БМТ Бош Ассамблеяси Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди

0
2404

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессияси мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиш маросими билан бошланди. Ушбу нуфузли анжуман иштирокчилари – БМТ вакиллари, 193 мамлакат делегатлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, дипломатлар ва бошқалар Президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

оон

БМТ янгиликлар маркази хабар қилишича, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Бош Ассамблеянинг 71-сессияси раиси Питер Томсон ва қатор давлатлар вакиллари жаҳоннинг энг юксак минбаридан Ислом Каримовнинг Ўзбекистон фаровонлиги, минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида амалга оширган улкан ишлари ҳақида сўз юритган.

Пан Ги Мун Президент Ислом Каримовнинг оила аъзолари ва Ўзбекистон халқига яна бир бор ҳамдардлик билдирган.

– Ислом Каримов Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларини бажаришда муҳим ютуқларга эришди ва барқарор ривожланишнинг янги вазифаларини қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбари раҳнамолигида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшилди. Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилгани жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ютуқларидан бири бўлди, – деди Пан Ги Мун.

БМТ Бош котиби Ўзбекистонга икки бор расмий ташриф билан келганини, халқимизнинг самимиятини ҳис қилганини қайд этган. Ўзбекистон мустақилликка эришганига 25 йил тўлди. Бир пайтлар Президент Ислом Каримов айтганидек, халқ манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари мамлакат ривожининг устувор йўналишига айланди, деб таъкидлаган Пан Ги Мун. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонда амалга оширилаётган фундаментал ислоҳотларга ҳисса қўшиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ниятида собитлигини билдирган.

Тадбирда БМТнинг беш минтақавий гуруҳи – Осиё, Африка, Шарқий Европа, Ғарбий Европа, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси гуруҳлари вакиллари сўзга чиққан. Улар Ислом Каримовнинг тинчликпарвар сиёсати, асосли ташаббуслари ва амалий ишлари улкан минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаганини эътироф этган.
Қозоғистоннинг БМТдаги Доимий вакили Қайрат Абдрахманов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қатъиятли, мард ва тўғрисўз лидер, тенгҳуқуқли ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик тарафдори бўлганини таъкидлаган. Шарқий Европа давлатлари номидан сўзга чиққан Эстония вакили Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон юритган сиёсат Марказий Осиёда барқарорлик ва халқаро муносабатлар ривожига хизмат қилганини баён этган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ва мухтор вакили Музаффар Мадраҳимов ватандошларимиз учун оғир бўлган паллада ҳамдарлик билдиргани ва қўллаб-қувватлагани учун анжуман иштирокчиларига миннатдорлик билдирган. Ислом Каримов эркин фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида юксак обрў-эътибор қозонган эди, дея таъкидлаган.

Аввалроқ, 6 сентябрь куни Ислом Каримов вафотига мотам белгиси сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк, Женева ва Рим шаҳарларидаги бинолари ёнидаги БМТ байроқлари туширилган эди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳам Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов замонамизнинг буюк сиёсатчиси, узоқни кўра оладиган ва стратегик фикр юритадиган нодир қобилият соҳиби, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари, доно ислоҳотчи ва комил инсон сифатида бутун дунёда юксак обрў-эътибор қозонганидан далолат беради.

www.uza.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014