“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг ташкил этилиши Ўзбекистон учун энг қадимги ва анъанавий бўлган пахтани дастлабки ишлаш соҳасининг тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда Республикамиз Президенти ва Ҳукуматимизнинг соҳага эътибори, уни техник қайта жиҳозлаш, илмий ва кадрлар потенциалини кучайтириш дастурларига кўра саноат замонавий даражага эришди ва ҳозирда мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Ўз фаолиятининг ўтган йиллари даврида Илмий Марказ жамоаси мамлакатимизда пахтани дастлабки ишлаш соҳасининг техника ва технологияси тўғрисидаги илм-фан ривожига катта ҳисса қўшди. Илмий Марказ олимлари, мутахассислари, лойиҳачиларининг бевосита иштирокида пахта тозалаш корхоналари учун зарур барча маҳаллий ускуналар яратилди, синаб кўрилди ва жорий этилди. Узоқ 20-чи йилларда эса Туркистонда 1917 йилгача мавжуд бўлган 296 майда пахта заводларидан атиги 35 –таси ишлар эди. Ўша даврда пахта тозалаш корхоналари учун барча зарур ускуналарнинг етказиб берувчиси АҚШ бўлганлиги ва бу мамлакат билан савдо алоқалари издан чиққанлиги ва республикамизда етарли валюта маблағларининг бўлмаганлиги сабабли саноатни тиклашга имкон бермасди. Юзага келган вазиятдан фақатгина ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда имкон топиш ўта муҳим эди.
Ва шундай имконият топилди ҳам.1926 йилнинг август ойида Москвада бўлиб ўтган Умумиттифоқ пахтачилик йиғилишида Тошкент шаҳридаги “Ўзбекпахта” га қарашли, революция йилларида сақланиб қолган 50-сонли заҳира заводи илмий муассаса вазифаларига эга бўлган Умумиттифоқ аҳамиятидаги Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
1927 йили Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига қўшимча равишда пахта тозалаш корхоналари учун ускуналар етказиб беришга йўналтирилган илк машинасозлик заводи ишга туширилди. 1926-36 йиллар давомида тажриба пахта тозалаш заводи жамоасининг мутахассислари соҳанинг маҳаллий пахтачилик машинасозлиги ва пахта тозалаш саноатини яратиш юзасидан катта ишларни амалга оширди. Бу даврда тажриба пахта тозалаш заводида амалдаги ускуналарнинг иш тезлигини ошириш ҳисобига иш унумдорлигини кўтариш юзасидан илмий тадқиқотлар ўтказила бошланди, биринчи маҳаллий жин ва линтерларни яратиш ҳамда винтли пресслардан гидравлик прессларга ўтиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқила бошлади. 1928 йилдан бошлаб пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини узатишда пневматик узатиш тизими жорий этила бошлади, бу эса оғир қўл меҳнатини жараёнларини механизациялашнинг бошланиши бўлди. Бу ишлар мамлакатимизнинг техник мустақиллигига эга бўлишнинг бошланишига ва соҳа корхоналарини босқичма-босқич маҳаллий ускуналар билан жиҳозлаш имкониятини берди. Фаолиятининг 10-чи йилида Биринчи тажриба пахта тозалаш заводи СССР Совнаркомининг 05.04.1936 йилдаги Қарори билан мамлакат пахта тозалаш соҳасида биринчи ва ягона бўлган Марказий илмий-тадқиқот институти (“ЦНИИХПром”) га айлантирилди.
Иш ҳажмлари тобора ортиб борди. 1936-40 – йилларда лаборатория таҳлиллари учун биринчи маҳаллий асбоблар яратилади, пахта хом ашёси ва пахта толасини навларга ажратиш ва классификациялаш ишлари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилади. 1941-45 йилларда ускуналар учун зарур бўлган камёб материаллар ўрнига алмашувчиларни излаш ва ишлатиб бўлинган эҳтиёт қисмларни реставрациялаш ишлари оллиб борилди, пахта тозалаш корхоналарининг дизел ускуналари учун паст навли ёнилғиларидан фойдаланиш усуллари ишлаб чиқилди. 1946-1950 йилларда республика Ҳукумати томонидан ЦНИИХПромнинг барча пахта тозалаш корхоналарида сермеҳнат жараёнларни комплекс механизациялаш, шу жумладан пахтани автоматик тарзда пневмотранспорт тизимига узатиш, пахтани қопларга жойлаш ҳамда тойларни вагонларга юклаш ишларини механизациялаш лойиҳалари мақулланди. 1951-54 йилларда институт томонидан амалдаги барча ускуналар такомиллаштирилди ва янги ускуналар – чўткасиз линтер, 6а-12 шнекли тозалагич, БЧ-1 русумли тозалагич, биринчи тасмали транспортерлар ва шнекли тўлдирувчи машиналар яратилди, унумдорлиги 1 арра/соатига 12 килограммгача бўлган бир камерали жин жорий этилди. 1955 йилдан институт пахта хом ашёсини қабул қилиш ва бунтларга ғарамлаш механизмларини ишлаб чиқишга киришди. Шу даврда ПЛ русумли таъминлагич ва пахтани тарасиз қабул қилиш учун тасмали транспортерлар яратилди. ЦНИИХПром лойиҳалари бўйича пахта тозалаш ДСКБ конструкторлари томонидан 2-СБС ва СХН-3 қуритиш ўрнатмалари, ЧХ-3М, ОХБ-10 пахта хом ашёси тозалагичлари ва бошқа техникалар лойиҳалаштирилди. Уларнинг барчаси кейинчалик соҳада кенг тарқалди. 1956-1965 йилларда пахта териш машиналарининг ва пахта хом ашёсининг машина теримини дастлабки ишлаш механизмларининг принципиал янги конструкциялари пайдо бўлди, пахта маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини баҳолаш учун асбоблар жорий этилди. 1968 йилда соҳада тўлиқ маҳаллий ускуналар жорий этиши билан биринчи марта пахтани дастлабки ишлаш технологик жараёнларининг ягона регламенти ишлаб чиқилди. 1969 йилда барча пахта қабул қилиш масканларида ва пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини тарасиз ташиш ва пахтани қабул қилишда ПЛ русумли таъминлагич, ТЛХ-18 русумли тасмали транспортерлар, ғарам титувчи мосламалардан фойдаланиш билан боғлиқ янги тартиб жорий этилди. Бу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида бутун соҳа бўйича биринчи марта 10 мингдан ортиқ кишини озод қилиш ва пахтани қабул қилиш суръатларини ошириш имкони туғилди.
Юқори илмий-техник потенциали ва юқори малакали мутахассислардан иборат жамоаси ҳисобига 50 йилдан сўнг институт мамлакатнинг йирик илмий марказига айланди. Бу вақтда унинг таркибида Тошкентда экспериментал механик устахоналар, Тошкент вилоятининг Нариманов шаҳарчасда тажриба пахта заводи ва Озарбайжоннинг Кировобод шаҳрида филиали мавжуд эди. Шу вақтда институтда 900 дан ортиқроқ ишчи-ходимлар фаолият кўрсатиб, улардан 230 дан ортиғи илмий ходимлар, шундан 50 киши фан номзодлари бўлган. Институтнинг ўзининг 50- йиллик юбилейи арафасида 150 – дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари ва патенларига эга эди. 80 –чи йилларнинг бошига келиб соҳада биринчи марта Илмий Марказ, пахта тозалаш Давлат Конструкторлик бюроси (ДСКБ) ва “Ўзпахтамаш” заводининг жамоа муаллифлиги остида кетма-кет оқимли ПЛПХ тизимлари ўзлаштирила бошлади. Шу даврда батареяли тола тозалагичлар, намлагичлар, тезкор механизациялаштирилган омборлар, бункер-тўплагичлар, бунтларни ғарамлайдиган машиналар, туннел кавлагичлар, иссиқлик генераторлари ва ҳ.к. лар синала бошланди.
90 –чи йилларнинг бошларига келиб ускуналарнинг тажриба-экспериментал наъмуналари яратила бошланди ва улар 2000 йиллар саноат техникасига асос солди. 1991-2012 йилларда Илмий Марказ барча пахта тозалаш корхоналарини техник қайта жиҳозлашда, 31 ихтисослаштирилган уруғлик чигитни тайёрлаш цехларини қуришда иштирок этди. Соҳани қайта жиҳозлаш, самарали ва патентланган техник ишланмаларни жорий этиш асосида амалга оширилди. Соҳа илмининг ривожига қуйидаги амалиётчи олимлар ва мутахассислар аҳамиятли улушларини қўшишди: А.Н.Нуралиев, Н.Б.Соркин, Г.А.Кириллов, П.В.Байдюк, С.П.Иванов, А.А.Кассирский. С.Н.Нусратов. Л.И.Кабанов, Х.А.Каримов, А.И. Кригин, В.М.Головин, Э.Б.Малков, Г.Д.Кушнаренко, В.М.Белицкий, Х.К.Давидбоев, Р.М.Каттахўжаев, Г.А.Тихомиров, У.Х.Азизхўжаев, С.У.Саидханов, М.С.Ўрманов, Э.Т.Максудов, М.Ф.Архипов, И.К.Хафизов, В.В.Дьячков, Р.П.Никитин, А.М.Гуляев, З.Х.Касимов, А.Г.Шайдуллин, А.А.Муратов, А.Х.Тиллахўжаев, К.С.Сабиров, А.А.Ахмедов, В.Е.Устюгин, В.Г.Ракипов, А.К.Калимуллин, В.Г.Лейбович, П.Н.Бородин, А.Расулов, Н.З.Камолов ва бошқа кўплар.
“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти бугунги кунда замонавий илмий-тадқиқот ва тажриба-ишлаб чиқариш базаси бўлиб, пахта хом ашёсини дастлабки ишлаш ва уруғлик чигитни тайёрлаш учун техника ускуналарини тадқиқот қилиш, лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва синаш йўналишидаги масалаларни ҳал этиш имконига эга. Илмий Марказ пахта тозалаш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш, меъёрий-техник, услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ишларини амалга оширади. Ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида тўплаган потенциали тадқиқотларнинг бу соҳасида келажакда ҳам илғорликни сақлаб қолиш имконини беради.
“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг муҳим саналари хронологияси
1926 йил | Тошкент шаҳрида «Ўзбекпахта»нинг 50-сонли захира заводи негизида Тажриба пахта заводи ташкил этилди(асос: СССР Халқ Хўжалиги Умумиттифоқ Кенгаши қошидаги Бош пахта қўмитасининг 1926 йил 3 сентябрдаги қарори) . |
1936 йил | Тажриба пахта заводи негизида Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти (ЦНИИХпром) ташкил этилди. (асос: СССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1936 йил 5 апрелдаги 651-сонли қарори). |
1937 йил | 2-сонли Тошкент пахта тозалаш заводи Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти (ЦНИИХпром) тасарруфига ўтказилди (асос: Ўзбекистон ССР енгил саноат халқ комиссариатининг буйруғи) |
1942 йил | 2-сонли Тошкент пахта тозалаш заводи негизида каноп фабрикаси ташкил қилинди (асос: СССР тўқимачилик саноати халқ комиссариатининг буйруғи) |
1954 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институтининг Озарбойжон ССРнинг Кировобод шаҳрида филиали ташкил қилинди. |
1962 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон ССР ХҲК тасарруфидаги юридик шахс ҳуқуқига эга мустақил хўжалик ташкилоти бўлди. |
1965 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти СССР Енгил саноат министрлигига тасарруфига киритилди. Таркибида: Экспериментал-ишлаб чиқариш механик устахонаси(Тошкент ш.), тажриба пахта заводи (Нариманово ш.) ва Озарбайжон ССР Кировообод шаҳридаги филиал(асос: СССР Министрлар Советининг 1965 й. 15 ноябрдаги 21-сонли қарори) . |
1971 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти юридик шахс ҳуқуқига эга мустақил хўжалик ташкилотига айлантирилди. Ўз устав фондига эга бўлди, бундан ташқари СССР Хукуматининг қонуний хужжатлари билан рухсат этилган бошқа фондларни ҳам ташкил этади. |
1985 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти СССР Енгил саноат министрлиги тизимидан СССР Давагросаноат тизимига ўтказилди(асос: СССР Енгил саноат министрлигининг 1985 й. 5 декабрдаги 527-сонли қарори) |
1987 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти СССР Давагросаноат тизимидан Ўзбекистон ССР Давагросаноат тизимига ўтказилди. Институтнинг Кировобод шаҳридаги филиали Озарбайжон ССР Давагросаноатининг ОзНИХИ тасарруфига берилди(асос: СССР Давагросаноатининг 1987 й. 5 июндаги 430-сонли буйруғи) . |
1988 йил | Пахта тозалаш саноати Марказий илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон ССР Давагросаноат тизимидаги «Пахтасаноат» Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси («Пахтасаноат» ИИЧБ)га айлантирилди.
ИИЧБ таркибига қуйидагилар киритилди: -Нариманов шаҳридаги тажриба пахта заводи; -экспериментал-ишлаб чиқариш механика устахонаси; -Ангор пахта заводи; -Юқоричирчиқ каноп заводи; -Халқобод шаҳридаги механика устахонаси; – «Пахтасаноат» марказий лойиҳа-конструкторлик бюроси; -Тошкент шаҳридаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари; -Марказий назорат-ишлаб чиқариш лабораторияси.(асос: Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1987 йил 22 декабрдаги 526-сонли қарори). |
1993 йил | «Пахтасаноат» ИИЧБ »Пахтасаноат» Республика Илмий Маркази(РИМ)га айлантирилди(асос: «Ўзпахтасаноатсотиш»нинг 1993 йил 6 апрелидаги 62-сонли буйруғи).
»Пахтасаноат» РИМ тузилганда қуйидагилар тугатилди ёки қайта ташкил қилинди: -Тошкент шаҳридаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари; – Марказий назорат-ишлаб чиқариш лабораторияси; -«Илдам» илмий-техник ахборот маркази; – «Пахтасаноат» марказий лойиҳа-конструкторлик бюроси; -Экспериментал механика заводи экспериментал-механика цехига айлантирилди; -«Сифат» пахта маҳсулотларини стандартлаш ва сертификациялаш илмий-техник корхонаси; -Бектемир ва Ангор пахта заводлари Тошкент ва Сурхондарё «Пахтасаноатсотиш» ҲАЖлари тасарруфига ўтказилди. |
1998 йил | «Пахтасаноат» РИМ, меҳнат жамоаси мурожаатига биноан, «Пахтасаноатилм» очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди(асос: 1998 йил 2 ноябрдаги 96-сонли буйруқ) |
2004 йил | «Пахтасаноатилм» ОАЖ «Пахта тозалаш ИИЧБ” Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси деб номланди(асос: 2004 йил 6 февралдаги 8-и/ч-сонли буйруқ). |
2010 йил | «Пахта тозалаш ИИЧБ” ОАЖ «Пахтасаноат илмий маркази» ОАЖга айлантирилди(асос: акциядорларнинг 2010 йил 10 августдаги навбатдан ташқари йиғилиши қарори). |
2014 йил | «Пахтасаноат илмий маркази» ОАЖ “Акциядорлар жамиятлари ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2014 йил 7 майдаги янги таҳририга биноан “Пахта саноат илмий маркази” акциядорлик жамияти(АЖ) қилиб қайта ташкил этилди(асос: 2014 йил 27 июндаги акциядорлар умумий йиғилишининг қарори) |
2015 йил | Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сон қарори билан “Ўзпахтасанотэкспорт холдинг” компанияси ташкил этилди ва «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ унинг таркибига киритилди. |
2017 йил | Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 октябрдаги ПҚ-5206-сон қарори билан “Ўзпахтасанотэкспорт холдинг” компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги 2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сон қарор ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланди. |
2017 йил | Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрида “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3408-сонли қарори қабул қилинди. |
2018 йил | Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралида “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3559-сонли қарори қабул қилинди. |