Ўзаро келишувга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида 24 апрель куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар.
2017 йилнинг 22-23 март кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини амалий мазмун билан бойитди ва ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берди.
Томонлар яқин йилларда қулай шароитлар яратиш, бизнес субъектлари ўртасида бевосита ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш, транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини ошириш ҳисобидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ҳақидаги мўлжални тасдиқладилар. Ҳудудлараро, авваламбор, чегараолди ҳудудлар ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар муносабатларни фаоллаштириш қўллаб-қувватланди.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош халқларимизнинг вақт синовидан ўтган ўзаро муносабатларига амал қилган ҳолда, бундан буён ҳам мамлакатларимиз барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашини қайд этдилар.
Томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатга оид айрим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Суҳбат Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос самимий ва дўстона, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтди.
ЎзА