Ҳар йили 7 октябрь кунини Халқаро пахта куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланиб бормоқда. Шу кунда ўтказиладиган тадбирлар пахтачиликни, пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳада ўтказиладиган тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, соҳада халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва бошқа амалий чораларни белгилашга қаратилган.
2019 йилнинг 7 октябрида Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) котибиятлари билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), халқаро савдо маркази (ITC) ва халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) биринчи марта жаҳон пахта кунини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги жорий йилнинг 7 октябрь куни Халқаро пахта кунига бағишланган тадбирларни ўтказди. Вазирлик кўргазмалар залида пахта навлари, суғориш ускуналари, ўғит ва уруғлар, енгил ва озиқ-овқат саноатлари маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Вазирлик ҳовлисида эса пахтачилик машинасозлиги,, инновацион техника ва технологиялари намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида «Пахтачиликнинг инновацион ривожланиши: назария ва амалий тамойиллар» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференцияни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев очиб бердилар.
– Пахта етиштириш шу соҳадаги олимлар, мутахассислар, қишлоқ хўжалиги ходимларидан мураккаб ва оғир меҳнатни, чуқур билим ва тажрибани, ерга меҳрни ва энг муҳими, катта фидойиликни талаб қилишини ҳаммамиз яхши биламиз, – деди И.Абдурахмонов. – Бугунги кунда пахтачиликда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда: 122 та пахтачилик-тўқимачилик кластерларида, пахтачилик илмий марказлари ва институтларида пахтанинг янги серҳосил навларини яратиш ишлари олиб борилмоқда, машинасозлик корхоналарида пахтага ишлов берадиган янги инновацион технологияларга асосланган техникалар, ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда. Республикамизда пахтачилик илми ҳам бугунги кунда катта равон йўлда дадил ривожланмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган пахтачилик соҳасидаги умумий қиймати 6,5 млрд сўмлик 11 та инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳам қатор лойиҳалар ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, Халқаро пахта куни муносабати билан соҳа фаҳрийлари ёш олимлар, талабалар ва мактаб ўқувчилари иштирокида «Уч авлод учрашуви» ўтказилди.
Пахтачилик – Ўзбекистон халқ хўжалигининг муҳим соҳаси. Пахта хомашёси, ғўзанинг барглари, поялари, чаноқлари ва чигитидан 100 дан ортиқ маҳсулотлар тайёрланади, яъни ушбу экиндан чиқитсиз тўлиқ фойдаланилади. Жумладан, пахта инсонни кийинтиради, озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат учун қимматли хомашёлар олинади, чорва озуқаси тайёрланади, аҳоли иш жойлари, валюта тушумини таъминлайди ҳамда саноатнинг бошқа кўплаб соҳалари тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, самолётсозлик, мой-бўёқ, қоғоз ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш, мебель саноати ва бошқа соҳалар ривожи ҳам пахтачилик билан бевосита боғлиқдир. Ўзбекистонда пахтачилик тарихи узоқ ўтмишга эга бўлиб, бу ҳудудида истиқомат қилган халқларнинг қадим замонлардан бери пахтачилик билан шуғулланганлиги тарихий маълумотларда қайд этилган.
Унинг тарихи эрамиздан олдинги IV асрга бориб тақалади. Республикамиз ҳудудида пахтачиликнинг кенг миқёсда саноат асосида ривожланиши XIX асрнинг 60-70 йилларидан бошланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 млн. гектар) дунё мамлакатлари орасида олтинчи ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича бўйича (0,8-0,9 млн. тонна) бешинчи-олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Ўзбек пахтасининг шуҳрати жаҳонда тобора юксалиб бораётган экан, бунинг замирида мамлакатимизда пахтачилик тармоғини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, олимлар, соҳа мутасаддилари ва фермер деҳқонларимиз меҳнатининг самаралари мужассамдир.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ ушбу тадбирда янги ишламалар тақдимоти билан иштирок этдилар.