни таъкидлади.

– Азиз дўстлар, ҳозир сизлар билан белгилаб олган мақсад ва вазифаларга эришиш учун ишимизни янгича асосда ташкил этиб, ҳар биримиз ўз жойимизда масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ иш олиб боришимиз керак. Бугунги мажлисда билдирилган барча таҳлилий ва танқидий фикрлар эртанги кун учун, янги марраларни эгаллашимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Ҳаммамизга бир ҳақиқат равшан бўлиши лозим: биз мавжуд ривожланиш суръатлари билан ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эриша олмаймиз. Бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари тобора ортиб бормоқда. Мана шундай мураккаб шароитда “Сен – менга тегма, мен – сенга тегмайман” деган кайфият билан ишлашнинг вақти ўтди. Биз “вазият ёмон, вазият оғир” деб баҳона қидиришга ўрганиб қолганмиз. Лекин шу вазиятни ким ўзгартиради, ким изга солади, деган саволни, келинг, ўзимизга берайлик. Вазиятни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз, меҳнатимиз билан ўзгартирмасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни биз учун қилиб бермайди.

Бугун бу мажлисда ҳамма нарса ўз номи билан айтилиб, иқтисодиётимиздаги мавжуд аҳвол холис таҳлил қилинди, келгуси режалар белгилаб олинди.

Энг муҳим вазифамиз – мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Бунинг учун эл-юртимиз аввало биз – раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз аравасини ўзи тортиши, ўз соҳасидаги ишларнинг аҳволи учун ўзи шахсан жавоб бериши керак. Шундан кейин жамиятимизда ўзгариш бўлади, ривожланиш бўлади.

Ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган Президент сайлови халқимизнинг эртанги кунга, келажакка бўлган ишончини кўрсатди. Энди биз ана шу юксак ишончни амалий ишлар билан оқлашимиз шарт. Шунинг учун ҳам ҳаммамиз хулоса қилайлик: жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг ишончини қозониш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб яшаш керак. Одамлар буни кундалик ҳаётда сезиши, кўриши зарур.

Халқимизда “Дўст ачитиб гапиради” деган мақол бор. Биз бир-биримизга нисбатан айтилган танқидий гапларни албатта тўғри тушунамиз, деб ўйлайман.

Ҳаммамизга маълум, ўтган йил биз учун осон бўлмади. Жуда оғир қийинчилик ва мусибатларни бошимиздан ўтказдик. Лекин бу синовлардан муносиб ўтдик.

Худога шукр, мана, 2017 йил ёмон келмаяпти. Тоғларда қор мўл, “оби раҳмат” – ёмғирлар ёғиб турибди. Бу – қишлоқ хўжалиги, деҳқон ва фермерларимиз учун қут-барака, мўл ҳосил дегани.

Мана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Халқимиз бугун катта орзу-умидлар билан яшаяпти. Бу орзу-умидларни ким амалга оширади? Аввало, мана шу залда ўтирган раҳбарлар, мутасадди ва мутахассислар, навқирон ёшларимиз. Бунинг учун бизда куч ва имконият, билим ва салоҳият ҳам, қатъий ирода, интилиш ва азму шижоат ҳам етарли.

Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, янги ютуқлар тилайман.

ЎзА

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014