Шавкат Мирзиёев: ёшлар тарбияси – энг муҳим масалалардан

0
2374

Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрди. 

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларнинг замонавий билим олиши, юксак маънавиятли бўлиб улғайиши учун зарур шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Учтепа туманидаги 78-мактаб 1967 йилда қурилган. Мактабни қайта таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда.

Президентимиз мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб курси ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади, деди давлатимиз раҳбари. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг услуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур.

Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида ёш авлод тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дея таъкидлади Президентимиз.

Бу вазифалар мактаб, оила, маҳалла, бутун жамоатчиликка катта масъулият юклайди. Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасининг барча бўғинлари – мактабгача таълим, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимини такомиллаштириш, янги муассасалар бунёд этиш ва мавжудларини қайта таъмирлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ёшлар камолотида ўз самарасини беради.

Шу ерда 1-синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғаси” комплекти, мактаб ўқувчиларига мўлжалланган бадиий адабиётлар, халқ таълими муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш режаси намойиш этилди.

 

ЎзА

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014