Академик Анна Глушенкова

0
2294

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги таниқли олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Анна Ивановна Глушенкова 91 ёшида вафот этди.

А.Глушенкова 1926 йил 1 августда Россия Федерациясининг Волгоград вилоятидаги Рудна туманида туғилди. 1948 йили Ўрта Осиё индустриал институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) тугатиб, ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олима қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) кафедра мудири, Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, Фанлар академияси президиуми аъзоси каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва мамлакатимизда табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олиманинг илмий ишланма ва тадқиқотлари республикамиз халқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик саноатида кенг қўлланиб келмоқда. Унинг пахта толаси ва чигитини қайта ишлаш, улардан зарур истеъмол маҳсулотлари ҳамда дори воситалари тайёрлаш бўйича илмий ишланмалари иқтисодиётимиз тармоқлари ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Олиманинг табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 400 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

А.Глушенкованинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Атоқли олима, меҳрибон устоз, камтарин инсон Анна Глушенкованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, А.Юнусходжаев, Б.Йўлдошев

www.uzpse.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014