Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюрди

0
6609

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Самарқанд вилояти ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлари, улкан сайёҳлик салоҳияти билан мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобиль заводи, “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. “Бритиш-Американ тобакко”, “Сам Антеп Гилам”, “UrgGazKarpet”, “Амин Инвест”, “Дака Текс”, “Агромир Самарқанд” қўшма корхоналари, “Сино”, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари вилоятнинг иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда.

2016 йилда яна 19 қўшма корхона ташкил этилган ва вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошган.

Бу кўрсаткичлар Самарқанднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 фоиз ўсгани шундан далолат беради.
Азалдан ҳунармандлик ва ишбилармонлик фазилатлари билан донг таратган самарқандликлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам муҳим натижаларга эришиб келмоқда. Айни пайтда вилоятда мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқ.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йилда 2838 кўп тармоқли фермер хўжаликлари, 9079 гектар майдонда интенсив боғ ва 1000 гектар ерда токзор ташкил этилган. Ушбу соҳада 11 минг 349 иш ўрни яратилган.

Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланмоқда. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоятдаги шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида намоён бўлмоқда.

Туризм Самарқанд вилояти иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Вилоятда туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан ортиқ сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.

Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимизнинг Самарқандга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишиши кўзда тутилган.

www.uzpse.uz

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014