“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида Илмий-техник кенгашининг йиғилиши ўтказилди

0
2222

2017 йилнинг 16 февраль куни “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Илмий-техник кенгашининг йиғилиши ўтказилиб, унда холдинг компания ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятларига бириктирилган Ўзбекистон Фанлар Академияси академиклари ва мухбир аъзолари иштирок этдилар. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни илм-фан намоёндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан ташкил этилган учрашувда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш, шунингдек устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш сингари масалаларга урғу бериб, бу йўналишда алоҳида топшириқлар берган эди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажариш, хусусан, иқтисодиётнинг барча соҳалари тараққиётида илм-фаннинг ўрни, аҳамияти катта эканлигини инобатга олиб, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада ривожлантириш  ҳақида сўз юритилди. Бу борада “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК ҳамда унинг таркибидаги акциядорлик жамиятларига бириктирилган Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоларининг тажрибаси, салоҳиятидан кенг фойдаланиш, илмий ишланма ва лойиҳаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

IMG_6281.JPG

 

Компания илмий-техник кенгашининг йиғилиши давомида пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарини модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлар хусусида ҳам сўз борди. Хусусан, Хоразм вилоятидаги Хонқа пахта тозалаш корхонасининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида янги экспериментал корхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 1 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилоятидаги Шеробод пахта тозалаш корхонасини ингичка толали пахтани қайта ишлашга ихтисослаштириш бўйича қўшимча инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу билан ушбу корхонада нафақат ўрта толали, балки бир мавсумда 20 минг тонна ингичка толали пахтани қайта ишлаш имкони ҳамда 100 дан ортиқ иш ўринлари ҳам яратилади. Ушбу лойиҳанинг диққатга эътиборли жиҳати шундаки, бир заводда ҳам ўрта толали, ҳам ингичка толали пахтани қайта ишланади ва бу республикамизда биринчи бор амалга оширилади.

Илмий-техник кенгаш йиғилишида айнан шундай янги лойиҳа ва ишланмаларни амалиётга жорий қилишда академикларимизнинг бой тажрибаси, илмий салоҳияти муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, йиғилишда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган прессларни пахта тозалаш корхоналарида ишлаш тажрибаси ва пахта тозалаш корхоналарида Украинанинг “Днепропресс” корхонасида ишлаб чиқарилган пресслари билан модернизация қилиш масалалари тўғрисида ҳам маълумот берилди.

IMG_6288.JPG

 

Бундан ташқари, пахта экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва соҳа ходимлари ишининг мавсумийлигини ҳисобга олиб, “Ўзпахтасаноатэкспорт” тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш ҳамда қўшимча даромад олишлари учун бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Жумладан, бўш турган бино ва ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида тикувчилик цехлари ишга туширилиб, вилоят пахтасаноати учун зарур бўлган махсус кийимлар тикиш лойиҳалари йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, тизим ишчилари хонадонида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида инкубатор цехлари ишга тушириш, лимон, анор, ёнғоқ кўчатлари олиб экилишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича йиғилганларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ва олимлар билан доимий ҳамкорлик алоқаларини олиб боришга келишиб олинди.

 “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014