Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

0
2868

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, аҳолининг бандлиги ва саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Ушбу мақсадда тузилган “Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси” давлат корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб юритилади) томонидан кўргазма-ярмарка савдоларини ташкил этиш, уларда иштирок этишга товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни жалб этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар Дирекция фаолиятини ташкил этишнинг амалдаги тартиби давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини лозим даражада таъминламаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида Кооперация биржаси доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг харидини амалга оширишга имкон берувчи амалдаги тартиб турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, олдиндан белгиланган етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш мақсадида биржалардан фойдаланиш учун шароит яратмоқда.

Кўргазма-ярмарка тадбирларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш учун давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини, оқибатда соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришни лозим даражада таъминламаяпти.

Дирекция томонидан тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, маҳаллий хом ашё базасида тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш учун саноат кооперациясининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифалар амалда бажарилмаган.

Бундан ташқари, Дирекция фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларининг паст даражада жорий этилганлиги давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шартномаларни рўйхатга олишнинг самарасиз тизими, тузилган шартномалар ижросини назорат қилишнинг таъсирчан механизмлари мавжуд эмаслиги аксарият ҳолларда қабул қилинган шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармоқ жадвалларининг бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланилишини, рақобатнинг янада ривожланишини ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб беришга давлат ва корпоратив буюртмалардан тенг фойдаланиш имкониятини, шунингдек, мазкур жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг “Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси” давлат корхонасини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Дирекцияни тугатиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни кўрсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот порталини ҳамда ресурслар ягона миллий маълумотномасини яратиш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

“Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифларни;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 31 июль

 

* * *


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва 
корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига


ШАРҲ

Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, аҳолининг бандлиги ва саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Ушбу мақсадларда кўргазма-ярмарка савдолари, шу жумладан, ҳар йили ташкил этилаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар кўргазма-ярмарка савдоларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган “Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси” давлат корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб юритилади) фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини, бу эса давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга салбий таъсир этаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида кўргазма-ярмарка савдолари доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни харид қилишнинг амалдаги тартиби турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, реал бозор конъюнктурасини инобатга олмасдан шартномалар тузиш, нархларни ошириш ва сифатсиз маҳсулотларни етказиб бериш учун шароит яратмоқда.

Кўргазма-ярмарка савдоларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини лозим даражада таъминламаяпти, бу эса бозорда соғлом рақобатни ривожлантиришни чеклаб қўймоқда.

Кўрсатилган муаммолар битимларни тузишнинг шаффоф механизми йўқлиги, ушбу соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишларнинг етарли эмаслиги сабабли кучаймоқда.

Бундан ташқари, илгари ўтказилган халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари доирасида тузилган шартномалар ижро этилиши якунларининг таҳлили шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармоқ жадвалларининг бажарилиши тўлиқ таъминланмаётганлигини кўрсатди.

Мазкур ҳолат кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган шартномаларни ижро этиш жараёни устидан лозим даражада назорат ўрнатилмаганлигидан, уларни тузишда, шу жумладан, Дирекция ишини ташкил этишдаги хатолар оқибатида содир этилган суиистеъмолчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Шу билан бир қаторда, Дирекция томонидан тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли лойиҳаларни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, маҳаллий хом ашё базасида тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш учун саноат кооперацияси роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифаларнинг бажарилиши амалда таъминланмаган.

Кўргазма-ярмарка савдоларини самарали ўтказиш учун павильон майдонлари ва бошқа инфратузилмаларнинг етарли эмаслиги етказиб берувчиларнинг талабларини тўлиқ даражада қаноатлантирмаган, шунингдек, уларнинг иштирокчилари доирасини, айниқса, кичик бизнес субъектлари ҳисобидан кенгайтириш имконини бермаган.

Баён этилганлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори билан Дирекция тугатилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди. Таклифлар Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот портали ҳамда ягона миллий ресурслар маълумотномасини ташкил қилиш орқали мазкур тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишни назарда тутиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ташкил қилинмоқда ҳамда ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш имконини берадиган Ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни, шунингдек, давлат харидларининг шаффофлиги ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизимни яратишни назарда тутади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарор давлат ва корпоратив харидлар жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, кўргазма-ярмарка савдоларидан қонунга хилоф мақсадларда фойдаланиш имкониятларига чек қўйиш, тузиладиган шартномаларнинг ижроси устидан назоратни таъминлашга, пировард натижада бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, рақобатни янада ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг давлат ва корпоратив харидларда иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратишга кўмаклашади.

Publication author

offline 2 years

Участник

Comments: 0Publics: 982Registration: 14-08-2014