Малайзиялик бизнесменлар: Истиқболли шерик сифатида Ўзбекистонни танлаймиз

0
2045

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан Жохор-Бару шаҳрида мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати имкониятлари намойиш қилинди.

 

Тадбир Малайзия трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 20 дан зиёд йигирув ва трикотаж корхоналари, пахта толасини импорт қилувчи компаниялар ҳамда мустақил тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иштирок этдилар. Тадбир меҳмонлари Ўзбекистоннинг тўқимачилик тармоғи имкониятлари, мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай имкониятлар, эркин иқтисодий зоналарда амал қилинадиган алоҳида божхона ва солиқ имтиёзлари билан таништирилди. Шу билан бирга, тадбир доирасида қулай нархи ва юқори сифати билан машҳур бўлган ўзбек тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш этилди.

 
Малайзиялик тадбиркорлар учун Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳити ҳақида берилган маълумотлар учун миннатдорлик билдирар экан, D&Y Textile компанияси директори Стивен Ченг ҳозирги вақтда унинг корхонаси пахтадан йигирилган ип ишлаб чиқариш учун ҳар йили АҚШ, Ҳиндистон ва Австралиядан 20 минг тонна пахта толасини импорт қилишини айтди.

– 2018 йилга бориб биз пахта толаси импортини 45 минг тоннагача оширишни режалаштирганмиз, – деди у. – Шунинг учун истиқболли шерик сифатида биз ушбу соҳада улкан салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистонни танлаймиз. Бундан ташқари, Малайзияга тайёр тўқимачилик маҳсулотини импорт қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш ниятидамиз, чунки мамлакатингизда бундай маҳсулотлар сифатли хомашйодан тайёрланади ва нархи ҳам арзон.

Ўз навбатида, LDR Enterprise компанияси ижрочи директори Динеш Кумар ўз корхонасининг Ўзбекистондан пахта толасини импорт қилиш борасидаги режалари билан ўртоқлашди.

– Шу муносабат билан компаниямиз аъзоларидан иборат бўлган делегацияни Ўзбекистонга юбориб, у ерда режаларимиз бўйича музокаралар ўтказиш ниятидамиз, – деди Д.Кумар. – Ишонаманки, Ўзбекистон 2017 йилда LDR Enterprise компаниясининг энг истиқболли шериклари қаторидан ўрин олади.

 

 

“Жаҳон” АА, Куала-Лумпур

 

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014