Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери Ангела Меркель Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табрик йўллаган.
ГФР канцлерининг қутловида бундай дейилади: “Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Ўтган вақт давомида ўзаро ҳамкорлигимиз турли соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Германия билан Ўзбекистон иқтисодиёт, хавфсизлик ва маданият соҳаларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Германия Федерал ҳукумати Ўзбекистон Республикасини парламент ваколатларини кенгайтириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишга қаратилган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, минтақа давлатлари билан ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари сифатида Сиз белгилаб берган дўстона ва яқин қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришни Германия қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман.
Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ва унинг халқига тинчлик, эркин ва фаровон ҳаёт, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги янада кенгайишини тилайман».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутловида бундай дейилади: «Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам асосга эга бўлган, изчиллик ва ўзаро ишонч руҳидаги яқин ҳамкорлик энг юксак эътирофга лойиқдир. Биз Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бошлаб мустақил тараққиётимиз ва суверенитетимизни Германия қатъий қўллаб-қувватлаб, кенг кўламли демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиб келаётганини юксак қадрлаймиз».
Давлатимиз раҳбари қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган: “Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар, Савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳ, Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши, Ўзбекистондаги немислар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия каби институционал механизмлар ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда, 140 дан ортиқ битимдан иборат кенг қамровли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилган”.
Қутловда гуманитар алоқалар ҳам фаол ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилган. Бугун Ўзбекистонда Гёте институти, К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалар, Хориждаги мактаблар марказий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ваколатхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва томонларнинг манфаатлари инобатга олинган принципларга асосланган икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш зарур”, деб ишонч билдирган.