“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ 2019 йилнинг февраль ойида ўзининг тажриба–экспериментал пахта тозалаш корхоналарида илмий марказда яратилган янги илмий ишланмалар тақдимоти билан жойларда семинарлар ўтказишни давом этказмоқда.
Навбатдаги семинар Хоразм вилоятининг Кўшкўпир пахта тозалаш тажриба-экспериментал корхонасида 19 февраль куни бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикасидаги пахта тозалаш корхоналарининг бош мухандислари, техник назорат бўлимлари бошлиқлари, бош энергетиклари иштирок этдилар.
Семинарни “Хоразм минтақавий пахта терминали” МЧЖ раисининг биринчи ўринбосари Қ.Қ.Ғойипов кириш сўзи билан очди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Бош директори Т.М.Қулиев илмий Марказда 2018 йилда бажарилган илмий тадқиқот ишлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3559-сон қарорига асосан “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг тажриба-экспериментал пахта тозалаш корхоналарида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самаралари тўғрисида маъруза қилди.
Семинарда “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Бош директорининг илмий маслаҳатчиси Э.Т.Мақсудов сўзга чиқиб, илмий марказда яратилаётган янги илмий ишланмалар ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш самаралари тўғрисида ахборот берди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ бош илмий
ходими Р.Ш.Сулаймонов “2018 йилда ишлаб чиқаришга жорий қилинган 8ДП-90 русумли
аррали жин ва юқори самарадорликка эга бўлган икки барабанли 5ВП русумли тола
тозалагични ишлаб чиқаришдаги натижалари тўғрисида” мавзусида маъруза қилди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ етакчи илмий ходими Д.У.Мадрахимов “Тизим корхоналаридаги
синовдан ўтказилаётган мустаҳкамлиги юқори бўлган жин ва линтер арраларини
техник характеристикалари ва вақтинча ишлатиш регламентини белгилаш” мавзусида
тақдимот ўтказди.
“Пахтани
қабул қилишда сифатини аниқлаш учун замонавий ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш ва
жорий этиш” мавзуси бўйича “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ стандартлаштириш ва
метрология бўлими етакчи илмий ходими У.Каримов маъруза қилди.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ бош илмий ходими Б.Иргашев “Ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий автоматлаштирилган тизимлар лойиҳасини тадбиқ этиш” мавзуси бўйича тақдимот ўтказди.
“Қорақалпоғистон минтақавий пахта терминали” МЧЖ ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўлимининг бошлиғи Д.О.Ожаров Қорақалпоғистон республикасининг пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги техника ва технологияларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Семинар давомида иштирокчилар илмий Марказнинг Қўшкўпир пахта тозалаш корхонасининг ишлаб чиқариш технологияларига жорий этилган янги самарадор илмий ишланмалар билан танишдилар.