2017 йилнинг 24 февраль куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси тадбири ўтказилди. Мазкур тадбирда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси ҳам фаол иштирок этди.
Ўтказиладиган меҳнат ярмаркаси тадбирининг асосий мақсади 2017 йилда институт битирувчиларини дастлабки ишга тақсимлаш, тавсия этиш ва битирувчиларнинг ўз ҳоҳиш-истаклари бўйича иш танлаш жараёнларининг сифат ва самарадорлигини оширишдан иборат.
Айтиш керакки, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Марказий Осиёдаги етакчи ва таянч олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Институтда ҳар йили автоматлаштириш ва бошқарув, тўқимачилик саноати технологиялари, пахта саноати технологиялари, енгил ва матбаа саноати технологиялари йўналишларида мингдан зиёд мутахассислар тайёрланмоқда. Ҳозирда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси ва мазкур олий таълим муассасаси ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
«Карьера куни» меҳнат ярмаркаси тадбирида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «SIFAT» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази, «Ўзбекенгилсаноат» акционерлик жамияти, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, Меҳнат вазирлиги ва умумий ҳисобда 50 дан ортиқ корхона ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам иштирок этди.
Анжуманлар залида ўтказилган таништирув тадбирида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари фаолияти хусусида батафсил маълумотлар берилди. Талабаларни қизиқтирган саволлларга компания мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Қолаверса, компания тизимида фаолият олиб боришга қизиқиш билдирган битирувчилар билан мутасадди вакиллар мулоқотлар ўтказишди.
Бу каби тадбирлар «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси ва унинг тизимида фаолият олиб бораётган барча корхона-ташкилотлар учун кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.