Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти мактуби

0
2149

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Сиз билан учрашувимиз самарали бўлганидан ғоят хурсандман, менга ва ҳамкасбларимга кўрсатилган самимий ҳурмат учун Сизга ва Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдираман. Ўзбекистондан қайтар эканман, мен ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан банкимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бошланганини қўллаб-қувватлашимизни алоҳида таъкидламоқчиман.

Сиз ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга тайёр эканингиздан миннатдорман. Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ва унинг халқи манфаатларига хизмат қиладиган, имкониятларни янада кенгайтириш ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Сизнинг раҳнамолигингизда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ЕТТБнинг кўплаб устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг. Стратегияда демократик жараёнлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик муҳити ва қонун устуворлигини такомиллаштириш, шунингдек, қўшни давлатлар билан муносабатларни янада ривожлантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидламоқчимиз.

Мен ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов имзолаган Англашув меморандумида қисқа муддатга мўлжалланган ҳамкорлигимиз акс этган. Шу давр ичида ҳукуматингизнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда ЕТТБнинг мамлакатга доир ўрта муддатли стратегиясини биргаликда ишлаб чиқамиз. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ва банк секторини қўллаб-қувватлаш, тезкор самарадорликка эришиш учун инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича инвестицион, техник ва маслаҳатлашув лойиҳаларимизни қисқа фурсатларда ишга туширишни сабрсизлик билан кутамиз. Шу билан бирга, коммунал хизматлар, инфратузилма, энергетика ва бошқа соҳаларда узоқ муддат тайёргарликни талаб этадиган лойиҳаларни ҳам ишлаб чиқамиз.

Учрашувимиз чоғида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон Стратегияда қайд этилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга ошириши жараёнида ҳамкорлигимиз янада кенгайишига ишончим комил.

Лондонга борганимдан сўнг Директорлар кенгашига учрашувимиз ҳақида сўзлаб бераман ва яқин вақтларда Ўзбекистонга яна келиш ва Сиз билан учрашишни кутиб қоламан.

Самимият билан,

Сума Чакрабарти,
Европа тикланиш ва тараққиёт
банки президенти

 

www.uzpse.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014