Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

0
2335

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


1 сентябрь – Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.

Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очган Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш, истиқлол даврида эришаётган ютуқларимизни яна бир бор сарҳисоб қилиб, эл-юртимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

Мазкур дастур 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлансин.

Бу борада қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин:

“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритиш;

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида жойларда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилгани, бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этилаётганига алоҳида эътибор қаратиш;

қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, ички ишлар тизими ва прокуратура органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни асосий мавзулардан бири сифатида акс эттириш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, унинг рақобатдошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ва мутаносиб тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини ёритишга кенг ўрин ва аҳамият бериш;

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғоя асосида аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун янги имконият ва преференциялар яратиб бериш, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, тегишли ташкилотлар орқали зарур ресурслар етказиб бериш тизими йўлга қўйилганини аниқ мисоллар билан кўрсатиш;

ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб боришга қаратилган ишларга алоҳида урғу бериш;

шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора очилиб бораётгани, аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминотини яхшилашга қаратилган ишларни атрофлича ёритиш;

“Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз” деган тамойилга мувофиқ аҳолининг маданий савиясини юксалтириш, ёшлар ўртасида китобхонлик, жумладан, электрон китобхонликни ривожлантириш, ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тарғиб этиш борасидаги ишларни кенг акс эттириш;

қўлга киритган барча ютуқларимизнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимиз, авваламбор, ёшларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганини ҳаётий далил ва мисоллар орқали талқин этиш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш;

мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканини кенг жамоатчиликка етказиш.

3. Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.

4. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб борсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ўтказсин.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси билан биргаликда ёш ижрочилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини август ойининг биринчи ярмида юқори даражада ташкил этсин.

8. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Энг улуғ, энг азиз”, “Сени куйлаймиз, замондош!”, “Ранглар жилосида – она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин.

9. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

10. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июнь

 

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014