ИИЧ-1,9 русумли иссиқлик ишлаб чиқаргичини хавфсиз ишлатиш учун кўрсатмалар

0
3014

Маълумки, барча пахта тозалаш корхоналарида пахтани қуритиш мақсадида ИИЧ-1,9 русумли иссиқлик ишлаб чиқаргичлари ва 2СБ-10 русумли қуритгичлардан фойдаланилади. Бу ускуналардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун қуйидагиларни доимо ёдда тутиб, бу талабларни бажарилишига эътибор қаратилиши керак.

Иссиқлик ишлаб чиқаргичини ишга туширишга тайёрлашда қуйидагилар бажарилиши зарур:
– иссиқлик ишлаб чиқаргичи умумий ҳолатини кўриб чиқиб, созловчи мосламалар, тутун сўргич ғилдирагининг ҳаракатланиши, маҳкамлаш болтларини бўшамаганлиги ва бошқа ёрдамчи қисмларни бутлигига алоҳида эътибор бериш;
– табиий газ узатгичлар бутлигига, уларда талаб этилган босим борлигига, қувурларда газ чиқиш ҳолатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш;
– тутун сўргич ва иссиқ ҳаво ўтказгичларини ишга туширишга тайёрлигини текшириш;
– назорат-ўлчов асбоблари борлиги, бутунлиги ва яроқлигини текшириш.
Иссиқлик ишлаб чиқаргичи қуйидаги тартибда ишга туширилади:
– тутун сўргич йўналтирувчи аппарати ва ёқиш қувуридаги қопқоқ ёпилади, қуритгичга ҳаво элтувчи қувур қопқоғи очилади;
– тутун сўргич юргизилади, йўналтирувчи аппарат оҳиста очилади ва шу ҳолатда тизим 10 дақиқа давомида ҳаво оқими билан тозаланади;
– кейин қуритгичга ҳаво элтувчи қувур қопқоғи ёпилади, тутун сўргичнинг йўналтирувчи аппарати оҳиста сийракланиш 15 мм сув уст. кўрсатгунича ёпилади, табиий газ вентили очилади;
– машъал ёқилади ва ёндириш камерасига киритилади, камерада аланга ёнади ва натижада камеранинг устки қисмида пастга ҳаракатланувчи ва айланувчи аланга ҳосил бўлади. Пастки қувурдан чиқаётган аралашма билан қўшилиб аланга оқими тезлигини оширади ва ёниш жараёнини тўла тугаллаш учун етарли кислород олади.
– ҳаво ўтказиш қувури ва аралаштириш камераси қопқоқлари ёрдамида ёниш жараёни ва қуритиш агенти кўрсаткичлари (сарфи, ҳарорати) ростланади.

Бунда табиий газни ёқиш жараёни узатилаётган қуритиш агентининг керакли ҳарорати ва миқдори бўйича унинг сарфини ўзгартириш йўли билан ростланади (қуритиш агенти ҳароратини назорат қилиш учун 1 УКТ русумли қурилма ишлатилади). Ёнилғининг сарфи табиий газ қувуридаги вентилни очиш билан кўпаяди ва аксинча. Қуритиш агенти ҳароратини ошириш зарур бўлганда олдин табиий газ узатиш оширилади ва кейин уни ёқишга ҳаво кўпайтирилади, ҳароратни пасайтириш учун – олдин ҳаво, кейин табиий газни узатиш камайтирилади. Иссиқлик ишлаб чиқаргичида аланга оч-сомон рангда бўлиб, бир текис ёнишига эришилса, камерадаги табиий газни тўлиқ ёниши бажарилаётганини билдиради.

Камерада аланга ўчиб қолганда иссиқлик ишлаб чиқаргичини 5 дақиқа давомида шамоллатиш зарур, бунда табиий газни вентили ёпилиб, газ узатиш тўхтатилади ва тутун сўргич йўналтирувчи аппарати тўла очилади.
Қуритиш мажмуасидан фойдаланишга алоқадор бўлган ҳамма ишчилар ва қуритгичларни иссиқлик билан таъминлаш бўлинмасига янги қабул қилинаётганлар хавфсизлик техникаси бўйича кўрсатма олишлари шарт.

Ёқиш бўлими бўйича жавобгар шахслар ва смена усталари ишчилар бут ускуналардан фойдаланишларини ва хавфсизлик техникаси йўриқномалари талабларини бажаришларини доимий кузатишлари лозим.
Ёқиш бўлимида иссиқлик ишлаб чиқаргичлари билан ишлашга 18 ёшга тўлмаган ўсмирлар қўйилмайди.

Тутун сўргич йўналтирувчи аппарати носозлигида, ёруғлик йўқлигида ёки хоналар етарли ёритилмаганида иссиқлик ишлаб чиқаргичларини ишлатиш тавсия қилинмайди.
Иссиқлик ишлаб чиқаргичларини ишга туширишдан олдин ёқиш хонасини, иссиқлик ишлаб чиқаргичи камераларини ва иссиқ ҳаво ўтиш трактини шамоллатиш зарур.
Қуритгичларга иссиқ ҳаво етказиш қувурлари зичланган ва базальт толаси билан ўралган бўлиши шарт.

Ишлаб турган ИИЧ-1,9 русумли иссиқлик ишлаб чиқаргичини қаровсиз қолдириш таъқиқланади.

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014